Мақсад «пул шилиш»ми?..

  • 27 март 2019, 17:30
  • 1 554
  • Жамият
  • Мақсад «пул шилиш»ми?..
    Ўзбекистонни дунёнинг узоқ ва яқин давлатлари қанчалик билишади? Ўқитувчим жуда хуноб бўлиб бир воқеани айтиб берганди. Анча йиллар аввал Лондонга борганида бир англиялик устозимнинг эгнидаги миллий чопонимизни кўриб «буни қаердан олдингиз», деб сўрабди. Шунда устозим фахрланиб «бу менинг юртим Ўзбекистонники» деганида, англиялик «Ўзбекистон деган гипермаркет қаерда» деган экан. Устозим юртимиз ҳақида батафсил айтиб бергач, англиялик «ҳа тушундим УзПакистан» деб жавоб берибди.

    Ҳозир замон ўзгарди, ватанимиз дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлмоқда. Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари ичида чет эллик сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган мамлакат, яъни туристик марказ ҳисобланади. Соҳада охирги йилларда катта ўзгаришлар қилиняпти, лекин муаммолар ҳам йўқ эмас. Хўш мамлакатимизга келган сайёҳларни қандай муаммолар қийнайди?

    Ортиз Нетали, испаниялик сайёҳ:
    — Ўзбекистонга рафиқам билан келдим. Бухоро ва Самарқанд каби тарихий шаҳарларда бўлдик. Одамлари меҳмондўст ва овқатлари ширин. Интернетда кўрганимда бу ер замондан ортда қолгандек таассурот уйғотганди. Чунки, интернет орқали Ўзбекистонни қидирганимда расмлар шундай ўйлашимга сабаб бўлганди. Аммо тарихий шаҳарларга келиб ундай эмаслигига ишонч ҳосил қилдим. Лекин бозорлардаги тартибсизликлар, айниқса ҳўл мева ва сабзавотларнинг ерда ёйиб сотилиши дилимни хира қилди. Ҳужжат тўлдиришда, меҳмонхона танлашда, шаҳарлараро йўлларда жуда қийналдим. Аэропортдан тушганимда меҳмонхонагача 50$га борганман, аслида такси нархи анча арзонлигини кеч билдим.

    Зешаан Зоҳид, покистонлик сайёҳ:
    — Юртингизни яхши биламан. Мен, айниқса, тарихий шаҳарлар ва метросининг озодалигига қойил қоламан. Инҳа университети талабалари билан учрашиб фикр алмашиб тураман, чунки ҳамкасбмиз. Иккинчи марта келишим, аммо мени хафа қилган жиҳати шаҳар айланиб юрганимда «ҳиндистонликмисан», деб устимдан кулиб кетишади. Худди ўзга сайёрадан келган кишига қарашгандек қарашади. Авиачипта ва меҳмонхонанинг қимматлиги, меҳмонхоналарда такси хизматининг йўқлиги, расмий ҳужжатларни тўлдиришга кўп вақт кетишини ҳисобга олмаганда, ҳаммаси яхши.

    Ким Леесуел, кореялик сайёҳ, шоир:
    — Университетда шарқ адабиёти курсини ўқиганман. Ўзбекистонга келишимнинг асосий сабаби тарихий шаҳарларингизни кўриш билан бир қаторда, адабиётингиз билан яқиндан танишиш эди. Алишер Навоий, Нодирабегим, Зулфия, Эркин Воҳидов ижоди билан танишман. Уларнинг ижодини инглиз тилидаги таржимаси орқали ўқиганман.

    Сафар вақтида соғлигим оғирлашгани туфайли, меҳмонхонада қолиб, шифокор назоратида бўлишимга тўғри келди. Бўш вақтимдан фойдаланиб меҳмонхона кутубхонасида бадиий китобларни ўқимоқчи бўлдим, афсуски ўзим хоҳлагандек маълумот топа олмадим...

    Мақолани тайёрлаш чоғида бир нечта сайёҳлик агентликлари билан боғландим. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига ҳам телефон қилдим. Гўшакни овози «қўполгина» опа кўтарди. Расмий хат билан мурожаат қилишимни ва у хатга жавобни кутишимни айтиб, охирги саволларимни эшитмасдан гўшакни қўйиб қўйди. Агар сайёҳларга ҳам шундай муносабат қилинаётган бўлса, буёғини тасаввур қилаверинг.

    Давлат статистика қўмитасининг маълумотига кўра, ҳар йили 2 млн.га яқин хорижий меҳмон мамлакатимизга ташриф буюради ва уларнинг ўртача 200 минг нафардан ошиғи айнан туризм мақсадида сафар қилган. Демак, айнан шу сайёҳлар орқали, уларнинг юртимизга берган баҳоси туфайли туризм салоҳияти ривожланади, ёки...

    Биринчидан, жуда кўп ва хўп айтилган муаммоларнинг бири — бу авиачипталарнинг қимматлиги. Хорижлик сайёҳларнинг мамлакатимизга асосий ташрифи авиарейс орқали. Кейинги пайтларда бу соҳада янги қарорлар, чора-тадбирлар ишлаб чиқилгани қулоғимизга чалинганди. Айниқса, Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортида йўловчилар учун имкониятлар яратилганидан хабаримиз бор, яъни бу паспорт назоратидан ўтишнинг қисқаргани биринчи ютуғимиз. Бироқ нархлар ҳали-ҳамон тош қотиб турибди. Авиачипта нархларини оптималлаштириш ва авиакомпаниялар сонини кўпайтириш, соҳада соғлом рақобатни шакллантириш вақти келди.

    Иккинчидан, меҳмонхоналарда хизмат кўрсатиш сифатининг юқори эмаслиги. Сайёҳлар одатда саёҳат қилмоқчи бўлган юртнинг шарт-шароитлари билан обдон танишиб чиқишади. Аксарият сайёҳлар бу бўйича маълумотларни меҳмонхона сайтларидан олишади. Уларнинг сервиси, туристлар учун чегирмалар мавжудлиги, имкониятларига қараб меҳмонхона танлашади. Афсуски меҳмонхоналаримизда хизмат кўрсатиш сифати қувонарли даражада эмас. Албатта нархига қараб, сифати ҳам шу даражада бўлади. Бироқ хусусий уйлар негизида ташкил қилинган кичик отел ва хостелларда хизмат кўрсатиш сифати сайёҳларни қониқтиряпди, деб айтолмаймиз.

    Айниқса, бу борада меҳмонхоналарда такси хизматининг йўқлиги сабаб, юртимизга келган сайёҳлар аэропортдан, яъни остона ҳатламасдан туриб катта муаммоларга дуч келмоқда. Бунга ҳайдовчи аканинг ҳиндистонлик сайёҳларни кун бўйи шаҳар айлантириб юргани учун 2500$ (икки ярим минг доллар) қўлдан санаб олганлигини мисол сифатида келтиришимиз мумкин. Бундай муаммоларга ечим сифатида, кадрлар танқислигининг олди олинса, меҳмонхоналарда такси ва гид хизмати йўлга қўйилса, меҳмонхона расмий сайтлари орқали Ўзбекистоннинг туристик имижини шакллантириш ва юртимизга иккинчи, ундан кўп маротаба келаётган сайёҳлар учун чегирмалар ташкил этилса яхши бўларди.

    Учинчидан, бизда Самарқанд, Бухоро ва Хивадан бошқа бориб кўрадиган жойлар йўқми?! Аксарият сайёҳлар юртимизга айнан шу шаҳарларни кўриш учун ташриф буюришади. Хўш, туристлар бошқа ерларни ҳам кўришни исташса, биз қайси шаҳарларга боришни маслаҳат берамиз?! Асосий камчилигимиз ҳам балки шундадир. Юртимизда тарихий масканлар жуда кўп. Ҳар бир вилоятда сайёҳларни ўзига жалб қиладиган туристик марказлар ташкил қилиш мумкин. Масалан, Наманган гуллар шаҳри, йилига бир маротаба ўтказиладиган гуллар фестивалининг ўзи етарлими? Балки гуллардан иборат катта макетлар ясаш мумкиндир. Ёки Сурхондарёнинг баланд тоғлари бағридаги юлдузли «openhotel» ёки Имом Термизий номидаги музейни кўришни хоҳламайдиган одам бўлмаса керак. Уларни қизиқтира билиш лозим, холос.

    Тўртинчидан, адабий туризмни ривожлантириш. Чет эллик сайёҳлар юртимизга фақат тарихий шаҳарларимиз-у ва ош-овқатларимиз учун келишади, десак адашамиз. Бундай ўйлаб кўрсак, сайёҳларнинг юртимизга келиши учун жуда кўп сабаблари бор. Ахир, бу юрт Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Ал-Хоразмий, Имом ал-Бухорий каби буюк аждодларга ватан бўлган диёрдир. Масалан, Шотландияда Шерлок Холмснинг яшаган уйи бор экан. Ўйлаб кўринг, Шерлок Холмс йўқ одам, у адабий асар қаҳрамони, аммо туристлар дунёнинг турли бурчагидан унинг ўқиган китобларини, фойдаланган кўз ойнаги ва кийган костюмларини кўриш учун ташриф буюради. Биздачи афсонага айланган, ҳаётда жуда кўп ишлар қилиб ўтган буюк зотлар бор. Қолаверса, Фарҳод ва Шириннинг, Лайли ва Мажнуннинг, Тоҳир ва Зуҳранинг, Отабек ва Кумушнинг «яшаб ўтган» жойларини бунёд этиш, борларини обод қилиш вақти келмадимикан?

    Бешинчидан, овқатланиш шохобчаларидаги муаммолар. Бу муаммо ташқи туризм уёқда турсин, ҳаттоки ички туризмни ривожлантиришга ҳам тўсиқ бўлмоқда. Ўзбек паловини эшитган, уни таъмини таътиб кўришни истайдиган, гиннес рекордлар китобига кирган миллий таомимизни ҳеч бўлмаса кўринишини билиш учун интернетдан қидирган хорижликларни истаганча топиш мумкин. Хўш, бу борада овқатланиш шохобчаларидаги шароитлар билан мақтана оламизми?! Арзон, аммо сифатига ўйлоброқ қоладиган, қиммат лекин берган пулингга арзимайдиган жойлар кўп.

    Айниқса, туристлар борадиган жойларда иложини топиб уларнинг охирги чақасигача «суғуриб» оладиганлардан одам ҳижолат тортасан. Энг қизиғи, баъзи жойларда ҳожатхонасигача пулли қилиб қўйишади. Бу ҳам хизмат кўрсатишга киради-ку. Ахир ҳамма жойларда ҳам жамоат ҳожатхоналари мавжуд эмас. Юртимизга келаётган сайёҳларнинг ҳам ҳаммаси миллиардер эмаслигини ҳисобга олсак, яхши бўларди. Якка тартибда ўзи саёҳат қиладиган сайёҳлар учун овқатланиш шохобчасида тилни биладиган официантлар хизмат қилсин демаймиз, аммо овқатланиш менюсини иложи борича уч тилда кўрсатса мақсадга мувофиқ бўлади.

    Олтинчидан, ҳар бир ватандошимиз туризм салоҳиятини шакллантириш бўйича ўзининг ҳиссасини қўшяпти. Шунингдек, бу соҳадаги муаммо фақат ушбу соҳа мутахассисларига тегишли эмас. Учинчи сектор вакилларини ҳам туризмни ривожлантириш ишларига жалб қилсак, муаммолар бирин-кетин ҳал бўлиши мумкин. Масалан, тадбиркорлар ўзлари яшаб турган манзилларда туристик зоналар ташкил қилса, юртимиздаги 9200 дан ортиқ нодавлат ва нотижорат ташкилотлари ҳам бош қўшса, ҳар қайсиси биттадан лойиҳа қилганда ҳам катта ишлар амалга ошириларди.

    Еттинчидан, миллий туризм имижини яратиш. Соҳада жуда катта ўзгаришлар кутиляпти. Аксарият сайёҳлар борадиган давлати ҳақида маълумотларни қидирув тизимлари орқали олишади. Масалан, Euronews давлатимиз ҳақида ролик қилганида жуда хурсанд бўлдик ва биз бажонидил ёрдам бердик. Биз ҳақимиздаги чет эллик сайёҳларнинг қарашини айнан .ru, .org доменлардаги сайтлар ҳал қилаяпти. Ахир ўзимиз ҳам сотувчи мақтаганини эмас, харидор мақтаган нарсани олишга қизиқамиз. Лекин рекламада ҳам гап кўп.

    Чет эллик сайёҳларни жалб қилиш бўйича роликлар тайёрланди. Аммо бу ахборотлар жаҳон медиа бозорида қанчалик харидоргир?! Ҳар куни сония ичида минглаб «Ўзбекистон» теги билан маълумот қидирилади, бу албатта бизга бўлган қизиқишнинг ортиши. Шунинг учун доимий тарзда чет тилларида роликлар, кўрсатувлар, мақолалар ёзилиши ва уни миллий .UZ доменида жаҳон медиабозорига олиб чиқишни йўлга қўйиш керак. Зеро, чет эллик сайёҳлар биз ҳақимиздаги маълумотларни ўзгалардан эмас, ўзимиздан эшитсин.

    Беруний Алимов, журналист:
    — Касбим тақозоси билан жуда кўп давлатларда бўлдим. Бир нарсани фахр билан айтишим мумкин ўзбек халқидек меҳмондўст миллат кўрмадим. Бугунги кунда туризм салоҳиятини ошириш учун кўп ишлар қилинмоқда. Лекин соҳада оқсашлар бор. Чунки сайёҳларнинг «пулини шилиш»ни эмас, балки уларда мамлакатимиз ҳақида ижобий таассурот қолдириш асосий вазифамиз бўлиши керак. Айниқса, сайёҳларга хизмат кўрсатадиган гидларнинг хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашимиз зарур. Масалан, япониялик ҳамкасбларим Хивада бўлишди. Кичик иккита гуруҳ бўлишди ва уларга алоҳида-алоҳида гидлар хизмат кўрсатди. Калта Минор тарихи ҳақида иккита гуруҳга ҳам икки хил маълумот берилган. Масалан, биринчи гуруҳда уруш туфайли тўхтатилган деган бўлса, иккинчи гуруҳда минор қурувчиси шоҳнинг золимлиги туфайли қанот ясаб учиб кетилган дейишган. Ваҳолангки, ҳамкасбларим эшитган нарсаларини бир-бирига айтганларида икки хил маълумот чиқиб келди.

    Хулоса ўрнида шуни айтишимиз керакки, кўтарилган муаммо муаммолигича қолмаса ва юртимизга келаётган сайёҳлар олдидаги тўсиқлар бартараф қилинса, албатта, ўзимиз кутган натижаларга эришамиз.
    Айжамал Жолдасбаева,
    Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари
    федерацияси етакчи мутахассиси

    Манба: Xabar.uz

    » » Мақсад «пул шилиш»ми?..