Қоронғуда тўнғиз деб ўйлаб, дўстини отиб қўйди

Жиззах вилоятида ов пайтида содир бўлган эҳтиётсизлик оғир оқибатларга олиб келди. Мирзачўл тумани ҳудудида шериклар билан чиққан ов сайри инсон ўлими билан якунланди.
Маълум бўлишича, Самарқанд вилояти Иштихон туманида истиқомат қилувчи 31 ёшли Ғ.А. 2025 йил 5 октябрь куни уч нафар таниши билан бирга Жиззах вилоятига йўл олган. Улар Мирзачўл туманига қарашли Гулзор маҳалласи ҳудудида жойлашган дала майдонида ёввойи тўнғиз овлашни режалаштирган. Ов жараёнида иштирокчилар қамишзор орасида турли нуқталарга жойлашиб, беркиниб турган.
Қоронғу тушган вақтда, Ғ.А. беркиниб ўтирган жойига қамишлар орасидан шериги — Ў.М. яқинлашган. Атроф яхши кўринмагани сабабли, овчи уни ёввойи ҳайвон деб гумон қилган ва эҳтиёт чораларига амал қилмасдан ов қуролидан бир маротаба ўқ узган. Отилган ўқ шеригининг бош мия қисмига тегиб, ўта оғир жароҳат етказган.
Жароҳатланган фуқаро зудлик билан шифохонага етказилган бўлса-да, шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, унинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмаган.
Суд жараёнида Ғ.А. айбига тўлиқ иқрор бўлиб, ҳодиса қоронғу вақтда содир бўлгани, марҳум унинг яқин дўсти эканини таъкидлаган. Шунингдек, у икки йилдан бери расмий равишда овчилик билан шуғулланиб келгани маълум қилинган.
Мирзачўл тумани жиноят ишлари бўйича суди қарорiga кўра, Ғ.А. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 102-моддаси 1-қисми — эҳтиётсизлик орқали одам ўлдириш жиноятида айбли деб топилди. Суд ҳукми билан унга 1 йил муддатга ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум этиш, шунингдек, иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Мазкур ҳолат ов пайтида хавфсизлик қоидаларига амал қилиш нақадар муҳим эканини яна бир бор яққол кўрсатди.