11:48 / 21.09.2018
7 364

Инқилобларни даҳолар ўйлаб топади, уни "бандитлар" амалга оширади

Инқилобларни даҳолар ўйлаб топади, уни "бандитлар" амалга оширади
Ҳар қандай давлат муайян қонунлар доирасида фаолият юритади. Қонунларнинг асосийси, табиийки, Конституциядир. Конституция ҳар бир жамиятнинг мафкураси, қадрияти ва маданий-тарихий тараққиётини акс эттиради. Герб, Байроқ ва Мадҳия сингари Конституция ҳам ҳар бир мамлакатнинг рамзидир. Агар инсонларнинг бошига оғир иш тушгудек бўлса, унга “виждонинга қараб иш кўр” дейишади. Бу каби ҳолат бирор бир мамлакатда кузатилгудек бўлса, у ҳолда бу мамлакатнинг Конституцияси ёрдамга келади. Конституция ҳам тўғри, ҳам кўчма маънода ҳар бир давлатнинг виждонидир.

Конституция (лотинча constitutio — қурилма, ўрнатиш) — давлатнинг асосий қонуни, алоҳида норматив ҳуқуқий акти бўлиб олий юридик кучга эга. Конституция давлатнинг сиёсий, ҳуқуқий ва иқтисодий асосини белгилаб беради. Конституция референдум ўтказиш орқали ёки парламент томонидлан қабул қилинади. Тахлилчиларнинг фикрича, томонлар ўртасидаги муносабатларни шакллантиргани боис ҳам Конституцияни давлат ва фуқаролар ўртасидаги шартнома дейиш мумкин.

Конституция давлат қурилиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ўзида жамлагани, барқарорликни таъминлагани боис ҳам бошқа қонуний ҳужжатлардан алоҳида ажралиб туради. Бугунги кунда жаҳонинг 200та давлатида Конституция мавжуд. Лекин ҳамма давлатларда ҳам “Конституция” деб номланган ҳужжат йўқ. Бу борада Буюк Британия, Янги Зеландия, Саудия Арабистони ва Исроил каби давлатларни мисол сифатида келтириш мумкин. Бу мамлакатларда Конституция вазифасини айрим қонунлар, суд қарорлари бажаради.

Конституция ҳар бир жамиятнинг мақсадларини намоён этади. Энг қадимий ва шу билан бирга ҳозир ҳам амалда бўлган конституция Сан-Маринонинг асосий қонуни ҳисобланади. Бу ҳужжат 1600 йилда қабул қилинган. Аммо Асосий қонунга 1300 йилда қабул қилинган шаҳар низоми ўзак бўлгани айтилади. Шунингдек, 1529 йилда қабул қилинган Литва Буюк Князлиги Статути ҳам илк конституциялардан бири экани тан олинади. Замонавий кўринишдаги биринчи Конституция 1787 йилда АҚШда қабул қилинган. Европадаги илк Конституция Польшада 1791 йил 3 майда қабул қилинган Асосий Қонун ҳисобланади. Ўша йилнинг сентябрида Францияда ҳам Конституция қабул қилинган. Бироқ бу констутциялар узоқ яшамади. Польшанинг бўлиниб кетиши ва Франциядаги инқилоблар бу икки мамлакат конституцияларининг фаолиятига барҳам берди.

Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари, интернет хабарларида у ёки бу мамлакатда “Конституция фаолияти вақтинча тўхтатилгани” тўғрисида хабарлар тарқатилади. Тахлилчиларнинг фикрича инқилоблар, ҳарбий тўнтаришлар туфайли мамлакатларда конституцияларининг амал қилиши тўхтатилади. Инсоният тарихида ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга қаратилган “инқилоб”, “давлат тўнатириши”, “ҳарбий тўнтариш” каби кўплаб иборалар яратилган. Инқилобга баҳо берганларнинг фикрича, “инқилоб – бу ёмон ҳукмдорни йўқ қилиб, ундан ҳам ёмон ҳукмдорга эга бўлиш учун муваффақиятли интилишдир”. Яқин-яқиндан бошлаб “рангли инқилоб” атамаси пайдо бўлди. Тўғрироғи, таҳлилчиларнинг фикрича, рангли инқилоб ибораси ҳукуматларга қарши рухий хужумларни англатади. Хокимиятни куч билан эгаллашга уриниш билан боғлиқ воқеалар кўпайиб кетганидан ишлатилаётган ибораларда чалкашликлар кўзга ташланмоқда.

Инқилоб ва давлат тўнатириши бир-бири билан гўё қоришиб кетгандек туюлмоқда. Маълумки, қайси бир мамлакатда инқилоб юз бергудек бўлса, ўша мамлакатда давлат тузуми ўзгаради. Давлат тўнтариши эса бир гуруҳ одамлар томонидан хокимиятни эгаллаб олиш демакдир. Иқтисодий муаммолар, ишсизлик ва коррупция рангли инқилобларни келтириб чиқарди, деган гапларга тўла қўшилиб бўлмайди. Бу борада ўз манфаатларини ҳамма нарсадан юқори қўйган ташқи кучларнинг таъсири кўпроқ бўлади, дейиш тўғрироқ.

Рангли инқилоблар ижтимоий кўриниш эмас, балки сиёсий буюртма деган гапларда ҳам жон бордек. Чунки хокимият ўзгаргани билан жамият ҳаётида деярли ўзгариш кузатилмаяпти. Таҳлилчилар бир овоздан рангли инқилоблар ташқи кучларнинг ёрдами билан амалга оширилишини айтиб келишади. Бунда кўпинча сайловлардан фойдаланилади. Овозларни ҳисоблаб чиқишда сохтагарчиликларга йўл қўйилгани айтилади ва мухолифат ўз тарафдорларини кўчага олиб чиқади.

Сўнгги вақтларда жахонда кузатилаётган рангли инқилоблар ҳақида кўп ёзилди ва яна кўп ёзилади. Рангли инқилоблар юз берган мамлакатлардаги вазият таҳлил қилинадиган бўлса, одамларнинг турмуш тарзи яхшиланиш ўрнига баттар ёмонлашгани, мамлакатлар турли бўлакларга бўлинган холда маҳаллий кланлар томонидан бошқарилаётганини, миллатчилик ва шовинизм авжига чиққанини кўрамиз. Хокимиятни қўлга киритган мухолифат вакиллари ўртасидаги келишмовчиликлар ҳам мамлакат пароконда бўлишига сабаб бўлмоқда. Инқилоблар “демократия биз учун ҳамма нарса” шиори билан бошланади. Бунда қашшоқлик, очарчилик кўзга кўринмайди. Гўёки бу фожеа эмас. Хокимият ўзгариши билан ҳамма нарса яхши томонга ўзгаради, деб чўпчак айтилади.

Рангли инқилобларнинг сценарийси қуйидагича: Бирор бир мамлакат худудларида инсонпарпаварлик ғояларини бошпана қилиб олган нохукумат-нотижорат ташкилотлари фаолият юритади. Улар жамият ҳаётининг барча тармоқларини қамраб олади. Биринчи навбатда маҳаллий “мустақил” оммавий ахборот воситалари устидан назорат ўрнатади. Энг сўнгги дақиқаларда ҳам ННТлар ўзларининг асл мақсадларини “маҳаллий” вакилларига ошкор қилишмайди. Фақат демократиядан гап сотишади. Ҳар эҳтимолга қарши, бир неча сиёсатчини рангли инқилоблардан сўнг тузиладиган ҳукумат раҳбарлигига тайёрлашади. Улардан бири инқилоб йўлида халок бўлиши ҳам мумкин. Унинг байроғини бошқа сиёсатчи баланд тутиши ҳам олдиндан режалаштирилган бўлади.

19 асрда хокимият ҳарбий тўнтаришлар, инқилоблар билан ўзгартирилган эди. 20 аср охирига келиб “рангли инқилоб” “мода”га кирди. Рангли инқилоб — XX1 асрда нохукумат-нотижорат ташкилотлари томонидан содир этиладиган глобаллашув инқилобидир. Бунда хокимият куч ишлатиш йўли билан ўзгартирилади. Намойишлар вақтида мухолифат қонунларни бузиши мумкин. Овоз бериш жараёни қандай якунланишидан қатьий назар мухолифат ўзини ғолиб деб эълон қилади. Рангли номзод ўзини давлат раҳбари деб эълон қилади ва бу қарор ғарбда демократия тантанаси сифатида баҳоланади ва қабул қилинади.

Рангли инқилоб очиқчасига тайёрланади ва очиқчасига амалга оширилади. Рангли инқилобларнинг иштирокчилари аҳолининг жуда ҳам кам қисмини ташкил қилади. Улар ғарбнинг турли туман стипендлияларини олиб хорижда ўқиб ва ишлаб келган ёшлардир, холос. Рангли инқилобларнинг асосий ҳаракатланувчи кучи сифатида хали онги шаклланишга улгурмаган ёшлар ва аёллар деб тан олинган.

Шу кунга қадар барқарор бўлган Шимолий Африкадаги давлатлар, уларда юз берган инқилоблар натижасида ижтимоий-иқтисодий ҳаётни бутунлай издан чиқарди. Таҳлилчиларнинг фикрича, ҳар бир инқилобнинг ўзига хос шиори (масалан, озодлик, тенглик, биродорлик, адолат) ёки миллий озодлик ҳаракати деб айтиладиган ғояси бўлади. Бироқ Шимолий Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларида бу каби шиор ҳам, ғоя ҳам кўзга ташланмайди. Рангли инқилобларни амалга оширган “оломон” бирор бир сиёсий дастурни ўртага ташлаганини кўрмадик. Фақат халқнинг хокимиятга бўлган ғазабидан бошқа нарсаси кўтариб чиқилмади.

Таҳлилчилар, “Шимолий Африка ва Яқин Шарқдаги рангли инқилобларни тор маънода, яъни ички фуқаролар можароси сифатида кўриш керак эмас, балки глобал сиёсат сифатида қараш лозим”, демоқда. Бу минтақада бир қатор давлатларнинг манфатлари ўзаро тўқнашишидан асло кўз юмиб бўлмайди.

Ўз маслакдошлари томонидан ўлдирилган буюк француз инқилобчиси Жорж Жак Дантон(1759—1794)нинг “инқилоб ўз фарзандларини ейди”, деган сўзлари ўз исботини топаётгандек. Чунки ўзини инқилоб фарзанди деб атаган Ж.Ж.Дантоннинг бу сўзлари ҳозир ҳам долзарблигини йўқотмаган. Кечаги дўстлар бугун душманларга айланишмоқда. Чунки хокимиятни қўлга олганлар ўз шериклари билан ниманидир бўлишишни исташмаяпти. Инқилоб ўз болаларини икки сабабга кўра, гувоҳ ва рақиб бўлгани учун емоқда. Ширинликни шериклари билан бўлишиш ўрнига битта ўқ билан уни йўқ қилишни афзал кўришмоқда. Ҳар холда ўқ арзонроқ-да.

Барча инқилоблар фожеали оқибатларни келтириб чиқаргани тарихдан маълум. Бир вақтлар “Инқилобларни дахолар ўйлаб топади, уни бандитлар амалга оширади” деган гап бўларди. Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатларидаги Интернетнинг ижтимоий тармоқлари орқали содир этилган бўлишига қарамай рангли инқилоблар шуни кўрсатмоқдаги қашшоқлик инқилобга, инқилоб эса қашшоқлика олиб келди. Демократик танлов деб айтилаётган рангли инқилоблар оқибатида хокимиятга радикал кўз қарашдаги одамлар келиб қолмаяптимикан?

“Инқилобнинг бошланиши бор, аммо якуни йўқ” деган гапда жон бор. Рангли инқилоблар юз берган мамлакатлардаги ахвол буни яққол исботидир. Инқилоблар қизил гаплар билан бошланиб, қизил қон билан якунланади. Рангли инқилоблар нафақат ўз фарзандларини, балки мамлакат фарзандларни емоқда. Чунки мамлакатда юзага келган бош-бошдоқлик сабаб эртанги кундан умидини узган болалар ҳалок бўлмоқда ёки катталар сингари қўлга қурол олишга мажбур бўлишмоқда. Қон, зўравонлик, қўрқув ва одамларни камситиш рангли инқилоблар юз берган мамлакатлардаги жамиятни қамраб олди. Зўравонлик эса зўравонликни келтириб чиқармоқда. Эндиликда болаларга ўқишни ўргатиш эмас, урушни ўргатиш урфга киргандек. “Инқилоб икки кунда ўн йилларга тенг ишни қилади ва ўн йилда беш юз йиллик меҳнатни йўқ қилади”.

1992 йилнинг 8 декабр куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимизнинг хоҳиш-иродаси, ҳуқуқ ва манфаатларини ўзида ифода этган, миллий ва умуминсоний қадриятлар мужассамлаштирилган қомусдир. Mамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат барпо этилмоқда. Конституциямиз эса бу жараённинг асосий пойдеворидир. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси – мустақил давлатимизнинг асосий қонуни сифатида мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, демократик ислоҳотлар ва янгиланишларга мустаҳкам ҳуқуқий замин яратди. Давлатимиз халқ манфаатларини ижтимоий ҳимоя тизими орқали таъминламоқда. Жамиятимизда ҳеч ким эътибордан четда эмас. Мамлакатимиз Конституцияси инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамияти асосларини шакллантириш ва ривожлантириш, жамият ҳаётининг барча соҳаларини изчил либераллаштириш ва модернизация қилиш ҳамда «кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари» тамойилини амалга татбиқ этишда мустаҳкам ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилмоқда.
Шарофиддин Тўлаганов

Манба: Tnews.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Инқилобларни даҳолар ўйлаб топади, уни "бандитлар" амалга оширади