
Нигерияда яна жамиятни титратган ва бутун мамлакат бўйлаб хавотир уйғотган фожиали ҳодиса қайд этилди. 21 ноябрь куни қуролланган номаълум шахслар католик интернат мактабига босқин уюштириб, 200 дан ортиқ ўсмир ўқувчи ҳамда бир неча ўқитувчини ўғирлаб кетди. Бу ҳақда Христианлар ассоциацияси маълумотига таяниб, NBC News хабар тарқатди.
Маълум қилинишича, ҳужум Нигериянинг ғарбий қисмида жойлашган, 12–17 ёш орасидаги ўқувчилар таҳсил оладиган Авлиё Мария ўрта мактабида содир бўлган. Қуролли гуруҳ жами 215 нафар ўқувчи ва 12 нафар ўқитувчини ноқонуний равишда олиб кетган. Бу — бир ҳафта ичида содир бўлган иккинчи шунга ўхшаш ҳужум.
Полиция маълумотларига кўра, воқеа содир бўлган пайтда мактабда хавфсизлик кучлари бўлмаган. Ҳодиса ҳақида маълум бўлиши билан жойга ҳарбийлар ва махсус бўлинмалар йўлланган. Штат ҳукумати эса мактаб ўқув жараёнини ҳукумат рухсатисиз қайта бошлаганини қатъий танқид қилиб, бу қарор ўқувчи ва ходимларни хавф остида қолдирганини таъкидлаган.
Маҳаллий аҳоли ва гувоҳлар мактабда ҳужум вақтида полиция ҳам, қўриқлаш хизмати ҳам йўқ эканини айтмоқда. Бу эса ҳужумчиларга қаршиликсиз ҳаракат қилиш имконини берган.
Нигериядаги бу янги ҳодиса мамлакатда болалар ўғирланиши, қуролли тўдалар фаолияти ва хавфсизлик тизимининг етишмовчиликлари янада кескинлашиб бораётганини кўрсатмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.