-Бу воқеага анча йиллар бўлиб кетди, — дея ҳикоя қилади наманганлик Абдурауф ака Ибодов. –Ёшликда берган кўнгил, айрилмас бало экан, деб бежизга айтишмас экан. Менда ҳам шундай бўлган.
Болалигимдан хонанда бўлишни орзу қилардим. Мактабда ўқиб юрган кезларим, мусиқа тўгарагига қатнаб, рубоб чалишни ўрганганман. Мактабдаги тадбирларда рубоб чалиб, қўшиқ куйлаб юрардим. Овозим ширали, қобилиятим ҳам бор эди. Аммо отам санъаткор бўлишимга қарши бўлганлар.
Шунинг учун ам орзуларимдан воз кечиб, Тошкент Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университет)нинг тарих факультетига ўқишга кирдим.
Курсдошларим билан тезда иноқлашиб кетдик. Гуруҳимизда бухоролик Нигора исмли бир қиз ўқирди. Соҳибжамол бўлмаса-да, истарали, ёқимтойгина қиз эди. Уни бир кўришдаёқ ёқтириб қолдим.
Талабалик йилларимиз жуда мароқли ўтарди. Байрамлар пул йиғиб, бирортамизникида зиёфат уюштирардик. Бундай кечаларга мен албатта, рубобимни кўтариб борар ва Нигоранинг эътиборини тортиш учун ҳам қўшиқ куйлардим. Шундай берилиб, юракдан куйлардимки, дўстларим бу нолалар кимга аталганини билишар ва “бале-бале” деб қўйишарди. Сезардим, қўшиқларим Нигорага ҳам ёқарди. Аммо куйлаётганимда нигоҳини ердан узмай, маъюс, хаёлга толиб ўтирарди. Кейин билсам, уни амакисининг ўғлига унаштириб қўйишган экан…
Хуллас, тақдирларимиз айро экан. Ўқишни битиргач, у Бухорога, мен эса уйимга, Наманганга йўл олдим.
Кунларнинг бирида уч-тўрт нафар наманганлик курсдош дўстларимни уйга таклиф қилмоқчи бўлдим. Ўша куни туғилган куним — 10 апрель эди. Аммо дўстларимни хижолат қилмаслик учун таваллуд куним эканини айтмадим.
Алламаҳалгача гурунглашиб ўтирдик. Шунда дўстим Комил девордаги гилам устида осиғлиқ турган рубобни кўриб, талабалик йилларимизни эслади.
-Ўша даврларни бир эсламаймизми, жўра! – деди у. –Қани, битта қўшиқ бўлсин!
Мен рубобни қўлимга олиб ҳам улгурмадим. Тўсатдан унинг торлари “чирс-чирс” этиб узилиб кетса бўладими?! Ҳаммамиз ҳайрон қолдик. Шу куни рубобсиз, ликобчани чертиб қўшиқ айтишимга тўғри келди.
Орадан йиллар ўтди, тақдирга тан бериб, мен ҳам оилали бўлдим. Шундай кунларнинг бирида Наманган кўчаларида мутлақо тасодифан Нигорани учратиб қолсам бўладими?! У вилоятимизга иш билан келган экан. У ёқ-бу ёқдан гаплашдик, оилаларимиз билан қизиқдик. Шунда у:
-Рубоб чалиб турибсизми? Қўшиқ айтишни ташлаб юбормадингизми? — деб сўради.
Мен унга курсдошлар уйга келган куни рубобимнинг торлари ўз-ўзидан узилиб кетганини айтдим.
-Йўғ-э, ростданми, қачон?…
-10 апрелда туғилган куним эди шу куни! — дедим. Нигора бир зум тек қолди. Кўзлари ҳайратдан катта-катта очилиб кетди.
-10 апрель дедингизми? – қайта сўради у. –Қарангки, айнан шу куни менинг тўйим бўлганди! – деди Нигора ҳаяжонини босолмай.
Буни гапни эшитгач, қанчалар ажабланганимни билсангиз эди. Бир пайтлар буюмларда ҳам “хотира” бўлиши мумкинлиги ҳақида эшитгандим. Демак, ўша йиллардаги барча изтиробларим, ҳаяжонларим рубобимнинг хотирасига жо бўлган экан-да. Ўртамиздаги ришталар узилган кунни, гўё менга англатмоқчи бўлгандай, рубобимнинг симлари чирсиллаб узилиб кетган эди.
Дунёнинг биз билган ва билмаган синоатлари кўп экан…
Мавлуда ИБРОҲИМОВА ёзиб олди.
Манба: mulohaza.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)