21:43 / 05.03.2018
5 595

Кембриж университети эшиклари ўзбекистонликлар учун очилди

Кембриж университети эшиклари ўзбекистонликлар учун очилди
Мамлакатимизнинг бир гуруҳ исломшунос, шарқшунос олимлари Буюк Британияга сафари чоғида Кембриж университетига ташриф буюриб, ушбу нуфузли таълим даргоҳининг профессор ва мутахассислари билан учрашувлар ўтказди.

Кембриж университетининг Марказий Осиё форуми директори профессор Сидхарт Саксена билан юртимизда яқинда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази ҳамда Тошкент ислом университетининг Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази ўртасида ҳамкорлик бўйича келишувга эришилди.

Олимнинг таъкидлашича, Кембриж профессор-ўқитувчилари Тошкент ислом университети, Ўзбекистон Ислом академиясининг талаба ва тадқиқотчилари учун махсус маърузалар ўқийди, мамлакатимизда ўтказиладиган халқаро форумларда иштирок этади. Жаҳон рейтингларида Оксфорд университетидан кейин иккинчи ўринни мунтазам эгаллаб келаётган Кембрижнинг нуфузли нашрларида ўзбекистонлик мутахассислар илмий мақолалари чоп этилади. Икки томон олимлари қўшма илмий гуруҳи ташкил этилади. Ҳамкорликда долзарб мавзуларда тадқиқотлар амалга оширилади.

Томонлар, шунингдек, Кембриж университетида Хоразмий ва Ибн Сино стипендияларини таъсис этиш тўғрисида ҳам келишиб олдилар. Ўзбекистон делегацияси 1209 йилда ташкил этилган мазкур фан ва таълим даргоҳи билан талабалар, амалиётчи тадқиқотчилар алмашинуви, ўқув, илмий ва оилавий туризмни йўлга қўйишга тайёр эканини маълум қилди.

С.Саксена Ўзбекистонда буюк алломаларимиз илмий меросини чуқур ўрганиш, ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилаётган эътиборни юқори баҳолади.

“Британиядаги қадимий бинолар Оксфорд, Кембриж университети коллежлари Бухоро ва Самарқанд мадрасаларининг меъморий услуби асосида бунёд этилган. Бу эса икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатлар тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалишининг яққол исботидир. Биз Ўзбекистон билан илмий ҳамкорликни тараққий эттиришдан манфаатдормиз. Кембриж кутубхонасида сақланаётган туркий, форсий қўлёзмаларни тадқиқ этиб, каталоглар тайёрлайдиган ўзбекистонлик мутахассисларга эҳтиёжмандмиз”, - деди Марказий Осиё форуми директори.

Мамнуният билан қайд этиш лозимки, жорий йилнинг 12 февралидан эътиборан Кембриж университетида ўзбек тили дарслари ташкил этилди. Эришилган келишувларга мувофиқ, янги ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистондан келган мутахассислар ушбу курсларда дарс бера бошлайдилар.

Музокаралар якунида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ишончга таянган ва дўстона муносабатлар барча соҳалар қатори илм-фан йўналишида ҳам жадал ривожланиб бораётганидан мамнуният изҳор этилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Кембриж университети эшиклари ўзбекистонликлар учун очилди