17:55 / 15.02.2025
88

Таълим олиш соғлиқ учун фойдали экани исботланди

Таълим олиш соғлиқ учун фойдали экани исботланди
Таълим нафақат муваффақиятли карера қуришга ва кўпроқ даромад олишга ёрдам беради, балки соғлом ҳаёт кечириш калити ҳам ҳисобланади, деб таъкидлади тадқиқот раҳбари Самелин Гримсгор.

“Тромсеундерсокелсен” номли кенг кўламли тадқиқот 1974 йилда бошланган: 50 йилдирки, минглаб норвегияликлар ушбу тажриба доирасида мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтиб келмоқда, таҳлиллар топшириб, олимларга ўз соғлиғи ва турмуш тарзи ҳақидаги маълумотларни бермоқда. 2007 ва 2016 йилларда олинган сўнгги натижалар таҳлили кўрсатишича, қуйи маълумотли одамларнинг соғлиғи олий маълумотли иштирокчиларга нисбатан тезроқ ёмонлашади.

Бой ва камбағал иштирокчиларнинг умр кўриш давомийлиги ҳам бир-биридан фарқ қилади. Масалан, тадқиқотларда 40 ёшдаги бадавлат эркаклар камбағал тенгдошларига қараганда деярли 14 йил кўпроқ умр кўриши аниқланди. Аёлларда бу фарқ кичикроқ, аммо барибир сезиларли бўлиб, тахминан 8,4 йилни ташкил этади.

8 000 дан ортиқ иштирокчиларнинг қон таҳлиллари ва бошқа тиббий кўрсаткичлари ёш ўтиши билан соғлиқ муқаррар равишда ёмонлашишини, аммо маълумоти кам одамларда бу жараён янада тезлашишини тасдиқлади. Бунга сабаблар қаторида олимлар жисмоний фаоллик камлиги, нотўғри овқатланиш ва зарарли одатларни келтирди. Маълум бўлишича, фақат бошланғич мактаб таълимини олган одамлар кўпинча кам ҳаракатли турмуш тарзини олиб боради, уларнинг кўпчилигида ортиқча вазн ва чекишга қарамлик кузатилади.

Шунингдек, иш ва молиявий ҳолат билан боғлиқ стресс ҳам саломатлик ҳолатига таъсир қилади. Етарлича маълумотга эга бўлмаган одамлар кўпинча иқтисодий қийинчиликларга дуч келади, уларнинг муваффақиятли карера қуриш истиқболлари камроқ, кўпинча соғлиқ учун зарарли шароитларда ишлашга мажбур бўлади.

“Тромсоундерсокелсен” — Норвегиядаги энг йирик ва дунёдаги энг машҳур узоқ муддатли тиббий тадқиқотларидан бири. Ўтган 50 йил давомида унда 45 мингдан ортиқ одам иштирок этди. Тадқиқот кенг кўламли соғлиқни сақлаш масалаларини ўз ичига олади. Булар жумласига юрак, ўпка касалликлари, саратон ва қандли диабет пайдо бўлиши ва уларнинг олдини олиш, жисмоний фаоллик ва овқатланиш, қариш ва деменция, руҳий саломатлик каби мавзулар киради.

2025 йилда ушбу тиббий тажрибанинг навбатдаги босқичи ўтказилади, унда 40 ёшдан ошган 37 минг аҳоли иштирок этиши мумкин.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият