11:42 / 28.01.2018
11 210

Интернет дўконлардан кўнглингиз тўляптими?

Интернет дўконлардан кўнглингиз тўляптими?
Уч йиллар чамаси аввал бола тарбияси билан уйда ўтириб қолган дугонам интернет-дўкони очмоқчи эканини айтди.
– Ўйлаб кўрсам, онлайн-дўкон очиш қулай кўринди. Интернет тармоғи орқали дунёнинг исталган бурчагида маҳсулотга буюртма берилади. Карго хизмати орқали буюртмалар етказилади. Ижтимоий тармоқлар – инстаграм, фейсбук ва телеграм орқали йиғилган мижозларга сотилади, – деди у.
– Биз ўзбекларда “Отанг – бозор, онанг – бозор”, деган гап бор. Харидор сотувчи билан талашиб-тортишиб, оладиган маҳсулотини қайта-қайта текшириб, сифатига ишонч ҳосил қилгач, харид қилади.
Дугонам иш бошлади. Унинг онлайн тижорати ҳақида кейинроқ гапираман. Бугунги мулоҳазалар интернет-харидлар, онлайн-дўконлар ва харидорларнинг уларга бўлган ишончи қай даражада экани хусусида.

“Онлайн-дўкон”лар ИШОНЧЛИМИ?
Биз яшаётган ахборот асрида телекоммуникация воситалари шу қадар ҳаётимизга ўрнашиб олган-ки, интернет ҳар соҳада беминнат дастёримизга айланди. Онлайн-дўконлар фаолияти ҳам аллақачон бизни ҳайратлантирмай қўйган. Аммо бу каби дўконлар қанчалик ишончли ва қулай?
– Иш сабабидан Туркияда яшаймиз, – дейди Солиҳа Бону исмли фейсбук ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси. – Бу ерда кўпчилик интернет-дўконлар, ҳатто онлайн ошхоналар хизматидан фойдаланади. Яқинда бир фирманинг рекламасига учиб, оздирувчи дори воситасига буюртма бергандим. Юз фоиз табиий ва зарарсиз экани реклама қилинган бу воситани олиб келишди. Яхшигина пул тўладим. Аммо ича олмадим. Таъми ёқмади. Эссиз шунча пул! Бир куни дорихонага кирсам, айнан ўша фирманинг ўша дори воситаси ярим нархида сотилаётган экан. Онлайн-дўкондан бошқа нарса сотиб олмасликка аҳд қилдим...

Ҳулкар Нурхўжаева:
– Мен одатда фарзандларимга ва ўзимга зарур нарсаларни онлайн-дўконлардан харид қиламан. Бундай хариднинг қулайликлари жуда кўп. Навбат кутмай, хоҳлаган нарсангизни танлаш имконияти бор. Шаҳарнинг у бурчагидан бу бурчагига йўлкира сарфлаб, чопиб юрмайсиз. Болалар билан совуқ ёки иссиқ кунларда бозор расталари ораламайсиз. Вақт, қувват ва маблағ тежалади. Нархлар қониқарли.
Маҳсулотни танлаганингиздан кейин баҳосини бошқа интернет-дўконлардаги нархлар билан солиштириб кўриш мумкин. Харидга баъзан қўшимча совғалар ҳам беришади. Кеча- кундуз узлуксиз тарзда ишлаганлиги сабабли, қулай пайтда маҳсулот танлаш мумкин. Мен телеграм ижтимоий тармоғидаги каналлар орқали жуда кўп интернет-дўконларга аъзо бўлганман. Ҳар дақиқада янги товарлар ҳақида маълумотлар келиб туради. Кўнглимга ёқса, буюртма бераман. Узоғи билан ўн кунда етказиб беришади. Пулини эса товарни уйга олиб келиб беришганидан кейингина тўлайман. Товар етказилиши сал кечиккан пайтлар ҳам бўлган.

Дилдора Аъзамова:
– Ўғлим интернет-дўконлардан фойдаланади. Турли хил кийим-кечаклар, аксессуарларни чет элдан буюртма қилиб, олади. Яқинда менга спорт залига кийиш учун кийим буюртма қилган эдик, сифати яхши чиқмади. Кия олмадим. Арзон нархда бўлганлиги учун қизиқиб, олувдим. Барибир ўз кўзингиз билан кўриб, сифатини текшириб олганга етмас экан.

Нигора Эгамова:
– Интернет-дўконларига ишонмайман. “Туркияда ишлаб чиқарилган” деб Хитой давлати маҳсулотларини олиб келишади. Ўлчовлари тўғри келмайди. “Кичик ўлчам, катта ўлчам” деб баҳона қилишади. Бундай қарасангиз, ўша ўзингиз буюртма берган ўлчамдаги кийим, лекин ё катта, ёки кичик келади. Бозордан харид қилган маъқул нима керак бўлса. Битта кроссовка ва битта спорт костюми буюртма қилгандим. 10 кунга деб, икки ойда етказишди. Кроссовканинг сифати яхши, лекин спорт кийими интернет-дўкони сайтида кўрсатилгандек эмас. Нархи арзон, лекин икки марта харид қилгандан кўра, сал қимматроқ бўлса ҳам бозордан олган яхши, менимча.

ОНЛАЙН-САВДО КИМГА ҚУЛАЙ?

Онлайн-савдолар бугунги кунгача интернет-дўконлари орқали амалга ошириларди. Энди эса мессенжерлардаги ботлар ҳам бу йўналишдан ўз ўрнини эгалламоқда.
Бозор расталарида, дўконларда савдо қилувчи тадбиркор интернетда иш бошласа, савдо мажмуасини қуриш, бинони ижарага олиш каби ташвишлар билан бошини қотирмайди. Яхши лойиҳа ва мавжуд маҳсулот билан қисқа фурсатда қўшимча даромад манбаига эга бўлади. Ҳозирча онлайн савдода рақобат суст. Ҳудудий чегаралар йўқ: Нафақат туман, балки вилоят, қўшни вилоятлар ҳамда бутун Республика бўйлаб мижозларни топиш мумкин.
Кунига 24 соат, ҳафтасига 7 кун ишласа бўлади. Харидорларнинг вақти тежалади. Кўп ходимлар ишга ёлланмайди. Энг муҳими, интернет-дўконлари очиш ва юритишда кўп маблағ сарфланмайди. Керакли билим ва тушунчага эга бўлиш, сифатли хизмат кўрсатиш билан ишни кенгайтириш мумкин.

ТЎЛОВЛАР ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?
UzCard – онлайн пластик карталари орқали тўловларни амалга ошириш имкониятлари яратилган. Бу соҳада етакчи компания Click ҳисобланади. Бугунги кунда ушбу компания хизматларидан 2,2 миллиондан ортиқ ўзбекистонликлар фойдаланмоқда ва бу катта рақам. Бундан ташқари, PayMe, PayCom, UPay, MBank, WoyWoo каби онлайн тўлов тизимлари самарали фаолият олиб бормоқда. Улар билан турли бизнес вакиллари ҳамкорликни йўлга қўйишмоқда, фойдаланувчилари учун қулайлик яратишмоқда.

ҲУҚУҚШУНОС НИМА ДЕЙДИ?
Амрулло Аҳмедов, адвокат:
– Интернет-савдони амалга оширишда нималарни инобатга олиш лозим?
– “Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига кўра, интернет-дўкон очганда ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда тузиладиган шарт­номага мувофиқ амалга ошириладиган товарлар (ишлар, хизматлар) олди-сотдиси бўйича тадбиркорлик фаолиятини кўзда тутадиган электрон тижорат иштирокчисига айланилади. Юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор электрон тижорат сотувчиси бўлиши мумкин. Электрон тижорат шаклида амалга ошириладиган улгуржи ва чакана савдо “Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги низом ва Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари билан тартибга солинади.
Онлайн тижорат воситасида “Электрон тижоратни амалга ошириш қоидалари билан тасдиқланган рўйхат”га мувофиқ айланмадан олиб қўйилган ёки айланмадаги чекланган товарлардан бошқа ҳар қандай товар сотилиши мумкин. Масалан, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ушбу рўйхатга киритилгани учун уларни интернет-дўкон орқали сотиш тақиқланади.

Маълумот учун: Қайд этиш ўринлики, жаҳон тажрибасида кейинги йилларда интернетдан харид қилиш ҳажми ортди. Масалан, Россия­да эндиликда ишга яроқли аҳолининг қарийб 40 фоизи интернет-дўконларга мунтазам буюртмалар берадилар. Кейинги уч йил ичида онлайн-харидорлар сони 2,5 баробарга ўсди. Бу ўсиш асосан энг фаол харидорлар сирасига кирувчи ёшлар ҳисобига бўлмоқда. Интернет орқали харид қилинаётган энг машҳур товарлар тоифаларига маиший техника ва электроника (40 фоиздан зиёд), кийим-кечак ва пойабзал (15%), автоэҳтиёт қисмлар ва уй-рўзғор буюмлари (10%дан) киради. Ўзбекистонда сайёҳлик ва хизмат кўрсатиш, уйга фаст-фуд етказиб бериш, тантанали маросимларни уюштириш, фитнес-клубларга абонементлар сотиб олиш ва бошқа йўналишларнинг ҳам истиқболи порлоқ.
Интернет-харидларнинг 40 фоизидан зиёди маиший техника ва электроникага тўғри келади.

Хулоса ўрнида
Мақола аввалидаги дугонам билан бўлган суҳбатга қайтамиз. Олти ойлардан сўнг учрашганимизда онлайн-дўкони ҳақида сўрадим.
– Бўлмади, – деди ҳафсаласиз қўл силтаб. – Кийим-кечаклар, чойшаб ва рўзғор буюмлари савдосини йўлга қўйгандим. Хитой, Туркия ва Америка давлатларининг интернет фирмаларидан буюртма билан келган бир қанча молларим уйда ётибди. Харидорлар буюртма қилишди-ю, маҳсулотни кўргач, олгиси келмади. Кейинчалик ўттиз, эллик фоиз олдиндан тўлов шарти билан буюртма қабул қилишга ўтдим. Аммо барибир кутганимдай бўлмади. Ҳақ экансиз. Одамларимиз сурат ё видео роликка ишониб харид қиладиган анойи эмас экан...
Ана шунақа гаплар.

P/S: Айтмоқчи, инстаграм ижтимоий тармоғидаги онлайн-дўконларидан бирида реклама қилинган бежирим кўйлак суратига мафтун бўлиб, ўлчамимга мос буюртма бердим. Икки ҳафталик интиқликдан кейин кўйлакни “жонли” кўриш бахтига эришдим... Аммо буни бахт деёлмайман. Нега дейсизми? Буниси энди бошқа мақолага мавзу бўла қолсин...
Умида Адизова, Мадина Аллаберганова тайёрлади.

Манба: Erk.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Интернет дўконлардан кўнглингиз тўляптими?