date

Яя Туре Гвардиола билан азалги зиддиятларни очиқ қилди

Яя Туре Гвардиола билан азалги зиддиятларни очиқ қилди

«Барселона» ва «Манчестер Сити»нинг собиқ юлдуз яримҳимоячиси Яя Туре яқинда қилган чиқишида Пеп Гвардиолага нисбатан шахсий муносабатлари, ўтмишдаги оғир мулоқотлар ва ўзи учун оғриқли бўлган қарорларни очиқ тилга олди. Унинг гапларидан маълум бўлишича, 2007–2010 йиллардаги каталонияликлар сафидаги давр нафақат спорт, балки инсоний муносабатлар нуқтаи назаридан ҳам ўта қийин кечган.

Ивуарлик футболчининг айтишича, Гвардиола унга ўша йилларда отаси ҳам «Барса»да ўйнаган испаниялик футболчини — яъни аслида Серхио Бускетсни — унинг ўрнида кўришни хоҳлаганини яширмаган. Туре бу гапларни эслар экан, Пепга ўша пайтданоқ нисбатан совуқ муносабат шаклланганини айтади.

Туренинг таъкидлашича, 2010 йил ёзида Гвардиола унга қўнғироқ қилиб, жамоада қолишини сўраган. Аммо Яя бу таклифни жиддий қабул қилмаган. Сабаби — мавсум давомида унга етарли ишонч берилмаган, ўйин амалиёти чекланган, фалсафаси мос келмаган. У ўз сўзида ўша пайтда рафиқасининг кескин маслаҳатини ҳам эслаб ўтди:
«Хотиним менга: “У киши бутун мавсум сени камситди, энди эса қол деяптими? Биз Манчестерга кетамиз”, — деган. У ҳатто Пепни ёмон одам деб ҳисобларди».

Яя Туре интервью давомида бирор маротаба Гвардиоланинг исмини тилга олмагани ҳам диққатга сазовор. Шунга қарамай, унинг ҳар бир жумласидан иккиси ўртасидаги муносабатнинг ҳеч қачон илиқ бўлмагани яққол сезилиб туради.

Маълумки, 2009/10 мавсумда Туре «Барселона»да 37 та ўйинда иштирок этди. Шундан сўнг у «Манчестер Сити»га йўл олди ва унда Гвардиола 2016 йилда мураббий сифатида қайтиб келганида, Яя яна икки мавсум Пеп қўл остида тўп тепишга мажбур бўлди. 2018 йилда эса у жамоани тарк этди.

Яя Туренинг бу гаплари футбол жамоатчилиги орасида катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Чунки у Пеп Гвардиоланинг замонавий футболдаги энг муваффақиятли мураббийлардан бири эканини инкор қилмаган ҳолда, инсон сифатида унга бўлган шахсий эътирозларини очиқ баён қилди.

Футбол оламида эса бир ҳақиқат доимо ўринли: юлдузлар майдонда жамоа бўлса-да, инсон сифатида ўз ҳиссиётлари, дарди ва фикрлари билан яшаётган шахслардир.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Яя Туре Гвардиола билан азалги зиддиятларни очиқ қилди