date
views 3 028

Монополиянинг "аккумулятор"и ўтирсин

Монополиянинг "аккумулятор"и ўтирсин
2017 йили янги «Cobalt» русумли автомобилни ҳайдаган эдим. Ҳайдашни бошлаганимга 5 кун ҳам бўлмаганида машина ўт олмай қолди. Анча уриниб кўрганимдан кейин, иложсиз таксида қайтиб кетдим ва машинани кечасида Чилонзор метроси ёнида қолдириб кетишга мажбур бўлдим.

Кейин билсак, аккумулятор «ўтирган» экан. Ҳа, машина ҳали 1000 км ҳам юрмаган эди, ва шундай ҳодиса бўлиб қолди. Фарҳод бозоридаги машина эҳтиёт қисмлари сотадиган дўконга бордик. Дўкондагилар: «Ҳа кобальтнинг аккумулятори шундай чиқяпти, шунинг учун одамлар Кобальтни олиши биланоқ аккумуляторни алиштириб кейин ҳайдашяпти дейишди». Ҳақиқатдан, менга аккумуляторни ўрнатишларини кутгунимча, камида 30-40та «янги» «Cobalt» аккумуляторларини олиб келишди, одамлар кеча алиштириб қолдириб кетишган экан. Аккумуляторлар барчаси, ўзимизнинг Жиззахдаги аккумулятор заводида чиқарилган экан ва менда бўлган муаммо ўша пайтдаги деярли ҳаммада бўлган экан. Яъни сотувчилар мендаги воқеадан умуман ҳайрон қолишмади балки «шуниям билмайсанми» деган оҳангда, худди мен ўта масъулиятсиз иш қилганимдек гапиришди. «Тоққа чиқиб қолиб кетмаганизга шукр қилинг», деб ҳам қўйишди.

Янги машинанинг аккумулятори ишламай қолиши нормал рақобат бор жойда бўлса, олган жойингиздан нафақат алиштириб беришарди, балки кечирим сўраб эвазига бирор бир нарса ҳам беришар эди. Бизда эса давлатнинг монополисти – GM, машина чиқаради ва яна бошқа давлат ташкилотидан эҳтиёт қисмларини олади. Аслида, машина ишлаб чиқарувчиси, эҳтиёт қисмларини чиқарувчи корхонани, шу қилмиши учун судларга бериб, дабдала қилиши керак эди. Бош устига, бундай брак чиққан машиналар сони бир-иккита эмас, талайгина экан. Лекин GM’га фарқи йўқ, биз машинани улардан олмасак қаерга ҳам борамиз. Шу тариқа, аккумулятор ишлаб чиқарувчисига ҳам фарқи йўқ, чунки GM бошқа ердан олмайди аккумуляторни, «қаерга ҳам боради». Кейин бир давлат идораси, иккинчи давлат идорасини судга бериб ютиб чиқса ҳам, ҳукумат бир чўнтагидан олиб иккинчисига соладиган иш бўлади. Бунинг устига, шу иккала компаниясини назорат қиладиган давлат идораси ҳам битта. Шунинг учун бундай ҳолатларда фақат истеъмолчи жабр кўради.

Агар аккумулятор заводи умуман ҳеч нарса чиқармасдан, ҳайдовчиларга (ГМУз орқали) «аккумулятор заводи солиғи» деб 10 доллардан солиқ олса (бир аккумулятордан завод қанча фойда олади? 10 доллар ҳам эмас шекилли), иқтисодиётга зарари катта бўлмас эди. Мен ҳам шу солиқни тўлаб, мазза қилиб эркин бозордан хоҳласам корейсча, хоҳласам японча аккумуляторни олар эдим. Ўзи асли GM ҳам машина чиқармасдан, оддий қилиб «GM солиғи» деб ҳамма ватандошларимизни солиққа тортса, иқтисодиёт унчалик катта зарар кўрмас эди. GM шунча одамни ишлатиб қилмоқчи бўлган фойдасини халққа бўлиб қўйса, озгинадан солиқ тўлар эдик ва бундан фаровонроқ ҳаёт кечирар эдик.

Шунда улар ҳам ишлаши керак бўлмас эди – куни билан сериал кўриб ётишса ҳам розиман ва биз ҳам хоҳлаган автомобилларни хоҳлаган нархдан олардик. Ва энг муҳими иқтисоднинг ҳажми ҳам қисқармас эди. Ҳозир эса, минглаб одам ноэффектив ишда ишлайди, уларни яна юзлаб одам ишини текширади ва эвазига миллионлаб одам керагидан қиммат автомобиль олади. Вақт ўтган сайин эса, бизни завод ноэффективлашиб боради, чунки «бассейнга сув тўлмагунча ҳеч ким сузишни ўрганмайди», яъни рақобат бўлмагунча эффектив ишлаб чиқариш ҳам бўлмайди – рағбат йўқ-ку ахир?

Албатта, бу ҳолатни деярли ҳамма билади, президент ҳам гапирган эди: «У машина заводи номигагина, ҳеч кимга фойдаси йўқ».

Мен ёзишимдан мақсад эндиликда маҳаллий машиналаримиз маҳаллий чиқарилган шиналарда юрар экан. Келинг, шуни ўрнига шина солиғи қилиб қўйишсин, биз тўлайлик (чунки барибир кўпроқ тўлаймиз) ва шина заводи қийналиб ҳеч нима чиқармасинда кўзлаган фойдасини биздан солиқ сифатида олсин. Керак бўлса ишчиларга ойлик ҳам берсин. Лекин иложи борича ҳеч нима чиқармасин. Шунда ҳамма ютади: ҳам ишчилар ишламасдан ойлик олишади, ҳам заводимиз бўлади, ҳам истеъмолчилар сифатли шинада юришади, ҳам экология зарар кўрмайди ва энг муҳими иқтисодимиз ҳажми ҳам қисқармайди. Агар завод ишлаб кетса, менинг тавсиям, мошина олишингиз биланоқ шинасини алиштиринг – ҳар эхтимолга қарши, ахир мошина хавсизлиги жиддий масала.

Манба: Беҳзод Ҳошимов телеграм канали
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Монополиянинг "аккумулятор"и ўтирсин