13:35 / 13.05.2017
8 276

Тошкентдаги норасмий валюта бозорларидан 500 минг доллар мусодара қилинди

Тошкентдаги норасмий валюта бозорларидан 500 минг доллар мусодара қилинди
Тошкентда 2017 йил бошидан буён умумий қиймати 500 минг доллардан ортиқ хориж валютаси ноқонуний айланмадан олиб қўйилди, деб маълум қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти.

"2017 йил бошидан буён департамент ходимлари томонидан 364,5 минг АҚШ доллари, 11,7 минг евро, 663,4 минг Россия рубли, 227,4 минг қозоқ тангаси ҳамда 1,3 миллиард сўмга тенг бошқа хорижий валюталар мусодара қилинди. Мусодара қилинган пулларнинг умумий қиймати 500 минг АҚШ долларидан ошади", — деб хабар қилди Бош прокуратура вакили.

Департамент маълумотига кўра, йил бошидан буён 177 та ноқонуний хорижий валюта сотиш ҳолати қайд этилган. 31 ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган, 146 та ҳолатда маъмурий жазо чоралари кўрилган.

Республика қонунчилигига мувофиқ, валюта қийматларига ноқонуний эгалик қилиш ёки уларни фуқаролар томонидан сотиш қонунан жазоланади – энг кам иш ҳақининг беш бараваригача (МБ курси бўйича 200 доллар атрофида) жаримадан тортиб уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Ўзбекистонда 2013 йил 1 январдан аҳолига эркин конвертациядаги валютани нақд кўринишда сотиш тақиқланган. Жисмоний шахслар хорижий валюта сотиб олиш учун республика тижорат банкларида халқаро Visa ёки MasterCard Exchange тизимларида махсус конверсион пластик карталарни олишлари лозим.

Ўзбекистонда ҳозирда хорижий валютани алмаштиришнинг бир нечта курслари мавжуд. Ўзбекистон Марказий банки белгилаган расмий курс бўйича бир доллар 3734,91 сўмга тенг. Шунингдек, бир доллар 10 минг сўм атрофида белгиланган биржа клиринг курси ҳам мавжуд.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентдаги норасмий валюта бозорларидан 500 минг доллар мусодара қилинди