date

Бухорода фуқаро 24 дарахтни кесиб, табиатга 190 млн сўм зарар етказди

Бухорода фуқаро 24 дарахтни кесиб, табиатга 190 млн сўм зарар етказди

Бухоро вилоятининг Олот туманида содир бўлган экологик ҳуқуқбузарлик жамоатчиликда катта муҳокамага сабаб бўлди. Вилоят Экология бошқармаси маълумотларига кўра, маҳаллий фуқаро жийда дарахтларини ноқонуний равишда йўқ қилиб, табиатга қарийб 190 миллион сўм миқдорида зарар етказган.

Маълум қилинишича, ҳозирда экологик назоратни кучайтириш мақсадида инспекторлар вилоят бўйлаб тунги ва кундузги рейд тадбирларини ўтказмоқда. Бироқ шунга қарамасдан, “Қиртай” маҳалласи ҳудудида фуқаро Ж.Т. 24 туп жийда дарахтини экскаватор ёрдамида қўпориб ташлагани аниқланган.

Текширув натижасида табиатга етказилган зарар миқдори 189 миллион 520 минг сўм этиб ҳисобланган. Ҳозирда фуқарога нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга юборилган.

Экология идораси ва мутахассислар таъкидлашича, сўнгги йилларда мамлакатда яшил ҳудудларни муҳофаза қилиш ва дарахт кесишни чеклаш бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда. Табиатни асраш нафақат давлат, балки ҳар бир фуқаронинг бурчи экани эслатилди.

Шу билан бирга, аввалроқ Тошкентнинг Яккасарой туманида ҳам шунга ўхшаш ҳолат аниқланган — дарахтлар мораторий талабларига зид равишда кесиб ташланган. Бу ҳолат бўйича мутасаддиларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилган.

Қонунчиликка кўра, дарахт ёки буталарни ноқонуний кесиш ёки шикастлаш учун жавобгарлик белгиланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддасига биноан:

фуқаролар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25–50 баравари (10,3 млн — 20,6 млн сўм) миқдорида;

мансабдор шахслар учун эса 50–75 баравари (20,6 млн — 30,9 млн сўм) миқдорида жарима белгиланган.

Шунингдек, қурилиш ёки реконструкция жараёнларида дарахт ва ўсимликларга қасддан зиён етказиш ҳолатида жавобгарлик янада оғирлашади.

Экологлар таъкидлашича, ҳар бир дарахт — бу табиат нафаси, уни йўқотиш эса бутун экотизимга зарар етказади. Бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун жамоатчиликнинг ҳам фаоллиги муҳим аҳамият касб этади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бухорода фуқаро 24 дарахтни кесиб, табиатга 190 млн сўм зарар етказди