5 236
Аҳмадбойга машинасини берганлар қайтариб олди, аммо пул берганларнинг тақдири нима бўлади?
Аҳмадбойни билмайдиган одам орамизда қолмади. Ўзбекистонда бундай катта ҳажмда молиявий эҳром ярата олган чинозлик Аҳмад Турсунбоев кимнидир бойитгандир, лекин жуда кўпчиликни қақшатиб кетгани аниқ. Чунки молиявий эҳромнинг асл моҳияти ҳам шунда — озчилик, жуда озчилик катта пул ишлаши учун кўпчилик, жуда кўпчилик бойлигидан айрилиши шарт.
Аҳмаджон Турсунбоев 2016 йилнинг июлида Чиноз туманида қўлга олинган эди. Тинтув чоғида унинг уйидан 13,1 миллиард сўм ва 7,9 миллион АҚШ доллари миқдорида нақд пул топилган. Ҳашаматли уйлари гаражида BMW, «Escalade», «Lexus» каби қимматбаҳо машиналари сақланиши ҳам аниқланди.
Аҳмаджон Турсунбоевга қарши Жиноят кодексининг тўрт моддаси: 177-модданинг (валюта қимматликларининг ноқонуний харид қилиниши ёки сотилиши) «а», «б» бандлари, 188-модда (давлат рўйхатидан ўтмай тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, ўта йирик миқдорда назоратсиз даромад олиш), 189-модда (савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 190-модданинг (лицензиясиз фаолият билан шуғулланиш) «а», «в» бандлари билан айблов эълон қилинди.
Унга тегишли «Чиноз авто ҳамкор» ва «Чиноз ҳалол чорва» фирмалари фаолиятига ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан чек қўйилди, суд бўлиб ўтди.
Катта фойда илинжида Аҳмадбойга топширилган пулларнинг, автомашиналар ва бошқа турдаги мол-мулкларнинг аниқ миқдорини энди ҳеч қачон аниқлаб бўлмаса керак. Чунки фирмада аниқ ҳисоб-китобнинг ўзи юритилмаган, бухгалтерия ишлари ҳам сирли равишда олиб борилган. Ходимлар қанча ҳужжатларни йўқотиб юборишгани, ўзлари ҳам бошлиқларидан яшириб қанча тушумни жиғилдонга ургани ҳам энди фақат Яратганга аён. Суд бўлиб ўтиб, барча пуллар ва бошқа турдаги мол-мулклар мусодара қилинганидан кейин кўпчилик қисқа қилиб айтганда «куйиб» қолди.
Куни кеча «Ахборот» дастурида Аҳмадбойга топширган автомобилларини қайтариб олган 105 нафар ҳамюртимизни кўрсатишди. Табиийки, уларнинг шодлигининг чеки йўқ.
Энди кўпчиликни, айниқса пул топширганларни бир савол қизиқтирарди: «Пулларни ҳам қайтаришармикан?».
Албатта, бу масалани фақат суд ҳал қилади. Биз фақат тахминларни илгари суришимиз мумкин.
Жавобимиз пулига куйганларнинг ярасига туз сепгандек бўлса-да, айтишимиз лозим — қайтарилиш эҳтимоли жуда кам.
Пул тикканларда умид уйғотган ҳолатга — автомобилларнинг қайтарилишига эътибор қаратамиз. Бу ерда муҳим бир жиҳат бор: фақат Аҳмадбой эҳромига топширилган, аммо нотариал расмийлаштирилмаган автомобилларгина қайтарилди. Мамлакатимизда мулк ҳуқуқи дахлсиздир. Демак, бу ўринда адолат қарор топди, мулк ўзининг расмий эгасига қайтди. Аҳмадбойга топширилган, қонун доирасида расмийлаштирилган, аммо пули келажакда фойда билан қайтиши керак бўлган автомобиллар аллақачон ўзларининг янги эгаларини топган.
Пуллар бўйича мулк ҳуқуқини аниқлаш ўта мушкул. Пул қабул қилиб олингани тўғрисида фирма томонидан асосан қўлёзма ҳолида, айтарли юридик кучга эга бўлмаган тилхатлар берилган, кўпчиликда шундай қоғозлар ҳам йўқ бўлган бир пайтда пулларни қайтариш имконияти деярли нолга тенглигини тан олиш лозим. Чунки у ўз номи билан пул, айланиб юрувчи муомала воситаси, жамланганидан кейин айни шу пулнинг кимга тегишлилигини аниқлаб бўлмайди, мусодара қилинган пуллар эса, аниқки, ҳаммага етмайди. Чунки Аҳмадбой ҳам ўзини унутмаган!
Мақоламизни бу мавзу юзасидан кўп қайтарилган жумла билан якунлаймиз: азиз ҳамюртлар, бу қадар содда бўлманг. Ақл бовар қилмас, оламшумул фойда келтирадиган таклифларга ишонманг!
Шундай деймизу, нафақат оддий инсонлар, балки энг машҳур санъат юлдузларининг ҳам бу эҳромга фойда олиш илинжида пул тикканлари ҳақидаги хабарлар яхшигина реклама бўлгани аниқ. Демак, келажакда ҳам «янги Аҳмадбойлар» пайдо бўлиши эҳтимоли йўқ эмас.
Қолаверса, Аҳмадбойга ўз мулкини топширганларни ҳам кўпам содда деб бўлмайди. Ҳарқалай, бир йилдаёқ пулини икки баробар қилиб қайтариб олишни хоҳлаган одам ниманидир кўзлаган, ўзи фойда қилиши учун кимдир зарар кўриши кераклигини англаган. Лекин нафс, шайтон каби баҳоналар бор экан, инсон ўзини оқлашга сабаб топаверади...
Манба: Xabar.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»