
Ўзбекистонда мессенжердан фаол фойдаланадиган кўплаб аҳоли учун хавотирли тенденция кузатилмоқда — Telegram орқали юборилаётган зарарли APK файлларининг кескин кўпайиши кўпчиликни молиявий ва шахсий маълумотларидан айирмоқда. Киберхавфсизлик маркази раҳбариятининг маълум қилишича, фойдаланувчиларнинг 40 фоизи ана шундай файларни очиб, ўз телефонларини фирибгарлар учун очиқ эшикка айлантириб қўймоқда.
Жаҳонгир Сагдуллаевнинг таъкидлашича, фирибгарлар одамларни ишонтириш учун фойдаланадиган усуллар тобора кўпайиб бормоқда. Масалан, «Бу сенинг расмингми?», «Тўйга таклифнома» каби эътиборни тортадиган номлар орқали зарарли файллар тарқатилади. Файл бир марта очилиши билан эса фирибгарлар қурбоннинг телефонидаги контактлар, галерея, хабарлар, банк дастурлари ва шу каби аҳамиятли маълумотларга тўлиқ кириш имкониятига эга бўлади.
Қандай ҳимояланиш мумкин?
Мутахассисларга кўра, Telegram орқали юборилган ва охири «.apk» билан тугайдиган файлларни мутлақо очмаслик лозим — уларни дарҳол ўчириб ташлаш талаб этилади. Шундай файл тасодифан ишга туширилган тақдирда эса тезкор чоралар шошилинч қўлланилиши шарт:
– Телефонни интернетдан узиб, «парвоз режими»га ўтказиш керак;
– «Иловалар» бўлимига кириб, яқин вақтда ўрнатилган ҳар қандай шубҳали дастурни ўчириш;
– Агар фирибгарлар тизимга жуда чуқур кириб олган бўлса, барча маълумотларни хавфсиз жойга сақлаб, телефонни тўлиқ «завод ҳолати»га қайтариш тавсия этилади;
– Телефонга турли тўлов хизматлари уланган бўлса, смс-хабарномаларни вақтинча ўчириб қўйиш муҳим.
Зарарли файлларни автоматик тозаловчи бот ишга туширилди
Киберхавфсизлик маркази томонидан янги @cybershielduz_bot ишга туширилди. Уни гуруҳ ёки каналларга қўшиш орқали ўша жойдаги барча фойдаланувчилар зарарли APK файллардан ҳимоя қилинади. Агар бундай файл юборилса, бот уни автоматик равишда ўчириб ташлайди.
Телеграмдаги фаоллик ошиб бораётгани билан бирга, хавфлар ҳам кучаймоқда. Шу боис мутахассислар фойдаланувчиларни ҳушёр бўлишга, ҳар қандай файлни очишдан олдин унинг манбасини синчиклаб текширишга чақирмоқда. Бугунги рақамли дунёда энг кучли ҳимоя — эҳтиёткорлик экани яна бир бор исботланмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.