07:02 / 12.10.2018
4 252

Ўқувчилар журъат ва бардошни эркак ўқитувчидан ўрганади

Ўқувчилар журъат ва бардошни эркак ўқитувчидан ўрганади
“Maʼrifat” газетасининг 2018 йил 15 сентябрь сонида чоп этилган “Эркак ўқитувчилар мактабга қайтмоқда” сарлавҳали мақола эътиборимни тортди.

Сўнгги йилларда турли сабабларга кўра эркак ўқитувчиларнинг соҳадан узоқлашгани таълим сифатига салбий таъсир ўтказмай қолмади. Фаолиятимни бошлаган илк йилларда мактабимизда 7-8 нафар эркак ўқитувчи бўлиб, уларнинг ҳам 2 нафари директор ўринбосари эди. Синфларда ўғил болалар кўп бўлгани сабаб тез-тез муаммолар юз берарди. Ҳатто айрим аёл раҳбарлар эркак ўқитувчиларга қўпол муносабатда бўлгани ҳам бор гап. Бу жуда ачинарли ҳол эди.

Яқинда ўша илк бор педагог сифатида иш бошлаган мактабга йўлим тушди. Мактаб остонасига қадам қўйишим билан қатъий тартиб-интизом ўрнатилганига гувоҳ бўлдим. Мактаб формасида йўлакни тўлдириб юрган ўқувчилар мени кўрибоқ салом бериб, йўл бўшатишди. Йўлакда елкасига ноутбук осган ёшгина йигит ўқувчилар қуршовида турарди. У шогирдларига нималарнидир тушунтириш билан банд эди. Устозга қадалган кўзлар меҳр-ла ёниб турибди. Суриштириб билсам, бу йигит яқинда олий ўқув юртини тамомлаб, мактабда илк педагогик фаолиятини бошлаган экан.

Ҳозир мен Жиззах вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги ИДУМИда фаолият юритаман. Бу таълим даргоҳи 1997 йили ташкил этилган бўлиб, вилоятдаги ягона хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат ҳисобланади. Муассасамизда 67 нафар ўқитувчи 1300 дан ортиқ ўқувчиларга таълим бериб келмоқда. Қувонарли жиҳати, ўқитувчиларнинг 25 нафари (37,3 фоиз) эркаклар. 2008 йилда уларнинг сони 10 нафардан ошмас эди.

Президентимизнинг “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилаётган ишлар самараси ўлароқ ўқитувчиларга берилаётган эътибор ва имтиёзлар эркак ўқитувчиларнинг мактабларга қайтишига сабаб бўлмоқда. Бир пайтлар шу таълим муассасасида фаолият юритиб, кейинги йилларда академик лицейларда дарс берган тажрибали устозлар яна жамоамиз сафига келиб қўшилди. Улар билан бир қаторда ёш мутахассислар ҳам эркак ўқитувчилар сафини кенгайтирди.

2011-2012 йилларда бироз муддат директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишладим. Очиғи, фаолиятим давомида қийналган пайтларим кўп бўлди. Иш, оила, рўзғор ташвишлари, фарзандлар тарбиясини тенг олиб бориш аёл киши учун оғирлик қилишини сездим. Ўшанда бундай лавозимда эркак ўқитувчилар ишлагани маъқул, деган фикрга келдим. Ҳозир мактаб-интернатимиз директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Фаррух Туробов олиб бораётган ишларни кўриб, бу хулосам тўғри эканига яна бир бор амин бўлдим. Эрталабдан бизни мактаб остонасида кулиб қарши оладиган бу инсон мактабимиз раҳбари Санобар Суярованинг кўмакдоши. Шунинг учун бўлса керак мактабимизда жиноят содир этиб, вояга етмаганлар билан ишлаш бўлимларида рўйхатда турадиган ўқувчилар мутлақо бўлмаган.

Таълим муассасамизда эркак ўқитувчилар ўзаро кичик гуруҳларга бўлинган бўлиб, улар ўқувчиларнинг дарс ва дарсдан бўш вақтлардаги фаолиятини белгиланган ҳудудларда мунтазам назорат қилиб боради. Ўрнатилган қатъий тартиб-интизом ва таълим сифатининг юқорилиги сабаб фарзандининг шу мактабда таълим олишини хоҳловчи ота-оналар йилдан-йилга кўпаймоқда.

Мактабларда эркак ўқитувчилар сонининг ортиши фарзандларимизнинг нафақат тартиб-интизомли, балки журъатли, масъулиятли, бардошли, ваъдасининг устидан чиқадиган, бир сўзли бўлиб улғайишида жуда ҳам муҳим. Ўғил болалар ҳақиқий йигит, Ватан посбони сифатида тарбиялаш учун ҳам эркак ўқитувчиларнинг таълим жараёнидаги фаол иштироки зарурлиги айни ҳақиқат.
Дилафрўз БОБОЖОНОВА, ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси

Манба: marifat.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўқувчилар журъат ва бардошни эркак ўқитувчидан ўрганади