21:48 / 18.11.2017
23 465

Ямоқчига бораётган қизлар...

Ямоқчига бораётган қизлар...
Бозор дегани ажойиб маскан-да. Бозорни кезиб ҳам шукр қиласан, ҳам фикр қиласан. Ички ишлар ходимлари ва бозор маъмуриятининг “қатағон”ига учраб кўкат, сут-қатиқ, уй нони, хоним ва пишириқлар солинган зилдай оғир халталарни кўтариб ҳар томонга қочаётган аёлларни кўриб юрагинг увишади. Онаси пишириб берган хонимни сотиш учун мактабдан келасолиб тоғора солинган эски аравачани судраётган, болалиги эрта ўғирланган болакайни кўриб аҳволингиздан уяласиз. Тўрттагина гулкарам кўтариб бозорга тушган кекса отахонлар, даладан ялпиз териб сотгани олиб чиққан, ўтган-кетганга музтар термулаётган онахонларга қараб эзиласан. Тирикчиликнинг тошдан қаттиқ юкини ортмоқлаб ўзини ҳар ёнга ураётган кишилар орасида ўзинг ҳам борлигингни ўйлаб хомушланасан, алам билан жилмаясан. Сўнг тешиги тўлмас рўзғор учун харид қилганларингни кўтариб бекатга келасан. Бошингда минг битта ўй, минг бир хаёл. Жисмингда икки руҳ жанжали...

Хуллас, йўналишли такси деразасига бошимни тираб хаёлга чўмиб келаётгандим. Бир бекатда автоуловнинг силкиниб тўхтаганидан сергак тортдим. Эгнидаги кийим-бошидан ўрис миллатига мансуб деб ўйлаганим икки қиздан бири ўзбек тилида ҳайдовчидан Чирчиқ шаҳрига бориш учун қаердан, қандай автоуловга ўтириш кераклигини сўради. Ҳайдовчи уларнинг саволига жавоб бериб, айнан шу бекатда тушиб қолиб, бошқа транспортга ўтиришлари мумкинлигини тушунтирганди, қизлар эгилиб-сузилиб маршрутдан тушишди. Аниқки, ҳамманинг нигоҳи қизларнинг йиртиқ шими ва белига аранг етган кофтаси кўтарилиб, оппоқ бадани кўринганига қаратилганди...
  • Булар ямоқчига кетяпти,- деди ҳайдовчи уловни ўт олдира туриб.- Бечораларнинг шими йиртилиб, ҳамма ёғи элга томоша бўлиб қолибди, шунга ямоқчига кетишяпти, яматгани...

Йўловчилар “гуурр” этиб кулиб юборди. Ўзи кўнглимга кулгу тугул, жилмайиш сиғмас аҳволда бозордан қайтаётгандим. Ҳайдовчи ва йўловчиларнинг кулгусига ғашланиб, йиртиқ шим кийган қизларни, уларнинг онасини кўз олдимга келтиришга уриндим...

Ўзбек қизларининг бугунги қиёфаси ва аҳволи. Ҳатто айрими ғарб давлатларида ҳам бугун биз қизларимизга индамай кийдираётган кийимларни қизлар жамоат жойида, кундаликка кийишмайди. Кийим атрофдагиларга инсоннинг кимлигини, ақл –фаросати, маънавий даражасининг нечоғлилигини кўрсатади. Майли, бу гаплар бизгача кўп айтилган ва биздан кейин ҳам кўп такрорланади. Каминани бошқа дард оғринтирди: қизлари эл-халққа майна бўлиб юрган оналарнинг ахлоқию, маънавий олами қай аҳволда экан?..

Ҳомила қиз бўлса тўлғоғи аччиқ бўлади, дейди момоларимиз. Қиз болани дунёга келтириш, тарбиялаш, иззат-обрў билан бир хонадонга узатиш, тиниб-тинчишини кўриш... Қиз фарзанди бор ота-онанинг йўли жуда машаққатли. Балки, Пайғамбар (сав) шу машаққатларни назарда тутиб қиз фарзандни дунёга келтириб, тарбиялаган инсонга жаннатни муҳаққақ кўриб, дуо қилганмидилар?

ҲИКМАТ

Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади
“Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Кимнинг учта қизи бўлса, уларга одоб берса, меҳрли бўлса ва кафолатини олган бўлса, албатта, унга жаннат вожиб бўлади”, – дедилар.

“Ё Росулалулоҳ! Агар иккита бўлса ҳамми?” -дейишди.
“Иккита бўлса ҳам, – дедилар.
Қавмдан баъзиси “Битта бўлса-чи?” дейилганда, “Битта бўлса ҳам”, дердилар”.

Қизнинг юки оғир
Қиз фарзанди борнинг юки оғир. Нега? Чунки у бўлажак она тарбиялайди. Қиз фарзанди бор оила миллат давомчиси ва тарбиячисини етиштириб беради. Шунинг учун қиз фарзанди бор ота-онанинг масъулияти оғир. Афсуски, буни кўпчилик тушунмайди. Ҳис қилмайди. Боя автоуловдан тушиб кетган шими йиртиқ қизларнинг аҳволига уларни айбдор қилмайман. Ўн беш- ўн етти яшар қизнинг фаросати, дунёқараши қандай бўлади? Боз устига унинг ҳозирги ҳолати кўзига чиройли кўринган кийимни кийиш, атрофдагиларга гўзал кўриниб, ҳамманинг эътиборини ўзига қаратишни истайди. “Ўн етти ёш қиз бола бўлмайди, момоларимиз ўн беш ёшда эрга тегиб, ўн еттида бола қучганлар” деб эътироз билдирмоқчисиз. Ва ҳақсиз. Маъқуллайман, ўн етти яшар қиз бола эмас. Аммо унга болалигидан қиз болага, аёлга хос назокат ва одобдан сабоқ берилмаган. Бу унинг айби эмас, аксинча, кунда кунора “гап”у зиёфатларда юрадиган, ўй-хаёли қизини бадавлатроқ жойга узатиш учун қиммат сарпо-сеплар йиғиш дардида оввора бўлган онасининг нуқсони. Қиз боланинг тарбияси эса интернет, ҳар хил бемаъни хориж сериаллари ва тайин-туруғи йўқ ашулачиларнинг қўшиқ-клипларига “ишониб” топширилган...

ҲИКМАТ
Оиша (р.а) дан ривоят қилинади:
“Ҳузуримга бир аёл кирди. У билан иккита қизи ҳам бор эди. Менинг олдимда битта ҳурмодан бошқа ҳеч нарса топмади. Бас, уни аёлга тутдим. У олиб қизларига тақсимлаб берди. Ўзи ҳеч нарса емади. Кейин туриб, чиқиб кетди. Кейин Набий (сав) ҳузуримга кирдилар. Мен у зотга хабарни айтдим. Бас, у зот: “Ким мана шу қизлар ила Аллоҳнинг синовига учраса, улар унинг учун дўзахдан парда бўлади”,-дедилар”.

Демак, қизларга бўлган иззат–эҳтиром, уларнинг нафақаси, қорнини тўйдириб, устини бут қилиш жуда катта савоб ҳамда охиратдаги буюк бир мақом, жаннатдан жой олиш, дўзахдан пардаланишга сабаб бўладиган ишлар экан. Аммо бу ҳадисни фақат бир ёқлама тушуниш, яъни қиз болани яхши таъминлаш ва қорнини тўйғазишнинг ўзинигина вожиб амал деб ҳисоблаш оқил кишининг иши эмас. Моддий таъминот ўз йўлига, қизларни аввало маънавий жиҳатдан рисоладагидек таъминлаб қўйиш лозим. Яъни, ота-она қизига яхши тарбия бериб, одоб-ахлоқ ўргатиши, оқ-қорани, яхши ёмонни ажратишни уқтириши керак. Таассуфки, бугуннинг айрим ота-оналари ўзи тарбияга муҳтож. Она ўзи йиртиқ, тор шим, калта-култа кўйлак кийса, онанинг ўзида фаҳму фаросат бўлмаса қизига қаердан ўргатсин?!..

Ўсмирлик чоғларимизни эслайман. Балоғатга етиб, ота-онамиз зимдан бўй- бастимизга тикилиб, бир-бирларига мамнун кўз уриштирган чоғлар ёзнинг жазирамасида ҳам эгнимизга енгилгина нимча кийиб олардик. Бу ўгитни онамиз қулоғимизга қуйган, қиз боланинг нозик, кўзга яқин танаси атрофдагиларнинг ёмон назарига нишон бўлиши яхшиликка эмаслиги уқтирилганди. Йиртиқ кийимларни очиқ-ошкора кийиш нари турсин, ошхонада ишлатиладиган пешбоғимизнинг бир-ярим жойи сўтилса онамиз хижолат ва уятдан лабларини тишлаб:
  • Қиз бола йиртиқ кийимларда юриши уят!- деб койирдилар. Бу биз ўсмир бўлган даврлар яъни ўн беш-йигирма йил олдинги ҳолат эди. Бугун эса қизлар йиртиқ шимларда танасини кўз-кўз қилиб юришни “маданият” билан нисбатламоқдалар.

Дарвоқеъ, кундан кунга сони ошиб бораётган ажрашишлар, оилавий низолар, инжиқ қайноналар, ахлоқсиз қиз-аёлларнинг кўпаётгани шу тийиқсиз “маданият” билан боғлиқ эмасмикан, нима дейсиз?

P/S: Қиз бола тарбияси, қиз фарзандга муносабат, қизларнинг кийиниши, юриш-туриши каби мавзуларда оби-тоби ўрнида мулоҳазалар кўп бора таъкидланган. Каминанинг фикрлари йўлдаги ўйлар эди...
Умида АДИЗОВА

Манба: Erk.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ямоқчига бораётган қизлар...