Мардикор аёлларнинг пароль сўзлари "Ойна ювиш". "Чорсу" бозори яқинидаги қора меҳнат, тозалаш ишларини таклиф қилувчи аёлларга ишингиз тушса, ушбу сўзларни айтиш лозим. Акс ҳолда бошқа "иш" турини таклиф қилувчи аёлларга йўлиқишингиз мумкин.
Уларнинг ҳам ўзига хос пароль сўзлари бор - "соатига неча пул берасиз?".
"Чорсу" бозорида ёлланиб ишловчи тозаловчи аёлларнинг бир кунлик иш ҳақлари 50-60 мингдан бошланади, савдолашиб 30 минггача тушириш мумкин. Аммо, байрам кунлари арафасида уларни тополмайсиз. Чунки, сиздан аввал уларни милиция ходимлари йўқлаган бўлади.
Тошкентдан чиқаверишдаги Келес кўприги яқинида эса каттароқ мардикор бозор бор. У ерда аёл ишчилар нисбатан кўпроқ. Милиция ходимлари уларни ҳам тез-тез йўқлаб туради.
"Милиция ходими тунда уйимизга ошиб тушди. Биз турли вилоятдан келган аёллар - 12 киши, шу Келес шаҳридаги хонадонда кунига 10 мингдан тўлаб ижарада турамиз. Кундуз куни Келес мости яқинидаги майдонда мардикор бозорга чиқамиз. Тирикчилик, начора. Эркаги йўқ уйга бостириб кирган икки нафар милиция ходимлари биздан пул талаб қилишди. Пропискамиз йўқлиги сабаб, агар ҳозироқ жарима тўламасак, ҳаммамизни судга олиб кетиши кераклигини айтди. Аёллар йиғилишиб пул йиғиб бердик, 380 минг. Бори шу, дедик. Ўзи сенларнинг кечки соат саккиздан кейин бировни уйига ошиб тушишга ҳаққинг борми, деб уларни ҳайдашга уриндик. Лекин, у бизни калтаклаш билан қўрқитди. Тўғри-да, тунда аёллар яшайдиган уйга ошиб тушишга ҳаққи йўқ-ку?"
Бу совуқда қалтираб, мардикор бозорда иш истаб турган ўрта ёшли аёлнинг менга айтганлари.
Келес кўприги остида ҳар куни 20-30 нафарга яқин аёллар мардикорлик қилгани чиқадилар. Бир кунда ўнга яқин аёллар иш топиб озроқ пул топишга эришади. Қолганлар эса яна эртасидан умид қилади.
Қанчалик қўпол бўлмасин, уларни шундай аташади. Мардикор аёллар. Келес кўпригига тўпланган бу заифалар орасида иш излаб, Ўзбекистоннинг турли вилоятидан келган турли ёшдаги хотин-қизлар бор. Қўлидан келганча ҳар-қандай меҳнатни қилишга тайёр бу ожизаларнинг ҳаёти осонмас.
Аксари Келесдаги газ ва электрдан мосуво, совуқ уйларда кўпчилик бўлиб бир хонадонни ижарага олиб яшайдилар.
Сирдарёдан келган аёл йўлкираси учун ҳафтасига 30 минг сўм тўлаши, ижара пуллари ва яна прописка масаласи билан қўлга тушиб қолса, 350 минггача жарима тўлаши ҳақида ҳикоя қилади.
"Сирдарёликман. Ўқимаганман, менга ўзимизнинг тарафларда иш йўқ. Фаррош бўлиб, касалхонага ишга кирмоқчи эдим. "Жой йўқ", дейишди. Фаррошлик учун ҳам озгина пул қистириб кейин ишга кирилади. Харажатини бераман, дедим. Одам бор кимдир бўшашини ёки декретга кетишини кутинг дейишди. Қандоқ қилай? Иш топилгунча, ошқозонимизни боғлаб тура олмаймиз-ку. Учта болам бор, уларни боқишимиз керак.
Буни устига болаларимнинг иссиқ-совуғига пул жўнатиб турганимда, мелисалар ризқимизни қирқишига нима дейсиз?"
Аёллар тўпланган жойга Матиз машинаси яқинлашди. У тўхтар-тўхтамас, унга 10 нафарга яқин аёл ёпирилди.
"Ҳар қандай иш қўлимдан келади, чопиқ қилиш, картошка ковлаш, уй тозалаш, бир маҳал овқат билан озроқ пул берсангиз бўлди."
Аввалига 50 минг сўмдан савдолашишни бошлаган аёл мижознинг 15 минг сўмига кўниб машинага ўтириб кетди.
Унга қўшилиб ўз меҳнатини таклиф қилаётганлар ҳафсаласи пир бўлганча қолаверишди.
Эски-туски кийимда йўл четида иш истаб, кун қорайгунча тик оёқда турган аёлларнинг дарди бир - пул топиш, оила боқиш. Аёлларнинг айтишича, уларнинг ҳолидан жаримачи милиционерлардан бошқа ҳеч ким хабар олмайди. Уларга ёрдам берилмайди, мардикор аёлларга қарши фақат курашилади. У ҳам бўлса жарима йўли билан.
Умуман олганда, улар нима учун жаримага тортилади? Бунга милиция ходимларининг ҳаққи борми?
Тегишли идоралардан олган маълумотларимизга кўра, Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасида "Паспорт тизимини қоидаларини бузиш" назарда тутилади. Мазкур моддага кўра турган жойида вақтинчалик пропискада турмаган шахсларни энг кам иш ҳақининг 5 бараваригача жаримага тортиш мумкин. Агар, бу ҳолат бир йил ичида такрорланса, жарима энг кам иш ҳақининг 15 бараваригача бориши кўзда тутилади.
Шунингдек, тунда уйга ошиб тушишга милиция ходимининг ҳаққи бор. Агарда, ўша худуд унинг ваколати ва назорати остида бўлса ва уй ичидагилар шубҳали бўлиб эшик тақиллатишларига жавоб берилмаса, милиция ходими эшикни бузишга ё девордан ошиб тушишга мажбур бўлиши мумкин.
Милиция ходимларининг бу ҳаракатларини қонун тарафлама оқлаш ва тушунтириш мумкин. Шубҳали туюлган уйда уюшган жиноятчилик ёки террорчилик хавфи, иситиш тизимларидан ноқонуний фойдаланиш каби қонунбузарликлар кузатилиб турилади.
Бироқ, оддийгина иш излаб келувчи аёллар нима қилсин? Улар ҳавас учун эмас, нон топиш учун бу каби вазиятга тушмоқдалар.
Қора ишга ёлланувчи аёллар меҳнат билан пул топиш илинжидалар. Уларнинг амали жиноятми?
"Тунов куни ҳаммамизни олиб бориб қамади. Жарима тўлашга бир тийин ҳам пулим йўқ, деб тилхат хат ёзиб бердим-да, нима қилсанг қил, дедим. Бизга паст назар билан қараганлари етмаганидек. Яна мелисалар судга обориб жарима талаб қиладилар. Тушунмайман, нима учун бизни судга олиб боришади. Нима биз жиноят қилдикми? Ана, фоҳишаларни ушлашсин. Оила боқаман деб, аёл бошимиз билан қора меҳнат қилиб юрибмиз. Ҳалол меҳнат қиляпмиз. Қонун бузаётган бўлсак, бизга шароит яратиб беришсин, уйларимиз ёнида иш ўринларини топиб беришсин. Туманимда иш бўлса, йўлкира, ижара пул қилиб шу ерга келиб яшашга орзуманд бўлармидик?"
"Мен Фарғонадан келганман. Уйимга яқин жойда иш бўлса, бола-чақамни ташлаб бу ерга келиб менга нима зарур эди. Бунинг устига иккинчи даражали саратон касалим бор. Қорин тўйғизишга зўрға пул топяпман, дориларга пул қайда дейсиз? Фарғонага бориб, қайтишим учун йўлкиранинг ўзига деярли бир ой ишлашим керак. Бир ойда 400 мингга яқин пул жўнатаман."
Мардикор бозорга тўпланган ўттизга яқин аёлнинг ўттиз xил аччиқ ҳаётий ҳикояси бор. Бу ҳикоялар минбарларда туриб нозик жинс вакилларига ўқилган мадҳиялардан нақадар узоқ. Аёлларга атаб шеър ўқилади, қўшиқ куйланади, бироқ, жамиятимиздаги шундай мардикор аёлларнинг дарди четда қолиб кетади.
Албатта, мардикорга айланаётган аёлларнинг муаммосига ечим излашдан кўра, минбарларда уларга атаб шеър ўқиш қулайроқ-да.
Анора Содиқова
Манба: Dia.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда