
Бағрикенглик жамиятда осойишталик, тотувлик ва тараққиётни таъминлашнинг энг муҳим омилларидан бири саналади. Шу маънода ҳам, ҳар бир давлат бағрикенглик ва тотувликни таъминлаш масаласига давлати сиёсатининг энг устувор вазифалари сифатида эътибор қаратади.
Ўзбекистон Республикасида ҳам бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, мамлакатимизда қабул қилинган қонун, Президент фармон ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари асосида мазкур йўналишдаги ҳуқуқий база мустаҳамланган.
Ўзбекистон Республикасида Конституциясида барча фуқароларнинг бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эгалиги, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги қатъий белгилаб қўйилган.
Мамлактанинг бош қонуни бўлмиш Конституциянинг қабул қилинишида ҳам фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечириши, миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик устувор мақсадлардан экани баён этилган.
Бугун Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона оила бўлиб яшамоқда. 2200 дан ортиқ диний ташкилот, 16 та диний конфессия, 157 та миллий маданий марказ, 38 та дўстлик жамияти, хорижда 98 та ватандошлар жамияти фаолият юритмоқда.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзаро меҳр-оқибат, бирдамлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамламоқда. Бу борада давлат бош ислоҳотчи сифатида мамлакатда барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналарининг ҳурмат қилинишини таъминлаб, уларнинг ривожланиши учун зарур шароитни яратган.
Юртимиздаги 2 037 та мактабда таълим 7 тилда, яъни ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида олиб борилмоқда. Теле-радио кўрсатув ва эшиттиришлар 12 тилда эфирга узатилмоқда, 14 тилда газета ва журналлар чоп этилмоқда.
Миллий маданий марказлар фаолияти учун энг кўркам бинолар ажратиб берилган ва бу масканларда мунтазам равишда умуммиллий байрамлар, фестиваллар, концерт ва учрашувлар, таниқли маданият арбобларининг чиқишлари, семинар ва конференциялар ўтказилмоқда.
Бу саъй-ҳаракатлар юртимизда миллатлараро дўстлик мустаҳкамлиги ва барча фуқаролар учун тенг имкониятлар яратилганининг амалдаги исботидир.
Бутун дунёда Халқаро дўстлик куни деб қабул қилинган 30 июль санаси мамлакатимизда Халқлар дўстлиги куни, деб эълон қилинган.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармон ва қарорлари асосида ушбу сана юртимиз бўйлаб кенг байрам қилинади. Давлатимиз раҳбарининг Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табриги эълон қилинади.
Жамиятда дўстлик ва ҳамжиҳатликни, тотувликни мустаҳкамлаш йўлида самарали меҳнат қилаётган инсонлар “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишонлари билан мукофотланиб, дўстлик жамиятлари, маданият уйларнинг бу йўналишдаги фаолияти эътироф этилади.
Шунингдек, мамлакатимизда ҳар йили 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик кунига бағишлаб қатор тадбирлар ўтказиб келинади.
Жумладан, жорий йилнинг 10-15-ноябрь кунлари ҳам мамлакатимиз бўйлаб “Бағрикенглик ҳафталиги” тадбирлари ўтказилиши белгиланган.
Ҳафталик доирасида республикамизнинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳрида турли маданий-маърифий, илмий-амалий байрамона тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган.
Ушбу ҳафталик ва унинг доирасида ўтказиладиган тадбирлар тотувлик ва ҳамжиҳатликка чорловчи эзгу ташаббус намунасидир.
Бағрикенглик – турли бой маданиятларни ҳурмат қилиш, қабул қилиш ва тўғри тушуниш бўлиб, у фақат маънавий бурчгина эмас, балки сиёсий ва ҳуқуқий эҳтиёж ҳамдир. Бағрикенглик – тинчлик маданиятига элтувчи кучдир.
Ўзбекистондаги тинч ва осойишта ҳаёт, халқимизнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги шу юртда қарор топган бағрикенглик мевасидир. Мамлакатимизда амалга оширилаётган бағрикенглик сиёсатининг самарасидир.
Ана шу бағрикенглик барқарор ва бардавом бўлсин!
Абдумуталлиб ЎКТАМОВ,
жумналист.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.