ЖССТ ҳантавирус бўйича муҳим маълумот берди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳантавирус билан боғлиқ янги маълумотларни эълон қилди. Мутахассислар генетик таҳлиллар ва аввалги намуналар билан солиштириш натижасида ҳозирча вируснинг осонроқ юқиши ёки касалликнинг оғирроқ кечишига сабаб бўлаётган белгилар аниқланмаганини маълум қилди.
ЖССТ эксперти Мария Ван Керкхове таъкидлашича, Ҳантавируснинг Жанубий Америкага хос “Андес” штамми “Hondius MV” круиз кемасига олиб кирилган. Ушбу вирус одатда кемирувчилардан, хусусан уларнинг чиқиндилари ёки чанг таркибидаги заррачалар орқали инсонларга юқади.
Маълумотларга кўра, дастлабки бемор Нидерландия фуқароси бўлиб, у Аргентина ҳудудида кемага чиқишдан аввал зарарланган бўлиши мумкин. У круиз сафаридан олдин қушларни кузатиш жараёнида кемирувчилар билан алоқада бўлгани тахмин қилинмоқда.
Генетик текширувлар қолган ҳолатларда одамдан одамга юқиш эҳтимоли ҳам мавжудлигини кўрсатган. Айни пайтда Нидерландия фуқароси ва унинг рафиқаси вафот этгани, шунингдек яна бир йўловчи ҳам ҳаётдан кўз юмгани қайд этилган.
Умуман олганда, кемада 10 нафар йўловчида вирус аниқланган бўлиб, улардан 8 таси лаборатория текширувларида тасдиқланган. Тахминан 150 киши карантинга олинган, вируснинг яширин даври эса 40 кунгача чўзилиши мумкин.
Мутахассислар фикрича, кўрилаётган чоралар туфайли касаллик тарқалишини тўхтатиш имконияти юқори. Ҳозирда барча алоқалар аниқланиб, зарур карантин тадбирлари амалга оширилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!