18:30 / 13.03.2018
5 104

Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!

Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!
Бийдай далаю даштни кесиб ўтган ўнқир-чўнқир асфальт йўлдан енгил автомобиль елиб бормоқда. Улов ичида ёши ўттизларга борган миқтигина йигит, оналик бахти юзига янада гўзаллик бахш этган аёли ва шириндан-шакар икки фарзанди – ҳамма шоду хуррам, Наврўз байрамини нишонлагани қишлоққа, ота уйига кетяпти. Айниқса, болаларнинг қувончи чексиз: бири олиб, бири қўйиб ота-онасини саволга кўмиб боради. Эрталаб шивалаб ўтган ёмғирдан кейинги тоза ҳаво, қуёшнинг илиқ тафти, кўклам насими кишига янада хуш кайфият бағишлайди.

Қишлоқда тонг саҳардан байрам тадориги бошланган. “Бу йилги Наврўзни бизникида нишонлаймиз!” деган қишлоқ оқсоқолининг ҳовлисида иш қизғин. Келинлар ҳовлиларни, кўчаларни супуриб, тозалаб қўйган. Кайвони онахонлар, қиз-жувонлар ким нон, сомса ёпишга, ким бўғирсоқ пиширишга киришиб кетган. Кимдир янги ундирилган буғдойни майдалаш билан овора, кимдир катта дошқозон бошида болаларга тош, ўтин теришни айтмоқда. Яқинда қишлоққа келин бўлиб тушган ёш жувон ҳовлида ўртоқлари билан ўйнаб юрган етти-саккиз ёшли болакайни чақиради:

– Қоражон, бир челак сув олиб келинг, илтимос!

Янгасининг уни бундай чақирганига ўртоқлари пиқиллаб кулади. Боланинг жаҳли чиқади.

– Она, қаранг, янгам мени яна Қоражон деяпти!

Янга бўлмиш чўчиб тушади, лабини тишлайди. Икки юзи дув қизаради.

– Ҳа, қора бўлганингдан кейин Қоражон, демай, Оқйигит, десинми? – бўғирсоқ пишираётган онаси эрка ўғлини койийди, кейин бироз унга ён босади. – Янгажониси, ўғлимга тузукрок от қўяқолинг.

– Хўп бўлади, эна! – келин уялганидан челакни кўтариб, бошини эгиб тураверади.

Бола янгасидан хафа бўлса-да, барибир уни яхши кўргани учун, ҳурмат қилгани учун бориб челакни олади ва ўртоқлари билан қудуққа чопади.

Бир кун олдин қурилган ўчоқларда шўрва, наврўзгўжа, ҳалим булкиллаб қайнайди. Уйда, ўн бир болорли катта хонада қишлоқ ёшуллилари чой ичиб, бу йилги деҳқончилик, чорвачилик ҳақида гурунглашиб ўтиради.

– Худога шукур, бу йил ариқларда сув мўл, – дейди бир умр деҳқончилик қилиб ўтган, соч-соқоли оппоқ нуроний чол. – Насиб қилса, ҳосил-да, чорва-да, балиқ-да бу йил кўп бўлади.

– Айтганингиз келсин, – дейди ўтган йили фермер хўжалигини ташкил қилган ёши элликлардаги киши. – Шу десангиз, ёшуллилар. Ўтган йилги буғдой ҳосилидан бироз қолган. Шуни овулдаги қўли юпқа, кам таъминланганларга тарқатсам дегандим.

– Жуда яхши гап айтдингиз!

– Эл-юртга қайишганнинг давлати кам бўлмайди.

– Савоб иш қилган яхши.

Ҳамма бараварига маъқуллайди.

– Тунов куни йўлда раҳматли Жумабой аканинг бола-чақасини кўриб қолувдим, – дейди қишлоқ чўпони фермерга қараб. – Анча ўзларини олдириб қўйибди. Шуларни қанотингга олсанг, иш берсанг жуда катта яхшилик қилган бўлардинг-да.

– Бош устига, эртагаёқ менга учрашсин. Ўзим ҳам анчадан бери шу нарсани ўйлаб юрувдим.

– Ўтган йили кўчиб келган муаллим йигит қани, келдими? – деб чол қўлини пешонасига қўйиб атрофга қарайди.

– Шу ердаман, – дейди пойгакда ўтирган ёш йигит.

– Тўй-маъракаларга аралашиб турибсанми?

Йигит қимтиниброқ оғиз жуфтлагунча, мезбон – оқсоқол унинг ўрнига жавоб беради.

– Аралашиб турибди, бамаъни йигит, нима хизмат айтсак йўқ, демайди.

– Баракалла! Эл қошига эл келса, уям элнинг давлати. Қовун-повун экишга-ку, томорқанг бордир. Буғдой ташлашга ер беришдими?

– Ҳа, раҳмат! – дейди йигит миннатдорлик билан ва фермерга ишора қилади. – Акага раҳмат, тобга келиб турган еридан ажратиб берди.

Фермер яхши гапдан ғўддайиброқ қўяди. Косаларда Наврўзгўжа тортилади.

Бояги улов эгаси қишлоққа кираверишдаги қабристон олдида тўхтайди. Қабристон ўтлардан тозаланган, ҳаммаёқ ораста. Йигит ўтганларнинг ҳақига дуо қилади ва қишлоққа йўл олади.

Овулнинг норғул, бўз йигитлари очиқ майдонга похол ташлаб, унинг устидан кигиз ё брезент тўшайди. Бўлажак курашу кўпкарини, хўрозу қўчқор уриштиришни муҳокама қилади.

– Бош товоқни ким оларкан? – дейди новчароқ йигит ичи қизиб, қўйиб берса ўзи ҳам кураш тушмоқчидай ҳаволаниб.

– Ким бўларди, Иброҳим полвон-да! – дейди иккинчиси “шуни ҳам билмайсанми?” дегандай ҳайрон бўлиб.

– Ай йўғ-а, Иброҳим полвоннинг машқи пастроқ шу кунларда, – дейди учинчиси. – Менимча, Содиқ полвон олади-ёв. Қайси куни бир тўйда манаман деганнинг курагини ер искатганини ўзим кўрдим.

Учов гурунглашиб турганда улов келиб, тўхтайди. Ичидан йигит тушиб, ҳормасин айтади. Учов югуриб келиб, булар билан сўрашади. Новча йигит ҳайдовчи бўлмишнинг укаси бўлади. У акаси билан қучоқлашиб кўришади.

– Яхши келдингизларми? – дейди у машинадан чопиб тушган жиянларини даст кўтариб, юзларидан чўлпиллатиб.

– Раҳмат, ўзинг қалай? – дейди ака укасининг юзидан ненидир уқмоқчидай тикилиб.

– Шу, юрибмиз, – дейди укаси жилмайиб.

– Кураш бўладими? – ака брезент тўшалган жойга ишора қилади.

– Ҳа, – дейди ука. – Тушасизми?

– Йўғ-е, биз қаридик, давра энди сизларники, – кулади ака. – Уйга ўтасанми, юр.

– Сизлар бораверингизлар, ҳали бир-икки ишимиз бор. Уйда кўришамиз.

Ака дилидагини айтмоқчидай тараддудланиб турадию, мавриди эмаслигини фаҳмлаб, уловга ўтириб кетади. Новча йигит акасининг ортидан меҳр билан қараб қолади.

Улов уйга келгач, ҳовли завқ-шавққа тўлиб кетади. Қариндош-уруғ, қўни-қўшни ҳаммаси йиғилиб улар билан кўришади. Бири олиб, бири қўйиб уларни алқаб, ҳурмат-иззат кўрсатади. Йигит уловининг юкхонасини очиб, шаҳардан келтирган совға-саломини улашади. Аёли қайнонасининг, овсинининг, хотинларнинг “Ўзингиз энди келдингиз, чой-пой ичиб олинг, йўлда чарчаган чиқарсиз!” деганига қарамай, ўчоқ томонга йўл олади, болалар қишлоқдаги тенгқурлари билан ўйинга киришиб кетади. Йигит овулнинг ёшуллилари билан кўришиш учун уйга киради. Ҳол-аҳвол сўрашиб бўлингач, яна чой-овқатлар тортилади. Гурунг авжига чиқади.

Шундан сўнг ҳамма кўчага, деҳқончилик, чорвачилик билан боғлиқ удуму маросимларни бажаргани далага йўл олади. Аёллар сумалак пиширишни бошлаб юборади. Ҳамма яхши ният билан сумалак ковлайди. Бўйи етиб, қирқ кокили ўзига ярашиб турган қиз сумалакни ковлаётганда, янгаси шаҳарлик овсинига кўзини қисиб, гап қотади.

– Овсинжон, шаҳарда эрингизга ўхшаган яхши, одобли йигитлардан бўлса, айтинг, шу қайнисинглимизни узатайлик.

– Хўп бўлади-да, – дейди шаҳарлик келин ҳазилни тушуниб. Даврада енгил кулгу кўтарилади.

Қиз ҳуркак оҳудай дик этиб ўрнидан туради ва “Э, янга!” деганча уятдан лов-лов ёнган юзларини қўллари орасига яшириб қочиб кетади. Аёллар “Уялиб кетди қизгина” дейишиб яна кулишиб олади.

...Курашу кўпкари авжига чиқади. Удумга кўра, курашни аввал нуроний боболар бошлаб беради, даврага файз киритиб, ёшларни курашга ундайди. Сўнг ёш болалар гиламга чиқарилади. Полвонлар гиламга чиқаётганида аввал ўнг оёғини босади, қўлларини ерга теккизиб, оёғи ердан узилмаслигини тилайди. Нуроний кексалар полвонлар, чавандозларни «ютуғинг ҳалол бўлсин», дея дуо қилади. Томошага келганлар завқ билан ҳайқириб, олқишлаб ўтиради. Болаларнинг кўзларида ҳавас ва ҳайрат жилваланади. Бош товоққа бир катта қўчқор билан кичикроқ ҳўкиз аталган бўлади. Иброҳим полвон дегани бош товоқни олади. Даврада “Баракалла! Иброҳим полвонга тенг келадигани йўқ-да ўзи!” деган овозлар қулоққа чалинади. Иброҳим полвон совринни ёрдамга муҳтож оилаларга улашади.

Шаҳардан келган йигит мавридини топиб, бояги новча укасини ёнига чорлайди.

– Ука, узр! Сени ўша куни ноўрин ранжитдим, – дейди у укасининг кўзларига термулиб. – Шундай айёмда гиналарни унутайлик.

– Э ака, шуни ҳали ўйлаб юрибсизми. Мен хафа эмасман, – дейди ука самимий.

– Раҳмат ука, байрамлар муборак бўлсин!

Байрам сайли, ўйин-кулгу кечгача давом этади. Тонг саҳарда эса кайвонилар дошқозонни очиб, сумалакни идишларга қуяди ва ҳаммага тенг тақсимлаб, ёшларга айтиб уйларга тарқаттиради. Сумалакдан татиб кўрганлар “Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин! Наврўздан Наврўзга эсон-омон етиб юрайлик!” дея ният қилади.

Манба: Халқ сўзи

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!