
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров депутатлар олдида чиқиш қилди. Бу ҳақда Upl.uz хабар беради.
Вазир дори воситалари учун электрон рецептлар жорий этилиши бўйича танқидларга жавоб берди. Худоёровнинг таъкидлашича, электрон рецептлар дори воситаларининг назоратсиз сотилиши билан боғлиқ муаммолар сабаб жорий этилган.
“Электрон рецептлар бизга ҳатто тушимизда кўрина бошлади. Ушбу тизимни дориларнинг салбий таъсирини олдини олиш учун жорий этдик.
Фақатгина 2025-йилда 24 мингта ҳолатда беморлар шифокор тавсиясиз дори қабул қилгани қайд этилган. Шундан 418 та ҳолатда анафилактик шок, 7017 та ҳолатда эса дори воситаси билан заҳарланиш ҳолати кузатилган.
Фақатгина пойтахтда 741 та шундай ҳолат қайд этилган. Шунингдек, айрим фуқаролар дорилар ёрдамида ўз жонига қасд қилишга уринган ҳолатлар ҳам мавжуд.
Жорий йил давомида 1500 нафар фуқаро дорилар ёрдамида ўз жонига қасд қилишга уринган. Тизим шифокорлар ва фармацевтика компаниялари ўртасидаги коррупция хавфини камайтиришга ёрдам беради.
Электрон рецептда фақат халқаро патентланмаган дори номи кўрсатилади. Клиник протоколларга кўра, электрон рецептга бештагача дори воситаси киритилиши мумкин.
Агар бештадан ортиқ дори керак бўлса, бу консилиум қарори билан асосланиши лозим. Шифокорлар доимий рақамли назорат объекти бўлади.
Шифокорларнинг мақоми ошади. Ташхис ва даволашни шифокор белгилаши керак, фармацевт ёки дорихона эмас.
Электрон рецепт тизими давлат учун илгари мавжуд бўлмаган маълумотлар базасини яратади”, — деди вазир.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.