13:30 / 23.01.2018
10 573

Каримов даврида сиёсатга келган илк журналист аёл. Уни такдири нима бўлганди?

Каримов даврида сиёсатга келган илк журналист аёл. Уни такдири нима бўлганди?
Ўз вақтида таниқли ва машҳур бўлган, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг матбуот котиби сифатида фаолият юритган Лола Ҳотамова бу ҳақда интервью берди. Лола Ҳотамова ҳозир АҚШда истиқомат қилмоқда.

-Сиз ҳозир нега Америкадасиз, келинг суҳбатни шундан бошласак.
-Сизга сир эмаски, 90- йиллар нафақат Ўзбекистон балки МДҲ давлатларининг барчасидаги фуқаролар учун оғир пайтлар эди. Мени севимли касбимдан узоқлаштиришиб телевидениега яқинлаштирмай қўйишганидан сўнг мен бошқа ишлар билан шуғулланишга қарор қилдим. Шунда менда Америкага кўчиш истаги пайдо бўлди. Менга 2000 йилда 4 йиллик Америка визасини беришди. Катта қизим олий ўқув юртининг роман-герман филологиясини тугатгани учун у ҳам виза олишга муваффақ бўлди. Шундай қилиб қизим иккаламиз Америкага келдик. Бошида мен бу ерга келиб-кетиб турдим, қизим эса Америкада турмушга чиқди. Аста-секин мен бу мамлакатга ўргана бошладим. Аммо мен ҳали ҳамон Ўзбекистон фуқаросиман.

- Демак сиз Ўзбекистонга бориб турасиз?

-Албатта. Ўзбекистон менинг ватаним ахир.

-Охирги марта қачон ватанингизга бордингиз?
- Ўтган йилнинг октябр ойида. Кичик укам икки ўғлини бирваракай уйлантирди. Синглим қизини турмушга берди. Улар мени тўйга таклиф қилишди.

-Бир оз олдин сиз 90-йиллар оғир бўлганлигини ва сизни севимли ишингиздан четлатишганини айтдингиз. Лола Ҳотамова 80-йиллар телевидениесининг юлдузи бўлган. Нима сабабдан ишдан четлаштиришди сизни?
-Мен ўзим ҳам охирги 25 йил ичида фақат шу ҳақида ўйлайман, сабабларни таҳлил қиламан. Мен етарлича омадли телерадиожурналист эдим. Аввал Шарқшунослик факультетида таълим олиб, бир неча тилларни ўргандим. 8 ёшимдан ҳинд тилини ўрганиб, Ҳиндистонда ўқидим. Буларнинг бари карьерамда муҳим роль ўйнади.
1990- йилнинг ёзида тошкентга Хиндистоннинг ўша пайтдаги Бош вазири Нарасимха Рао расмий ташриф билан келди, ва мен ундан интервю олдим.
Аммо олдинига меҳмонлар интервью беришга рози бўлишмади. Бунга ҳатто Бош вазирнинг ёрдамчиси ҳам қаршилик билдирди.
Аммо мен уларга интервюни инглиз тилида эмас, балки ҳинд тилида олишимни айтдим. Улар мендан ҳайрат билан “Ҳинд тилини биласизми ?” дея сўрашди. Ва шундан сўнггина суҳбатга рози бўлишди.
Мен Ҳиндистон Бош вазиридан 15 дақиқали интервю олдим. Суҳбат жараёнида Ислом Каримов ва Шукрулло Мирсаидов (собиқ Бош вазир) ҳам бор эди.
Меҳмонлар кетишганидан сўнг Ислом Каримов мени ўз хонасига таклиф қилиб, “Ҳинд тилида бунчалар яҳши гаплашишни қаердан ўргангансиз?” дея сўради. Шундан сўнг мен унга тилни мактабда, университетда ва Ҳиндистоннинг ўзида ўрганганимни айтиб бердим.
Шунда Каримов “Бундай билим билан телевидениеда нима қилиб юрибсиз?” деди.
Мен ҳайрон бўлиб қолдим. Бу суҳбатдан сўнг орадан уч ой ўтиб, Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси матбуот хизмати бўлими раҳбари лавозимини таклиф қилишди..
Мен уларга ижод одами эканимни, теливидениеда ишлаш менга ёқишини тушунтирдим. Улар эса мен ярим ставка телевидениеда қолишим мукинлигини тушнунтиришди.
Мен рози бўлдим. Ҳар ҳафта сиёсий кўрсатувлар тайёрладим. 1990-йил декабрда Совминнинг Кенгаши бўлди ва матбуот хизматини президент қабулхонаси бошқарувига ўтказишди. Шу дақиқадан бошлаб менинг лавозимим «президент матбуот котиби маслаҳатчиси» деб атала бошланди. Ҳаммаси 1991йил апрелгача яхши кетаётганди. Тўсатдан мен ҳақимда турли миш-мишлар тарқалди. Мен бу гаплар қаердан чиққанига ҳайрон эдим.

-Сизнинг исмингиз билан боғлиқ бу гаплар Ўзбекистонда тез-тез қулоққа чалинади.
-Мен ҳеч нарсадан қўрқмайман. Мен ҳеч қандай катта гуноҳга қўл урмадим. Айбим сиёсатга кирганим ва ўзим ҳақимда индамай келганим.

-Каримов билан, Мирсаидов билан бирга ишлагансиз. 2016 йилнинг августида Каримов ўлими ҳақида эшитганингизда нимани ҳис этдингиз?-Марҳумлар ҳақида умуман гапириш керак эмас. Ёки фақат яхши гапириш керак. Унинг ўлимини эшитиб раҳмим келди.

-Айтинг-чи, Каримов билан Ҳотамованинг муносабатлари қай тарзда ёмонлашди?

- Мен кўп ўйлайман. Каримов билан менинг муносабатларимни бузиш кимга керак эди? Бир сафар олтинчи қаватда Ислом Каримов иштирокида мажлис бўлди. Мен бу мажлисга блокнот билан кирдим. Мажлисдан сўнг Каримовнинг ёнига бордим:«Майлими, мажлисдан сўнг қабулингизга кирсам?»-деб сўрадим. У :«Ҳа, албатта. »-деди. Мен қабулга борганимда эса Мирсаидов у ерда нима қилаётганимни сўради. Мен малака ошириш учун Каримовдан рухсат олмоқчилигимни айтдим. «Яхши, лекин олдин мен кириб чиқай,»-деди у. Қабулхонада турганимда Каримовнинг ёрдамчиси чиқди. У мендан баланддан келиб бу ерда нима учун турганимни сўради. Мен унга аппаратда ишлашимни ва унинг олдига маслаҳатга келганимни айтдим. У менга ҳайрон бўлиб қаради ва: «Сизнинг ўрнингизда бўлганимда сал камтарроқ бўлардим, » - деди. Мен жуда ҳайратда қолдим. У хонасига кетди. Кайфиятим тушиб кетди. Президентнинг олдига кирганимда у буни сезди.
«-Нима бўлди сизга?»- сўради Каримов.

«Ҳозир ёрдамчингиз менга ғалати гапларни гапирди. Мен ўзимни нокамтар тутаётганмишман». Каримов ёрдамчисини чақирди. Ёрдамчи бироз саросимада эди. Афтидан бу ҳақда Каримовга айтишимни кутмаганди. Каримов ундан менга нима деганини сўради. У:«Мен сизнинг жуда бандлигингизни, ҳар куни келиб сизни безовта қилмасликларини сўрадим», -деди. Каримов: «У кўчадан келгани йўқ. Мен чақирдим. У менинг аппаратимда ишлайди,» - деди. Крайнов олдин Каримовдан узр сўради. Кейин истеҳзо аралаш мендан кечирим сўради. У Рашидов, Нишонов, Усмонхўжаев каби раҳбарлар билан ишлаган қари тулки эди. У жуда кўп сирни биладиганга ўхшади. Каримов мен билан унинг ёнида эҳтиёт бўлиб гаплашарди. Балки шу одам тарқатгандир бўлмағур миш-мишларни. Чунки улар ўзига кераксиз одамни йўлдан олишни яхши билади. Бу туҳмат бутун республикага тарқатилганди.

-Каримов билан муносабатингиз шундай кейин ёмонлашдими?
-Бу учрашувдан сўнг мен Каримов билан бошқа учрашмадим. Мен Америкага малака оширишга кетдим. Бир ойдан кейин Мирсаидов менга ўз хоҳишимга кўра ишдан кетишим кераклигини айтди. Мен ундан айбим йўқ бўлса нимага кетишим кераклигини сўрадим. Бугун ғийбат қилишади, эртага унутилади. У менга:«Яхшиликча кетмасангиз, биз сизнинг жойингизни қисқартирилди деб бўшатамиз,» - деди.

-Буни сизга аниқ Мирсаидов айтдими?

-Ҳа. Мен Мирсаидовга:«Мен у билан учрашсам бўладими? Балки ўзи кўзимга қараб айтар мени нега ишдан бўшатаётганини, айбим нимадалигини? Кечагина президент аппаратининг бошлиғи менинг энг яхши кадрлигимни айтмаганмиди?»-дедим. Мирсаидов чуқур нафас олиб: «Сизнинг айбингиз йўқ, унинг ёнига кирмаганингиз маъқул. Сизга ҳатто бошқа иш беришни ҳам хоҳлашмаяпти,» деди .
Менинг жуда жаҳлим чиқди. Мен улардан мени телевидениега қайтаришларини сўраганимда у бунга ҳам қаршилигини билдирди. «Сиз телевидениеда бошқа ишламайсиз.»-деди у. Шу дақиқадан менинг ҳаётим бутунлай ўзгарди. Чунки жамоатчилик миш-мишларга ишонганди. Шунинг учун ҳам мен бугунги суҳбатга рози бўлдим. Одамлар, халқ ҳақиқатни билишини истайман.

-Ўзбекистонда раҳбарият ўзгарди. Мамлакатнинг ҳозирги бошқарувини қандай баҳолайсиз?
-Мен фақат яхши ўзгаришларни кўрдим. Биринчи кунларданоқ президент халққа яқинлашди, қўшни давлатлар билан алоқани яхшилашни бошлади. Жуда кўп таъқиқларнинг бекор қилинганлиги барчани қувонтирди. Мен янги президент Шавкат Миромоновичдан жуда кўп янги ўзгаришлар қилишини кутяпман. Халқ ўз бошқарувчисидан рози бўлиши керак деганда у мутлақо ҳақ.

-Ҳотамова, мен сизнинг бир неча тилни билишингизни ва сиёсат билимдони деб биламан. Бироқ мен бу суҳбатга тайёрланаётганимда интернетдан сизнинг шахсингизга доир ҳеч қандай маълумот тополмадим. Суҳбатимиз сўнггида ўзингиз ҳақингизда озгина гапириб ўтсангиз.
-Мен Тошкентнинг «Лабзак» маҳалласида зиёли оиласида туғилганман. Ота-онам Низомий номидаги педагогика институтида ўқитувчи бўлиб ишлашган. Отам - Муҳаммаджон Ҳотамов психологиядан дарс берарди. Онам- Фарида Рустамова тарих ўқитувчиси эди. Оилада олти фарзандмиз. Олий маълумотдан ташқари барчамиз мусиқий билимга ҳам эгамиз. Мен ўзим мусиқа мактабида халқ чолғуларидан рубоб бўйича таҳсил олганман. Менинг ижроимни эшитиб кўрган машҳур ўзбек мусиқачиси Муҳаммаджон Маҳмудов мендаги мусиқий қобилият билан бемалол консерваторияга топширишим мумкинлигини айтганди. Оилада беш қиз, бир ўғилмиз. Аммо ота-онам ҳеч қачон сен қиз бола, сен ўғил бола деб ажратишмаган. Бизга: «Сен қиз боласан, тезроқ турмушга чиқишинг ва уйда ўтиришинг керак » дейишмаган. Ҳаммамизни билим олишга ундаган. Отам менга ҳайдовчиликни ўргатганида 18 ёшда эдим. У пайтда аёллар деярли машина ҳайдамасди. Мен яна баскетбол ва от спорти билан шуғулланганман.

Кўп аёллар ажрашишдан сўнг ўзини йўқотиб қўйишади, мен эса аксинча ўзимни қўлга олиб йўлимни топишга ҳаракат қилдим. Ўз билимларимни мустаҳкамладим, ҳеч кимнинг ёрдамисиз президент аппаратида ишлай олдим. Бироқ туҳмат қурбони бўлсанг ҳеч ким ва ҳеч нарса ёрдам беролмас экан. Менга туҳмат қилишганда ҳеч ким аралашишни истамади. Мен жуда кўп ташкилотларга мурожаат қилдим. Омбудсманга ҳам чиқдим. Аммо улар менинг хатимга жавоб беришмади. Охир оқибат тақдирга тан бердим ва ҳаётимни яхшилаш учун икки қизим билан Америкага келдим.
Саидабону таржимаси

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Каримов даврида сиёсатга келган илк журналист аёл. Уни такдири нима бўлганди?