
Сербияда футбол баҳси пайтида кутилмаган фожеа юз берди, деб хабар берди zamon.uz.
Суперлиганинг 14-туридан ўрин олган “Младост Лучани” — “Раднички 1923” учрашуви давомида Крагуевац жамоаси бош мураббийи, босниялик мутахассис Младен Жижович вафот этди.
Ҳодиса биринчи бўлимнинг 22-дақиқасида, “Раднички” 2:0 ҳисобида олдинда кетаётган пайтда содир бўлган. Мураббий ўйин майдони четида ўзини ёмон ҳис қилган ва ҳушидан кетган.
Тиббиёт ходимлари дарҳол ёрдам кўрсатишган, лекин барча уринишлар самара бермаган. Жижовични шифохонага олиб кетаётган вақтда унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.
Гувоҳлар сўзларига кўра, мураббий оғир ҳолда ерга йиқилган ва нафаси тўхтаган ҳолда топилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, марҳумда юрак билан боғлиқ соғлиқ муаммолари бўлган бўлиши мумкин. Расмий хулоса ҳозирча эълон қилинмади.
Жижовичнинг вафоти ҳақидаги хабар ўйин пайтида стадионга етказилган ва бу футболчилар ҳамда мураббийлар учун катта руҳий зарба бўлган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!