Ўзбекистоннинг қўшнилар билан муносабатларни йўлга қўйиш ва яхшилаш бўйича саъй-ҳаракатлари Марказий Осиёнинг халқаро аренадаги таъсирини анча жиддий ошириши мумкин.
The Nikkei таҳлилий нашри Uzbek push for stronger ties may change face of Central Asia мақоласида ёзишича, президент Шавкат Мирзиёев Самарқандда яқинда ўтказилган конференцияда Марказий Осиёнинг беш давлати ўртасида олий даражада минтақавий учрашувларни мунтазам равишда ўтказишни таклиф қилди. Собиқ президент Ислом Каримовнинг ўлимидан бир йил ўтиб минтақавий алоқаларни мустаҳкамлаш ва бундай ҳамкорликда етакчи ролни ўйнаш борасидаги ҳаракатлар жиддий дипломатик ўзгаришдан дарак беради.
Марказий Осиёнинг тўртта бошқа давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчилари мунтазам минтақавий учрашувлар ўтказишга рози бўлишди, ҳамда энг биринчиси келаси йилдаёқ бўлиб ўтиши мумкин. У Марказий Осиё давлатлари ўртасида Хитой ёки Россиянинг иштирокисиз минтақавий муаммоларни муҳокама қилиш учун биринчи саммит бўлади.
Ўзбекистонни чорак аср давомида бошқарган Ислом Каримов бошқа иқтисодиётлар билан қалин муносабатлар ўрнатишга жуда эҳтиёткорлик билан қараган. Тошкент Қирғизистон ва Тожикистон билан чегара ҳамда сув ресурслари муаммолари бўйича бир неча бора баҳсга киришган. Бироқ ўтган йилнинг декабрида сайланган Мирзиёев, афтидан, қўшнилар билан алоқаларни тиклашни ўзининг бош вазифаси деб ҳисоблайди.
Мирзиёев лавозимига киришганидан сўнг Туркманистон ва Қозоғистонга ташриф буюрди. Сентябр ойида у сўнгги 17 йил давомида Қирғизистонга илк бор президентлик ташрифини амалга оширди ва ҳамкасби Алмазбек Атамбоев билан музокаралар ўтказди. Мирзиёев Тожикистон билан ҳам яқинлашишга уринмоқда.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов қўшни давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш хавфсизлик ва чегара низоларини ҳал қилишда, шунингдек, минтақада транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга кўмаклашиш учун муҳим эканлигини айтиб ўтди. Марказий Осиё мамлакати, афтидан, хорижий сармояларни жалб қилишга ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга ёрдам берадиган муҳитни яратишдан манфаатдор. Ҳозир Ўзбекистон ўз иқтисодиётини модернизация қилишга интилмоқда ва яқинда валюта тизимини эркинлаштирди.
Хитойнинг «Бир камар – бир йўл» ташаббуси Ўзбекистон учун истиқболли имкониятни тақдим этиб, мамлакатга ўз қўшнилари билан тегишли инфратузилма тармоқларини ривожлантириш учун алоқаларни кенгайтиришга туртки берди.
Мирзиёев, шунингдек, инсон ҳуқуқларининг бузилиши масаласи бўйича ўз мамлакатининг халқаро обрўсини яхшилашга ва Ғарб иқтисодиётлари билан муносабатларни тиклашга интилмоқда. Европа мамлакатларидан бўлган дипломатлар Ўзбекистондаги ўзгаришларни бутун минтақада барқарорликнинг ижобий белгиси сифатида кутиб олишди, гарчи демократлаштириш ва либераллаштиришга қаратилган бўлажак саъй-ҳаракатлар ноаниқ бўлиб қолмоқда.
Лавозимини эгаллаганидан бери, президент Россия, Хитой, сентябрда эса - АҚШга ташриф буюрди. Унинг маълум бир давлат ёки минтақага таянмаган ҳолда, улкан давлатлар билан алоқаларни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатлари мустақилликни асраб-авайлашга асосланган аниқ стратегиясини кўрсатади.
The Nikkei билан суҳбатда ташқи ишлар вазири Комилов Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига қўшилиш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақидаги тахминларни инкор этди. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Шолц «тез орада» Путин билан гаплашишга тайёрлигини маълум қилди
Трамп АҚШ бош прокурори лавозимига конгрессмен Гетц номзодини илгари сурди
Реваншда ғалаба қозониш учун Тайсон Фьюрига нима керак?
1 декабрдан ичимлик ва оқова сув учун тўлов фақат электрон шаклда амалга оширилади