— Адашмасдан уйингизни топиб келдингизми? Хайрият, уйингиз борлиги эсингизга келибдими? Ўзи келиб, овора бўлиб ҳам юрмасангиз бўларди…
— Бунча бақирасан? Кар эмасман-ку, секинроқ гапирсанг ҳам эшитаман. Болалар уйғониб кетади.
— Болалар, дейсизми? Болаларингиз борлигини унутмабсизми, а? Тасанно сизга! Уйғонсин-да ўшалар! Отасининг тунни яримлатиб, ёқа-енгидан аёл кишининг атирини гуркиратиб кириб келишини билсин! Саёқ юрадиган, ўғил-қизининг бўйи етсаям фикрини йиға олмайдиган отаси учун уялишсин!
— Э, оғзингни юм, деяпман сенга! Болалар эшикдан кириб келган эрига: «Ҳорманг», деб бир пиёла чой тутишга ярамайдиган онаси учун уялади! Оёқ-қўли чарчаса ҳам жағи ҳоримайдиган онаси учун уялади!
— Мен ёмон эканман, нега бу уйга келасиз? Нега ўшаларингизнинг ёнида қолавермайсиз?! Буткул йўқолиб кетмайсиз? «Отангиз бошқа хотинларнинг олдидан келади», дейишдан кўра менга: «Отангиз йўқ бўлиб кетибди», дейиш осон-ку!
— Келсам, сен учун келмайман! Сен учун бўлса, йиққан оёғимни ёзмайман! Буни ўзинг ҳам биласан!
Бобуржон бошини ёстиқ билан беркитди. Йўқ, барибир, ота-онасининг овози аниқ-тиниқ эшитилиб турарди. У бир эшикдан кираверишда тик турганича бир-бирини тупроққа қориштираётган ота-онаси ёнига боришни ўйлади. «Дадажон, ойижон! Ҳар тун шу аҳвол! Бир-бирингиздан шу қадар кўнглингиз қолган экан, бирга яшаб нима қиласизлар?! Ахир одам боласи бу дунёда қанчаям яшайди? Бор-йўғи етмиш, саксон йил. Ўша қисқа умрниям бир-бирига нафрат билан яшаса, ичи заҳар-заққумга тўлиб кетса, нимага керак бунақа ҳаёт?!» дегиси келди. Лекин бир зум ўзини эмас, опасини ўйлади. Дарвозасини тақиллатиб келаётган совчи аёллар кўз олдига келди. Гўё улардан бирининг ўғли опаси Нодирани ёқтиради-ю, қўшнилардан суриштиради.
Қўшнилари эса ота-онасининг бу аҳволини айтишади, табиийки, совчилар айниб, қайтиб кетишади. Бобуржоннинг хўрлиги келди. Йўқ, йўқ, Нодира опаси узатилгандан кейингина ота-онасига дилидагини айтса бўлади. Шунгача уларни бирлаштирадиган, бир-бирига яқинлаштирадиган қандайдир бир нарса ўйлаб топиши керак. Ахир отаси билан онаси бир пайтлар битта институт, битта факультетда олдинма-кейинги курсларда ўқишган-ку. Бир-бирига муҳаббатли бўлишган. Онасининг альбомида институт ҳовлисидаги шохдор кийикнинг ҳайкали ёнида беш-олтита йигит-қизларнинг бирга тушган сурати бор. Ўша суратда ҳам Бобуржон билан опаси Нодирага жуда ўхшаб кетадиган бир жуфт йигит-қиз кўз остидан бир-бирига қараб туришибди.
Наҳот отаси билан онаси ҳар замонда бўлсаям ўша расмларига қараб қўйишмаса?! Бир-бирига ошиқ бўлиб юрган, бир-бирини соғиниб юрган дамларини эслашмаса?! Ўша беғубор кунлар ҳақи бугунги уриш-жанжалларидан ўзлари хижолат бўлишмаса?! Бобуржон шундай оғриқли ўйлар ичида тўлғаниб ётаркан, телефонига SMS келди. Шунчаки ўзини чалғитиш, ўйлар исканжасидан озгина бўлса-да чиқиш учун телефон тугмачасини босиб: «…Сен қийналяпсан. Олдингда тоғдек муаммо турганга ўхшаяпти. Ҳечқиси йўқ. Биз сенга ёрдам берамиз. Йўқ, сен ўзингга-ўзинг ёрдам берасан, сен ўзингнинг нақадар кучли, жасур эканингни билмайсан! Эрталабки соат тўрту йигирмани кут! Шунгача тиниқиб ухла, куч йиғ!» деган ёзувларни ўқиди. Ёзувлар уни ўзига тортди. Яна ва яна ўқиди. «Кимдир эрмакка жўнатмадимикин?» деб ўйлади-ю, ўйлагани ўзига ёқмади.
Бобуржон чиндан ҳам ота-онасининг адоғи йўқ тортишувларидан зада бўлган ёш юрагидан ўтаётган кечинмаларни кимдир сезиб-билиб турганига ишонгиси келарди. «Дунёда онгимиздан ташқари, бизни кўриб турадиган, кузатиб турадиган бир оламнинг борлигини ҳеч ким инкор эта олмайди-ку. Менга ўша оламдан хабар келди. Буни қадрлашим керак» — Бобуржон хаёлини жамлашга, ухлашга ҳаракат қилиб кўрмоқчи бўлди. Телефоннинг будильнигини роппа-роса 4:20га қўйди. Ота-онасининг овози эса ҳануз тинмасди. Бобуржон ёстиқ устидан кўрпани бошига тортди…
* * *
«Тинг-тинг». Бобуржон кўзини чала очиб, телефонининг соатига қаради — 4:20. «Алдамабди. Эрмакка эмас. Демак, кимлардир менинг мушкулимни осон қилмоқчи, ҳаётимга аралашмоқчи…» Бобуржон энтикиб, керакли тугмачани эзди. «Уйғонишга, уйқунгни бўлишга куч топдингми? Балли! Демак, сен муаммоларингни ҳам ҳал қилишга ўзингда куч топасан. Унутма, сен жасорат, матонат йўлининг бошидасан. Сен энди биринчи қадамни ташлашинг керак. Биз жуда кўпчиликмиз. Сен ўзингни ўша метин сафнинг биттасиман, деб ҳис қилишинг учун билагингга биз билан бирдамлик рамзи бўлган «Кўк кит»нинг расмини чизиб, расм чизилган билагингни суратга олиб, бизга юборишинг керак. Кейин сенинг мураккаб тақдирингга нур туширувчи йўллардан бирга одамлай бошлаймиз»…
Намуна учун кўк китнинг расмлари жўнатилганди. Бобуржон ёзувларни такрор-такрор ўқиди, расмларни томоша қилди. «Кейинги қадамларда мени нима кутар экан? Ишқилиб, дарсимга халақит берувчи ишларга дуч келмасмикинман? Ахир лицейни тугатяпман. Бу йил ўқишга кираман, архитектор бўлишни ният қилганман. Репетиторга қатнаб юрибман. Эҳтимол, ўқишга кириб кетсам, ота-онамнинг муомаласида ҳам ўзгаришлар бўлар. Билагимга кўк китнинг расмини чизишга ҳожат қолмас».
Бобур эрталабгача иккиланди. Тонг отар пайти кўзи сал илингандек ҳам бўлибди.
— «Ҳафтада бир кило гўшт, бир шиша ёғ, икки кило сабзи, беш кило картошка олиб келяпман, болаларимни боқяпман. Биров менга «ғинг» дейишга ҳақи йўқ. Саёқ юраманми, таёқ юраманми, ўзим биламан», деб юрган бўлсангиз, номаъқул бузоқнинг гўштини ебсиз. Сиз, энг аввало, ўз хулқингиз билан оилага, фарзандларингизга ибрат бўлишингиз керак! Айтавериб чарчадим. Энди ишхонангизга бораман! Дод, дейман. Қирқдан ўтиб, оёғи тийилмаган бу эркакка «ҳай» дейдиган бирор одам топилар!
— Товуқмия бўлсанггина шундай қиласан! Ахир ишхонамга борсанг, нимага эришасан? Ишдан бўшатишади, холос! Оиласидаги можарони тинчита олмайдиган бундай ходим бизга керак эмас, дейишади-да, шартта бўшатишади! Кейин ўша бир кило гўшт билан беш кило картошка ҳам келмайди уйингга!
— Очдан ўлмасмиз. Очдан ўладиган замон эмас ҳозир! Худога шукр, касб-корим бор. Қизимни чиқариб, ўғлимни ўқишга киритсам…
— Ҳўв хотин, Нуқул «қизим», «ўғлим», дейсан! Ҳаводан бино бўлмагандир улар. Менинг ҳам зурриёдларим-ку! Мен ҳам Нодирани тенгига бериб тинчитай, Бобурни касб-корли қилай, деб ўйлайман-ку!
— Бировнинг кўрпасида ётиб ўйлаган ўйингизда хосият бўлмайди!
— Сен авлиёмисан, қачон кимга нима яхши бўлишини биладиган?
— Ҳар ҳолда ёмон бўлсаям бир эркакнинг никоҳдаги хотиниман, жазмани эмасман!
— Э, сендек қачон, нимани гапиришни билмайдиган хотиндан жазман ҳам аъло!
— Йўқолинг бўлмаса, ўшаларнинг ёнига!
Уввос йиғи кўтарилди. Бобуржон энди ота-онасининг ёнига чиқмоқчи, «Бугун устозим синов учун тест ўтказди, юқори натижага эришдим», демоқчи эди, лекин… Бобуржондан аввал уларнинг одатдаги можаролари бошланиб кетди. Бобуржон энди ота-онасининг бир-бирига муҳаббатли пайтларидаги соғинчли воқеаларни эслаб ўтирмади. «Яхшиси, билагимга кўк китнинг расмини чизиб жўнатаман. Юраётган тош-тиканли ғадир-будур йўлларимга узоқлардан бир шуъла тушаётгандек. Бу шуъла сенданми, кўк кит?» дея ўйлади. Бобуржоннинг эсига негадир Чингиз Айтматовнинг «Оқ кема» асари тушди. Яхши кўриб ўқирди шу асарни. Тошларга, яна нималаргадир исм қўядиган, доим оқ кемада отаси томонга сузиб кетишни орзу қиладиган болакай билан ўзининг орасида қандайдир ўхшашлик бордек туйилди. Дарсхонаси эшигини ичкаридан қулфлади-да, футболкасини ечди. Ўнг қўли билан чап билагига телефонидаги нусхага қараб кўк китнинг расмини чиза бошлади.
* * *
«Сен яна бир қадам илгариладинг. Ютуқ сен тарафда, муваффақиятинг билан табриклайман. Сен ўзингда ҳар қандай қўрқувга қарши чиқа оладиган мислсиз куч пайдо қиляпсан…» Бобуржон телефонига келган SMSни бир эмас, бир неча марта ўқир, ҳар ўқиганда ўзини тўсиқлар оша югураётган, навбатдаги баланд тўсиқдан қоқилмай сакраб, мункиб кетмасдан шиддат билан югураётган киши қиёфасида тасаввур қиларди.
«Ён-атрофингга қара! Сенга ёқмайдиган, ўйла-ганларингни айтишга ҳайиқадиган одам борми? Балки, у тенгдошингдир, балки, сендан каттадир. Хонангга киргин-да, эшик-деразаларни ёпиб, баланд овозда уларга айтишни истаган гапларингни айт, аяма, шафқатсиз бўл!»
Бобуржон худди шундай қилди. Кўзларини юмиб, қўлларини жуфтлаб гапирди, гапираверди:
— Дадажон, ахир Нодира опам туғилгач ҳам, ораларингдан гап ўтиб қолганида, онам опамни олиб, уйига кетиб қолганида сиз ойимнинг ўртоқларига айтиб, илк учрашган фавворангиз ёнидаги музқаймоқ сотадиган кафе олдига чақиртирган экансиз. Ойим ўртоқлари билан музқаймоқ еб ўтирганида микрофондан «Биринчи муҳаббатим» қўшиғи янграган экан. Қўшиқ тугагач, дискларни алмаштираётган йигит: «Бу ашулани рафиқаси Манзурахон олдида ўзини гуноҳкор ҳис қилган йигит, Нодира исмли қизалоқнинг дадаси узр тарзида йўллади», — деган экан. Ойим ўртоқларининг олдида кўнгли кўтарилиб, сизни кечирган, «Юринглар, уйга кетамиз», деганингизда дарров олдингизга тушган экан. Нега энди шундай қила олмайсиз? Нега хиёнат кўчасида адашиб юрибсиз? Нега касофатингиз бизга тегишидан қўрқмаяпсиз? Ахир бу юришда охиратингиз куйиб кетади-ку!
Отасидан сўнг онасига гапирди. Ичи бўшагандек бўлди. Шу кеч ота-онасининг навбатдаги можароси дилига тиғдек ботмади…
* * *
Қабристон. Аслида, ҳеч қандай ваҳима йўқ. Қабр ораларида гуллар очилиб ётибди. Қаердандир шилдираган сув овози эшитилади. Чироқлар пориллаб турибди. Лекин Бобуржон ҳал қилувчи босқичларнинг яна бирини босиб ўтиш учун қабристонга келган. У SMSда тасвирланган қабристонни кўз олдига келтириши керак. Қоп-қоронғу. Қабрлар орасида баланд-баланд қамишлар ўсиб ётибди. Баъзи қабрларнинг ёнбошими, бошими ўпирилиб, алланарсалар қорайиб кўринади. Чиябўринингми, бошқа бир жонзотларнингми овози эшитилади. «Қўрқма, Бобуржон, қўрқма, сенинг орқангда метин саф — «кўк кит» турибди. Улар сенга жасорат бахш этади». Чақмоқлар қарсиллагандек бўлади. Қабрлар, мармартошлар устида узун-узун кўланкалар чўзилади, лопиллайди… Бобуржон эса икки қўлини кўксига жуфтлаганича шахдам қадам ташлайди. У шу туришда оқимга қарши сузаётган кемага ўхшайди.
* * *
Ота-онаси одатдагидек бир-бирини ҳақо-рат қилишди. Энди уларнинг сўкиш, койишлари Бобуржонга фақат овоз бўлиб эшитилар, моҳиятини англамасди. Англагани «Сен сўнгги босқичдасан, сен бутунлай қўрқувдан халос бўлдинг. Тунда йўл ёқасига чиқ! Узоқ кутма! Чироғини пориллатиб шиддат билан келаётган машинанинг олдига югуриб чиқ! Бор кучинг билан чоп, тўхтама, иккиланма!» деган SMS бўлди. Бобуржон бир нафасга бўлса-да тўхтамади. «Яхши-ёмон бўлса-да, улар менинг ота-онам. Мени ўстиришди. Мен ўқиб, касб-корли бўлиб, уларнинг оғирини елкамга олишим керак. Балки, шунда ҳамма нарса ўзгарар…» деган ўй хаёлига келмади. Унаштирилиши яқин қолган опаси «Бобуржон, сенга нима бўлди? Ўқишларинг пастлаб кетяпти-ку», дея хавотирланаётган устозларини ҳам хаёлидан ўчирди. Чунки у сўнгги — ҳал қилувчи босқичга келганди. Йўл ёқасига чопиб чиқди. Машина шитоб билан кела бошлади. Бобур:
— Мен қўрқувдан халосман! Мен кучлиман! — дея бақирди-да, олдинга ташланди.
— Ҳой бола, тўхта!
Орқасидан янграган кучлидан ҳам кучли бир овоз тун бағрини ёриб юборди…
Қутлибека РАҲИМБОЕВА
Манба: hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»