Россияда оғир аҳволда қолган етти бола ватанига қайтарилди

Россиянинг Новосибирск шаҳрида оғир ижтимоий вазиятда ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз қолган етти нафар вояга етмаган бола Ўзбекистонга қайтарилди. Миграция агентлиги ва Бош консулхона саъй-ҳаракатлари билан болаларга қайтиш гувоҳномалари расмийлаштирилиб, уларнинг ватанга келиши учун барча ташкилий масалалар тезкорлик билан ҳал этилди. Инсонпарварлик тамойиллари асосида амалга оширилган ушбу тадбирдан сўнг, болаларнинг кейинги тақдири ва ижтимоий ҳимояси мутасадди ташкилотлар назоратига олинди.
Россия ҳудудида мураккаб вазиятда қолиб кетган 7 нафар бола Ўзбекистонга олиб келинди. Бу ҳақда Миграция агентлиги расмий маълумот берди.
Қайд этилишича, Новосибирск шаҳрида икки нафар ўзбекистонлик аёл ўз фарзандлари билан қийин шароитда яшаб келган. Улардан бири 5 нафар, иккинчиси эса 2 нафар вояга етмаган боласи билан қолган бўлиб, болаларнинг бирортасида ҳам шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган.
Мазкур вазиятдан хабар топган Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси ҳамда Ўзбекистон Бош консулхонаси томонидан зарур чоралар кўрилган. Хусусан, болаларга қайтиш учун махсус гувоҳномалар расмийлаштирилиб, барча ҳуқуқий ва ташкилий масалалар тезкорлик билан ҳал этилган.
Шундан сўнг, болалар учун авиачипта харид қилиниб, улар кузатув остида Ўзбекистонга олиб келинган. Мутасаддилар ушбу жараён инсонпарварлик тамойиллари асосида амалга оширилганини таъкидлади.
Маълум қилинишича, ҳозирда болаларнинг кейинги тақдири ва ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ масалалар тегишли ташкилотлар томонидан кўриб чиқилмоқда.





























Изоҳлар 0
…