Литий-ионли батареяларнинг ишлаш муддатини узайтиришнинг янги усули топилди

АҚШлик олимлар литий-ионли аккумуляторларнинг хизмат қилиш муддатини сезиларли даражада узайтиришнинг оддий усулини аниқладилар. СЛАК миллий тезлатгич лабораторияси ва Стенфорд университети тадқиқотчилари батарея кимёсини ўзгартирмасдан, ишлаб чиқариш жараёнида катоднинг қиздирилиш тартибини ўзгартириш орқали юқори натижаларга эришиш мумкинлигини исботладилар. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Электромобиллар ва юқори энергия зичлигига эга қурилмаларда қўлланиладиган никелга бой катодлар вақт ўтиши билан микро ёриқлар ҳосил қилади, бу эса батарея сиғимининг пасайишига олиб келади. Олимлар ишлаб чиқариш жараёнида катодни аввал секин, сўнгра тезроқ қиздириш орқали материалнинг ички тузилмасини бир хил ҳолга келтиришга муваффақ бўлишди.
Ушбу усул ёрдамида тайёрланган батареялар 500 та зарядлаш сиклидан сўнг ўзининг дастлабки сиғимини 93 фоизгача сақлаб қолди. Бу кўрсаткич замонавий технологиялар орасида энг юқори натижалардан бири ҳисобланади.
Рентген нурлари таҳлили шуни кўрсатдики, иситиш жараёнининг босқичма-босқич амалга оширилиши заррачалар ичида ғоваклар пайдо бўлишининг олдини олади ва литий бирикмаларининг бир текис тақсимланишини таъминлайди. Мазкур технологиянинг энг катта афзаллиги шундаки, уни мавжуд заводларда ишлаб чиқариш линияларини тубдан ўзгартирмасдан тезда жорий этиш мумкин.
Янги усул нафақат смартфон ва ноутбуклар, балки электромобиллар, маълумотлар марказлари ва йирик энергия сақлаш тизимлари учун ҳам катта истиқболга эга. Бу инновация батареялар таннархини оширмасдан уларнинг чидамлилигини ошириш имконини беради.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!