19:27 / 14.07.2018
3 491

Мубашшир Аҳмад: "Фикрлар қарама-қаршилиги Аллоҳнинг неъмати" (видео)

Мубашшир Аҳмад: "Фикрлар қарама-қаршилиги Аллоҳнинг неъмати" (видео)
Ҳамма бир хил фикрлай олмайди. Фикрлар хилма-хиллиги инсоний тур хусусияти. Икки одамнинг фикрида фарқ бўлиши у ёқда турсин, ҳатто бир одамнинг ўз фикри ўзгариб туради-ку. Масалан, имом Шофеъий фиқҳларида “қадим ва янги ижтиҳодлари”, деган ибора бор. Яъни, у зот Мисрга борганларида, айрим масалаларда олдин етиб борган ижтиҳодларини ўзгартирганлар. Инсоният турфа фикрлари ва уларни изҳор қилиш билан ҳаётини тартибга солади. Фикрлар тўқнашувидан ҳақиқатлар туғилади.

Аллоҳ таоло: “Агар Аллоҳ одамларнинг бирини иккинчиси билан даф этиб турмас экан, шубҳасиз, Ер фасодга (бузғунчилик ва харобага) айланган бўлур эди, лекин Аллоҳ (барча) оламларга (нисбатан) фазл эгасидир”, дейди (Бақара сураси, 251-оят). Бу оятнинг тафсирида замонамиз алломаси, шайх, доктор Муҳаммад Ротиб Нобулсий ҳафизаҳуллоҳ шундай дейдилар: “Кучлар мувозанатли бўлса, бу Аллоҳнинг буюк неъматларидан. Агар бир қутб ҳукмронлик қилса, ажаб-ажаб қаёққа қочамиз? Биз мувозанат неъматининг қадорини олдин билмагандик. Ҳозир оламдаги кучлар мувозанати қадр-қийматини яққол кўрмоқдамиз. У заифлар манфаати, кўпгина давлатлар манфаати. Аммо, қувватда бир қутб ҳукмронлик қилса, у раҳм-шафқатсиз, қўрқмасдан ва сесканмасдан хоҳлаган ишини қилади".

“... лекин Аллоҳ (барча) оламларга (нисбатан) фазл эгасидир” – аслида бу кучларни мувозанатли қилган Зотнинг фазли-марҳаматидандир (“Тафсири Нобулсий” 2-жилд, 144-бет).

Демак, фикр ва кучлар бир-бирига даф этиб, қарама-қаршилик қилиб турса, фикрлар ва кучлар ўртасида мувозанат юзага келар ва инсоният ва замин фасодга, бузғунчилик ва харобага юз тутмас экан. Бу илоҳий таълимот ҳали демократия, ҳурфикрлилик ва адолат каби ҳозирда мода бўлган шиор ва тизимлар юзага келмасдан бурун мусулмон жамиятда амалда бўлган ва гуллаб-яшнаган.

Мен гапни узоқдан бошлашим сабаби, кейинги пайтларда ўзбек жамоатчилигида хавфли бир жараён кузатилмоқда. Яъни муқобил фикрга тоқатсизлик, тажовузкорлик. Тушунтираман. Янги ислоҳотлар ҳосиласи ўлароқ жамиятда кучсиз бўлса ҳам фикр эркинлиги, муаммоларга оммавий муносабатлар кўринишлари кўзга кўринмоқда. Бу жуда ҳам таҳсинга лойиқ ҳолат. Чунки юқорида айтганимиздек, фикрлар тўқнашувидан ҳақиқатлар туғилади, қолаверса жараёнларга жамоатчилик назорати кучаяди. Масъул ва мансабдорларда масъулият ҳиссини оширади, уларнинг йўлдан оғишларига тўсиқ бўлади. Бу ҳолат ўзининг айрим самараларини ҳам кўрсатиб улгурди.

Аммо, ўзини ана шу назоратдан ноқулай ҳис қилиш, олдинги имтиёзлардан мосуво бўлиш хавфи ёки эскича ишлашга ўрганиб қолиш айримларнинг пайтавасига қурт туширмоқда. Зимдан ҳурфикрни бўғишга ҳаракат, ёки мавқеидан фойдаланиб, нотўғри бўлса-да ўзининг фикрини м ажбурлаб ўтказиш ҳолатлари юзага келмоқда. Лекин замон ўзгарган, одамлар ҳам ўзгарган. Энди ўзбек жамиятида дунё кўрган, ўқиган ва шу билан бирга диёнатли ёшлар кўпайиб қолган. Улар куч қудратига эмас, мантиқ қувватига бўйсунишади, таҳдид босимига эмас, фикр вазнига эгилишади.

Қолаверса, мусулмонлар ҳозир қўрқитилаётган ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларидаги мусулмонларга ўхшамайди, улардан анча савияли ва ўқимишли. Мен ўша қадим авлод намоёндаси сифатида орадаги фарқни яққол кўряпман. Ўтган аср саксонинчи йилларининг охиридаги мусулмон авлод ташқи дунёни танимаган, динга кўпроқ тақлидан амал қиладиган, яъни диний билимлари қарийб бўлмаган авлод сифатида, бирданига юзага келган эркинликдан эсанкираб, давлатнинг исломий бўлишини, шариат аҳкомлари татбиқ этилишини, жиноятчиларга ҳад жорий қилиш лозимлигини (айрим ўринларда амалда айрим жазо кўринишларини (ҳад эмас) жорий қилиш ҳолатлари учраган), яна кўплаб талабларни соддаларча илгари сурган.

Қолаверса мусулмонларнинг ўрталарида ўзаро кучли зиддият, мазҳаблараро ва оқимлараро низолар юзага келган. Ҳозирги ёш авлод мусулмонлар эса, диний ва дунёвий жиҳатдан ўқимишли, чет элларда ишлаган ё таълим олган, ёки ичкарида қолган бўлса-да замонавий технологиялардан унумли фойдаланган фаросатли, мазҳаблараро бағрикенг, оқимлар борасида маълумотли авлоддир. Бундай авлодни кўпроқ мантиқий фикрлар, далилли жавоблар қаноатлантиради. Бу авлодга олдинги авлоднинг ёрлиғини ёпиштириш ва уларга қўлланган жазо билан таҳдид қилиш асло тўғри эмас ва асло адолатдан ҳам эмас. Бу авлодга мантиқли талаб, ақлга тўғри келадиган тушунтирув ва соғлом фикр маъқуллайдиган ғоялар кифоя.

Бу жуда ҳам осон ва камхарж йўл.

Шунинг учун ҳозирги ислоҳотчи ҳукумат сиёсати бўлган – “Ислом маърифатини тушунтириш” билан бу авлодни рози қилса бўлади. Ошиқча ҳеч нарса керак эмас. Бўлмаса Президентимиз таъбири билан айтганда “экстремистларни ўзимиз, маҳалла ва жамоатчилик” пайдо қиламиз.

Ўзгача фикрга тоқатли бўлишни муқобил томонга ҳам тавсия қиламан. Аммо улардаги ҳолат ўзга фикрга тоқатсизлик эмас, балки ўтмишга қайтишдан ҳадиксираш, яна қатағон машинаси юриб кетишидан қўрқув ва ватани келажаги учун хавотир ҳисларининг йиғиндиси эканини тушунаман. Менимча, бу ҳаммага тушунарли бўлса керак.
Мубашшир АҲМАД

[media=https://youtu.be/FIjcpI9TDxs]

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Мубашшир Аҳмад: "Фикрлар қарама-қаршилиги Аллоҳнинг неъмати" (видео)