
Ўзбекистон U-17 терма жамоасининг ёш ва иқтидорли дарвозабони Неъматуллоҳ Рустамжонов кичик жаҳон чемпионатидаги иштирок, жамоа ҳиссиёти ва шахсий таассуротлари ҳақида очиқ фикр билдирди. Унга кўра, натижа кутилганидек чиқмаган бўлса-да, жамоа имкони борича курашди, майдонда жон-жаҳди билан ҳаракат қилди ва ҳал қилувчи паллаларда омад озгина етишмади.
Дарвозабон айтишича, Европа жамоалари физик жиҳатдан анча устун, аммо энг катта фарқ – уларнинг тактик фикрлаш даражасида. Рустамжонов буни тан олган ҳолда, бу тажриба бизнинг ўйинчилар учун келгуси ўсишда қимматли мактаб бўлади, деб ҳисоблайди.
“Бу мусобақа биз учун катта имкониятлар эшиги,” дейди у. “Жаҳон чемпионати – шунчаки турнир эмас, балки катта бозор. Жамоадошларимнинг кўпчилиги яқин йилларда Европа клубларига йўл олишига ишонаман. Бу ўйинлар ҳаммамизга улкан сабоқ ва янги йўналиш бўлди.”
Дарвозабон айниқса Хорватияга қарши кечган баҳсни алоҳида эслади. Унинг таъкидлашича, ўйиндан олдин пеналти тепиш бўйича рақиб футболчиларни чуқур ўрганиш имкони бўлмаган. Шу боис у ўйин давомида рақиблар билан мулоқот қилиб, босим ўтказиш орқали уларни руҳий жиҳатдан безовта қилишга уринган.
Неъматуллоҳнинг фикрича, ҳар бир ўйин, ҳар бир вазият ва ҳар бир хатолик — келажакдаги ўсиш учун асос. У бундай мусобақалар ёш футболчиларнинг характери, иродаси ва мусобақабардошлигини шакллантиришда муҳим роль ўйнашига ишонади.
Ёш посбон сўзини шундай якунлади: “Биз қайтдик, аммо бошни эгилтирмаган ҳолда. Бу йўлнинг боши холос. Йигитларимиз Европада ўйнашга қодир. Керак бўлгани – меҳнат, қатъият ва ўз кучига ишонч.”
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.