date
views 43

Эркин Абдулаҳатов: Бу ҳафта бизни май учун рекорд даражадаги иссиқ ҳарорат кутмоқда

Эркин Абдулаҳатов: Бу ҳафта бизни май учун рекорд даражадаги иссиқ ҳарорат кутмоқда
14–17 май кунлари Ўзбекистон май ойи кузатувлари тарихидаги энг кучли иссиқлик тўлқини таъсири остида бўлиши прогноз қилинмоқда. Бундан воҳадаги экинлар айниқса кўпроқ стрессга тушади, уларни олдиндан суғориб қўйиш зарар қилмайди, дейди эксперт Эркин Абдулаҳатов. Суҳбатни Агробизнес ассоциацияси раҳбари Камолиддин Икромов олиб борди.

— Шу ҳафта ўрталарида аномал иссиқлик тўлқини кузатилиши мумкинлиги айтилмоқда. Сизнингча, унинг иссиқлик даражаси худди июль ойидаги аномал иссиқлик тўлқинлари кабими?

— Ҳа, худди шундай. Жорий жазирама иссиқлик сабаб айрим кузатув станцияларида ўтмиш май ойларида кузатилмаган иссиқлик рекордлари янгиланиши мумкин. Шу даражадаки, чўлларда, масалан, Навоийнинг Машиқудуқ ҳудудида ҳарорат максимуми +45 даражага етади. Чўлларда жазирама шамол билан бирга кузатилгани боис, гармсел ҳодисаси рўй бериши, у қишлоқ хўжалигида экинлар ривожига таъсир этиши мумкин. Ушбу иссиқлик тўлқини кучи ёз саратонидаги иссиқлик тўлқинидан кам эмас.

Кутилаётган иссиқлик тўлқини Марказий Осиё жануби-шарқида ривожланувчи, кейин Ўзбекистон ва Қозоғистон жанубига таъсир этувчи термик депрессия жараёни билан тавсифланиб, сўнгги 65 йилликда ушбу жараён бизнинг минтақада фақат ёз ойларида кузатилган. Эҳтимол, май ойида биз дастлабки термик депрессия жараёнига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Иссиқлик тўлқини аввал Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятига кучли таъсир қилса, пайшанба-жума кунлари унинг қамрови Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларигача кенгаяди. Жума-шанба кунлари водий аҳолиси ҳам иссиқликдан азият чекиши мумкин.

Жорий аномал иссиқлик тўлқини май ойи, яъни ноодатий даврда кузатилаётгани боис, кечки ва тунги ҳароратда ҳам ҳавода намликнинг бироз ортиши ҳисобига уни ҳис қилиш оғирроқ кечиши мумкин. Воҳадаги экинлар иссиқликдан бошқа ҳудудга қараганда кўпроқ стрессга тушади. Шунинг учун ҳам иссиқлик тўлқинлари кучли таъсиридан олдин уларни суғориб қўйиш зарар қилмайди.

— Ўтган сонлардаги об-ҳаво ва қишлоқ хўжалиги мавзусидаги материаллар остидаги изоҳларда Навоий вилояти Конимех туманида сунъий ёмғир ёғдириш билан боғлиқ технология ҳақида фикр юритишингизни сўрашди. Сизнингча, бу технология асосида ҳақиқатдан ҳам Навоийда ёмғир ёғдими?

— Дунёда кўплаб мамлакатларда бу каби технологиялар асосида сунъий ёмғир ёғдириш ишлари амалга оширилган. Масалан, Хитойнинг шимоли-ғарбий қисмида айнан ўша Навоидаги каби атмосферага ион таъсир кўрсатилиб, 23 фоизгача кўп ёмғир ёғдирилган. БААда эса самолётлар ёрдамида ҳавога худди шундай ион таъсир этилиб, ёғингарчилик 30 фоизгача кўпайтирилишига эришилган.

АҚШнинг Аризона штатида эса бу технология у қадар ўзини оқламаган. Кўп ҳолларда сунъий таъсирдан сўнг ёғинлар прогноз қилингани билан бир хил миқдорда ёғган, бу нол фоиз самара дегани.

Бу каби технологиялар ёрдамида атмосферага таъсир кўрсатиш ва иқтисодий самарадорликка эришиш масаласида миллий об-ҳаво бюролари билан бамаслаҳат иш тутилмоғи лозим.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Эркин Абдулаҳатов: Бу ҳафта бизни май учун рекорд даражадаги иссиқ ҳарорат кутмоқда