
Машҳур қатарлик тадбиркор ва блогер Холид Ал Бинолий Ўзбекистон туризм брендининг Қатар мамлакатидаги элчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Сертификат унга Qatar Travel Mart 2025 халқаро туризм кўргазмасида топширилди. Ушбу маросим Туризм қўмитаси томонидан ташкил этилиб, форумнинг асосий тадбирларидан бирига айланди.
Маросимда фахрий меҳмон сифатида Қатар тадбиркорлар ассоциацияси раиси ва Al Faisal Holding компанияси асосчиси Шайх Файсал бин Қосим Ал-Тани иштирок этди. Холид Ал Бинолий Қатарнинг энг таниқли таъсирчан шахсларидан бири бўлиб, унинг 5 миллионга яқин обуначиси бор.
У маданий ва спорт лойиҳаларини фаол тарғиб қилиб, Форс кўрфази мамлакатлари ва халқаро ҳамкорлар ўртасида алоқаларни ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда. “Дунё” ахборотига кўра, бу тайинлов Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди.
Жорий йилнинг тўққиз ойида Ўзбекистонга 8,6 миллион хорижлик сайёҳ ташриф буюрди, бу ўтган йилга нисбатан 12,5 фоизга кўпдир. Хусусан, Қатар давлатидан келган сайёҳлар сони 2022 йилга нисбатан 6,2 баробар ошди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.