10:50 / 15.08.2018
5 460

Сенатор Иқбол Мирзо: "Биз қора туш кўраётгандек эдик..."

Сенатор Иқбол Мирзо: "Биз қора туш кўраётгандек эдик..."
Эътибор бергандирсиз, кунларимиз шитоб олиб, вақт йилдиримдек ўтиб боряпти. Авваллари бир ой нари-берисида олинадиган ахборотимиз бир кун-ярим кунда пайдар-пай ёғилиб, ақлимизни шоширяпти. Деярли ҳаммаси ичу теграмизда юз бераётган воқеалар, юртимизга дахлдор янгиликлардан иборат.

Маълумотлар ҳам, уларни етказишга ошиққан манбалар ҳам соат сайин ортаётгани чин. Чунки, айтса аризигулик, ёзса ярагулик, мақтанса ярашгулик воқеалар рўй беряпти: янги шаҳарларга асос солиниб, қишлоқлар қайта бунёд этиляпти, давлатлараро бузилган кўприклар тикланиб, соғинишган қардошлар бир-бирининг елкасига бош қўйиб шукрона айтяпти, йўллардаги тўсиқ-ғовлар олиб ташланяпти, эркин иқтисодий ҳудудлар ташкил этилиб, ишбилармонларнинг қўлбоғи ечиляпти, миллат эртаси учун янги вазирлигу қўмиталарга асос солиниб,мана шу ишларни жадаллаштириш учун фармонлару қарорлар қабул қилиняпти...

Муҳими, ҳеч бири хўжакўрсингамас, ҳаммаси одамлар манфаати, орзу-нияти, хоҳиш-истагига хосу мос, мухтасар айтганда, халқни рози қилиш учун!

Давлатчиликнинг бу мутлақо янги йўриғини кўриб кўпчилик “бўлар экану!” деяётгани, айрим мулоҳазалилар эса “аввал нега бўлмаган экан?” саволи билан ҳайратланаётгани шубҳасиз.

Гап шундаки, кўп йиллар давомида ўзимизни алдаб, ўзимизга маҳлиё бўлиб, бино қўйиб яшадик. Ён қўшниларимизни бездириб, дўстдан душман ясадик, таълимни ислоҳ этамиз деб, болаларимизни кўрсавод қилдик, тиббиёт ғорат бўлди, эркин сўзнинг томоғидан хиппа олдик. Натижада кун кўриш учунгина яшайдиган, юрагига қўрқув уя қурган, қориндан бошқа нарсани ўйламайдиган, қўшнисига қайишмайдиган, лоқайд ва карахт муҳит пайдо бўлди. Шу аснода истеъдодлар четга сурилиб, устоз адиблар эътиборсиз қолдирилди. Дарди ичига тушган миллатсевар зиёлилар узлатга чекинди. Кўпчиликнинг кўнгли тубидаги келажакка умид шамлари бир-кетин ўча бошлади. Биз умумий қора туш кўраётгандек эдик. Ҳа, улуғ адибимиз айтганидек, қанча-қанча умрлар тушда кечди, уйқуда зое бўлди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев қайта-қайта “энг катта ички душманимиз - бефарқлик”, деб таъкидлаётгани, бу балога қарши маърифат билан курашиш кераклигини куюниб уқтираётгани бежиз эмас. Давлат раҳбари ва халқ олдида машаққатли довон турибди: энди биз чорак аср амалга оширилмаган ишлар билан бирга бугунги замон талаб қилаётган вазифаларни ҳам уддалашимиз керак.

Бутун дунё адабиётни иқтисод чангалига ташлаб, ўзинг учун ўл етим, деб турганида нега бизнинг Президент адиб-зиёлиларни бунча сийлаб, марҳамат кўрсатяпти? Боиси, тарихан миллатнинг етакчилари, ойдинлари бўлиб келган Чўлпону Қодирийлар, Беҳбудий ва Авлонийлар элпарварлиги, маърифати, шижоати, ғайрати ва фидойилиги бугун ғоят зарур.

Ўтган ҳафтада юртимизда “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро конференция ташкил этилиши ва тадбир иштирокчиларига Президентнинг табрик йўллаши, пойтахтимиз кўчаларига Махтумқули, Чингиз Айтматов, Якуб Колас номлари берилиши адабий алоқалар абадий дўстлик алоқалари сифатида безавол яшашига хизмат қилади, албатта. Бундан кўринадики, юртбошимизнинг адабиёт, маънавият билан боғлиқ мақсад-муддаолари улуғ, қамров-ўлчами бениҳоя кўламдор.

Иккинчи Жаҳон уруши даврида юртимизга кўчирилган миллионлаб кишилар орасида Беларусь халқ шоири Якуб Колас ҳам Тошкентда жон сақлаганидан хабарингиз бор. Шоир пойтахтимиз муҳитига, анҳорларига маҳлиё бўлиб “Салор”, “Бўзсув” номли самимий шеърлар ёзган.Меҳмонларга ҳам илҳом улашган Бўзсув нафаси уфириб турган ҳудудда Президент ташаббуси билан қалам аҳли учун бугун кўркам хонадонлар қад ростлади, сўлим сайилгоҳ бунёд этилди. Давлатимиз раҳбари мазкур масканга ташрифи чоғида ёзувчи-шоирлар сув ёқалаб, сайилгоҳни кезиб, илҳом олиб, маърифат тарқатишини кўзлаб мана шу хайрли ишлар амалга оширилганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Бу эзгу орзуларнинг рўёби, аввало, ижодкор зиёлиларнинг ислоҳотлар шиддатини, салобатини қанчалар чуқур англаши, ҳис қилиши ва ёниб яшашига боғлиқ. Зеро, ёнган юрак зиёли бўлади, бошқаларга ҳам ёғду улашади.

Давлат равнақи, халқ саодати, авлодлар бахту камоли учун бефарқликка қарши чинакам ҳаёт-мамот кураши бошланди. Халқимизнинг олтин китоби “Девону луғатит-турк”да айтилганидек, “Алп – ёғийда, алчақ – ёғида”, яъни ботир – душман олдида, жангда, олчоқ эса баҳсларда синалади. Бизнинг қай тоифага мансублигимизни Ватан тақдирига муносабатимиз, амалий ишларимиз яққол кўрсатадиган синов давридамиз, дўстларим.
Иқбол МИРЗО, Ўзбекистон халқ шоири

Манба: “Халқ сўзи”
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Сенатор Иқбол Мирзо: "Биз қора туш кўраётгандек эдик..."