Наманган вилояти чорвачилигини ривожлантириш мақсадида Мўғулистондан 730 бош “Баят” наслли қўйлар олиб келинди. Ушбу зот ёғли қўйлар турига мансуб бўлиб, қаттиқ иқлим шароитига юқори даражада мослашганлиги билан ажралиб туради.
Маълумотларга кўра, “Баят” зотининг урғочи қўйлари 35–40 килограмм, қўчқорлари эса 45–50 килограммгача тирик вазнга етади. Бу қўйлар юқори гўшт ва ёғ маҳсулдорлиги билан иқтисодий жиҳатдан самарали ҳисобланади. Мутахассислар фикрига кўра, уларнинг генетик хосса ва маҳсулдорлиги маҳаллий чорвачилик учун катта имкониятлар яратади.
Дастлабки партияда келтирилган 730 бош қўй Наманган вилояти Уйчи туманидаги “Ахси чорва” МЧЖга жойлаштирилди. Кейинги босқичларда уларнинг иқлимга мослашиши, парвариши ва кўпайтириш имкониятлари синчковлик билан ўрганилади.
Умумий лойиҳа доирасида Мўғулистондан 100 минг бош наслли қўй олиб келиш режалаштирилган. Мутахассислар бу ташаббусни чорвачилик соҳасида янги босқич ва импорт-иқлимий инновация сифатида баҳоламоқда. Лойиҳа амалга ошса, маҳаллий бозорда сифатли гўшт ва ёғ маҳсулотлари кўпайиши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!