16:52 / 13.10.2018
3 948

Коррупцияга аралашган бу аёллар нега Лондонни танлашади? (фото)

Коррупцияга аралашган бу аёллар нега Лондонни танлашади? (фото)
Буюк Британиянинг Жиноятчиликка қарши кураш миллий агентлиги (NCA) бу йил биринчи марта икки объектга нисбатан келиб чиқиши ноаниқ бўлган кўчмас мулк борасида сўров жўнатди. Бу ҳақда Kun.uz нашри хабар бермоқда.

Бундай талаб йил бошида қўйилган, бироқ жавоб берувчининг шахси фақатгина энди ошкор этилди.

Гап 2001-2015 йилларда Озарбойжон Халқаро банкини бошқарган Жаҳонгир Ҳожиевнинг турмуш ўртоғи Замира Ҳожиева ҳақида кетмоқда. Ўтган ўн йилда у Harrods универмагида 16 миллион фунт стерлинг (21 миллион доллар) сарфлаган, бир кунда 150 минг фунт (197 минг доллар)га баҳоланувчи заргарлик буюмларини харид қилган.

Аввалроқ, Британия ҳукумати активлар эгаларига уларнинг қиймати 50 минг фунтдан ошиқ бўлса, мол-мулк қандай манба ҳисобидан харид қилингани ҳақида сўров юбориш ҳуқуқига эга бўлди. Гап, биринчи навбатда, жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахслар, шунингдек, Европа иқтисодий ҳудуди ташқарисидаги мамлакатлардан бўлган нуфузли сиёсатчилар ҳақида кетмоқда.

Ҳожиева иши бўйича эшитувлар Лондон Юқори судида июлда бошланди. Ундан 2009 йилда Лондоннинг Knightsbridge туманидан 11,5 миллион фунтга сотиб олинган уй, шунингдек, Эскот яқинида 2013 йилда 10,5 миллион фунтга харид қилинган ер участкаси бўйича изоҳ бериш сўралган. Агар Ҳожиева пуллар қаердан келиб чиққанини тушунтириб бера олмаса, мол-мулк мусодара қилиниши мумкин.

Аёлнинг турмуш ўртоғи Озарбойжонда фирибгарлик, лавозимини суиистеъмол қилиш ва бошқа айбловлар бўйича 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳамда 40 миллион долларга яқин жаримага тортилган. Ҳожиев айбловларни тан олмаган, унинг турмуш ўртоғи ва адвокати бу айбловларни мутлақо адолатсиз, деб аташган.

Лондондаги эшитувларда маълум бўлишича, Замира Ҳожиева Лондонда дабдабали ҳаёт кечирган. Хусусан, суд ҳужжатларида таъкидланишича, у бизнес-жетларда парвоз қилган, сўнгги 10 йилда эса Лондондаги Harrods универмагида тахминан 16 миллион фунт сарфлаган.

Келиб чиқиши номаълум бўлган мол-мулк ҳақидаги сўров нима?

Бундай сўровларни юбориш имконини берувчи қонун Буюк Британияда коррупцияга аралашган хорижий мансабдор шахслар ва пул ювиш билан курашиш учун қабул қилинди. Жиноятчилик билан курашиш бўйича миллий агентлик терговчиларининг фикрича, Буюк Британиядаги кўчмас мулкка хориждан миллиардлаб пуллар инвестиция қилинган.

Бироқ, ҳозиргача бундай шахсларга айблов қўйиш ёки уларнинг мулкини хатловга олиш далилларнинг йўқлиги сабабли жуда қийин эди. Янги қонунга биноан, гумонланувчилар пулнинг келиб чиқишини батафсил тушунтиришлари керак. Агар улар капитал қонуний йўл билан олинганини исботлай олмасалар, Жиноятчилик билан курашиш бўйича миллий агентлик мулкни мусодара қилиш масаласи Олий судга мурожаат этиши мумкин.

Эр-хотин Ҳожиевлар ҳақида нималар маълум?

Жаҳонгир Ҳожиев 2001-2015 йилларда Озарбойжон Халқаро банкига раҳбарлик қилган. 2016 йилда у фирибгарлик, лавозимини суиистеъмол қилиш ва бошқа айбловлар бўйича 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди ҳамда 40 миллион долларга яқин жаримага тортилди.

Британия Виргин оролларида рўйхатдан ўтган компания бундан етти йил олдин Harrods универмагидан бир неча дақиқалик пиёда масофада 11,5 миллион фунт стерлингга уй сотиб олган. NCA’нинг маълум қилишича, бу компания Ҳожиевлар оиласига тегишли. 2013 йилда Замира Ҳожиевага қарашли яна бир компания Аскот яқинида Mill Ride нуфузли гольф-клубининг ярмини сотиб олди.

Замира Ҳожиева инвестор визасини олди ва Буюк Британияда доимий яшаш ҳуқуқига эга.

Ҳожиевлар Буюк Британияда пулни нималарга сарфлашган?

Суд жараёнининг бошида Ҳожиевлар ҳужжатларда фақат жаноб ва хоним А. деб аталган. Судда маълум бўлишича, 10 йил ичида Замира Ҳожиева Harrods универмагида 16 миллион фунт стерлинг маблағ сарфлаган – бу кунига 4 мингдан ортиқ.

Судда бир кун ичида у Boucheron фирмаси маҳсулотига 150 минг фунт сарфлагани борасида далиллар тақдим этилди. Ушбу фирма дабдабали заргарлик буюмлари, парфюмерия ва соатлар ишлаб чиқаради.

Эртаси куни, суд эшитувлари давомида айтилишича, у 1800 фунт сарфлаб, ўзининг ичимликлар захирасини тўлдирган. Бошқа бир кун у 100 минг фунтни Cartier заргарлик буюмларига сарфлаган. Шунингдек, 20 минг долларга эри учун совғалар сотиб олган. Ҳожиевада Озарбойжон Халқаро банки томонидан берилган 35та банк картаси бўлган.

Расмий маълумотларга кўра, Ҳожиевлар Harrods хусусий автотураргоҳида машиналар учун иккита жой сотиб олишган, Замира Ҳожиева эса Gulfstream G550 самолётини 42 миллион долларга харид қилган.

Ҳожиева ўз айбини тан олдими?

Йўқ. Унинг билдиришича, ҳеч нарсада айби йўқ ва суд орқали сўровни бекор қилишга уринмоқда. Ҳожиевлар адвокатларининг Олий судда маълум қилишларича, улар адолатсизлик қурбонига айланишган.

Жаҳонгир Ҳожиев ўз банки ҳисобларидан фирибгарлик йўли билан йирик миқдордаги пулларни олиб чиқиб кетганини рад этмоқда. У шикоят аризаси билан мурожаат қилди, аммо ҳукм ўзгармади. Унинг адвокатлари сўзларига кўра, у Озарбойжон ҳукмдор доиралари билан жанжаллашиб қолган ва бунга ўз озодлиги билан тўлади.

У Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судини ўз ишини кўриб чиқишга чақирди.

Замира Ҳожиеванинг Британия судида маълум қилишича, турмуш ўртоғи – банк раҳбари бўлишидан аввал бизнес орқали бойиб кетишга муваффақ бўлган ҳалол тадбиркор.

Бироқ, Жиноятчилик билан курашиш бўйича миллий агентликнинг билдиришича, 1993 йилдан 2015 йилгача Ҳожиев давлат хизматида бўлган ҳамда бундай катта миқдорда пул ишлаб топмаган.

Буюк Британия ҳукумати Гулнора Каримованинг ҳам активларини хатлашни режалаштирмоқда

Буюк Британия ҳукумати Гулнора Каримованинг ҳам қироллик ҳудудидаги кўчмас мулк объектлари ва бошқа активларини хатлашни режалаштирмоқда.

«Бошқарма 2002 йили жорий этилган қонунга мувофиқ, объектларни фуқаролик тартибида мусодара қилиш ҳақида суд даъвоси билан мурожаат қилди. Даъво бир неча активларга, шу жумладан, Ўзбекистонда Гулнора Каримова ва Рустам Мадумаров иштирокидаги коррупциявий битимлардан олинган даромадлардан фойдаланиб сотиб олингани тахмин қилинадиган учта кўчмас мулк объектига тааллуқлидир», дейилган Британиядаги Ўта йирик миқдордаги фирибгарликларга қарши курашиш бюроси (Serious Fraud Office) хабарида.

Ўзбекистон Бош прокуратурасидан маълум қилишларича, маҳкама ходимлари хорижий давлатлардаги ҳамкасблар билан ҳамкорлик қилмоқда, жумладан, Швейцария прокуратураси билан қалин алоқалар йўлга қўйилган.

«Британия томони бўйича масалага келсак, айни дамда Британия ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари билан Гулнора Каримова иши бўйича қонуний кучга кирган суд қарори доирасида активларни қайтаришга доир музокаралар олиб борилмоқда», – дея айтиб ўтди Бош прокуратура матбуот хизмати вакили Сурайё Раҳмонова.

Гулнора Каримова ва Замира Ҳожиева ўртасида ҳеч қандай алоқалар мавжуд бўлмаса-да, Британияда келиб чиқиш манбаси ноаниқ бўлган пулларга қарши фаол кураш бошланганига эътиборингизни қаратмоқчимиз.

Фактлар

Financial Times маълумотларига кўра, ҳар йили Лондонга кириб келувчи, келиб чиқиш манбаси ноаниқ бўлган пуллар оқими 90 миллиард фунт (тахминан 120 миллиард доллар)ни ташкил этади.

NCA’нинг иқтисодий жиноятлар билан курашиш бўйича бўлими директори Дональд Туннинг айтишича, маҳкама манбаси тушунарсиз бўлган бойликлар бўйича ордерлардан активларни музлатиш учун кенгроқ фойдаланишга тайёрланмоқда. Бу, ўз навбатида, экспат-россияликлар жамоасида катта ташвиш уйғотди. Суд томонидан рухсат бериладиган ушбу восита, агар эгалари харид қилишга қонуний пуллардан фойдаланилганини исботлаб бера олишмаса, терговчиларга мулкни хатлаш имконини беради.

«Биз Россиянинг потенциал объектларини кўриб чиқяпмизми? Ҳа, албатта. Буюк Британиядаги қимматбаҳо рус активларини кузатяпмиз, судга мурожаат қила олишимиз ва бу активларга нисбатан шубҳали бойлик бўйича ордер олиш имкониятимизни ҳам кўриб чиқмоқдамиз», – деди Тун газетага берган интервьюсида.

Шунингдек, Тун ҳуқуқшунослар, бухгалтерлар ва молиявий жиноятларнинг бошқа «профессионал воситачиларини» огоҳлантирди. Унинг маълум қилишича, улар NCA’га шубҳали битимлар кўрсатиб ўтиладиган кўпроқ мурожаатлар юборишлари керак.

Унинг умид қилишича, келаси йилнинг сентябрь ойига келиб, шубҳали бойликлар бўйича ордерлар сони икки баробар кўпаяди.

Дарвоқе, Британия олдин, Борис Ельцин президентлиги даврида, олигархлар ҳақида индамаган, бироқ бир неча ҳодисалардан сўнг, Лондон шубҳали пулларга нисбатан ўз сиёсатини ўзгартиришга қарор қилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Коррупцияга аралашган бу аёллар нега Лондонни танлашади? (фото)