
Бугун футбол оламида энг кутилган воқеаларидан бири — 2026 йилги Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Ва албатта, ушбу жараён миллионлаб ўзбек мухлислари учун алоҳида аҳамиятга эга, чунки тарихда биринчи бор Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатида иштирок этади.
Қуръа маросими АҚШ пойтахти Вашингтонда жойлашган «The Kennedy Center» мажмуасида ташкил этилади. Тадбир Тошкент вақти билан соат 22:00 да старт олади. Ушбу нуфузли тадбирда ЎФА раҳбарияти, бош мураббий Фабио Каннаваро, мураббийлар штаби ва ФИФАнинг махсус таклифи билан ўзбек футболи афсонаси Миржалол Қосимов иштирок этмоқда.
Саватчалар тақсимоти эълон қилинди — Ўзбекистон 3-саватда
Расман эълон қилинган саватлар тузилишига кўра, Ўзбекистон 3-саватдан ўрин олди. Бу эса биз биринчи саватдан супер-топ жамоалардан бири, иккинчи саватдан кучли термалардан бири ва тўртинчи саватдан мураккаб рақибларга дуч келишимиз мумкинлигини англатади.
1-саватдаги етакчилар:
Канада, Мексика, АҚШ — мезбонлар
Испания, Аргентина, Франция, Англия, Бразилия, Португалия, Германия, Нидерландия, Бельгия
2-саватдаги рақиблар:
Хорватия, Марокаш, Колумбия, Уругвай, Швейцария, Япония, Сенегал, Эрон, Жанубий Корея, Эквадор, Австрия, Австралия
3-сават (Ўзбекистоннинг савати):
Норвегия, Панама, Миср, Алжир, Шотландия, Парагвай, Тунис, Қот-д’Ивуар, Ўзбекистон, Қатар, Саудия Арабистони, Жанубий Африка
4-сават:
Иордания, Кабо-Верде, Гана, Кюрасао, Гаити, Янги Зеландия ва плей-офф ғолиблари.

Ўзбекистон кимларга тушиши мумкин?
Гипотетик гуруҳ вариантларини тасаввур қилсак:
Энг қийин гуруҳ вариантларидан бири:
• Бразилия
• Хорватия
• Ўзбекистон
• Гана
Энг мақбул (қоғозда енгил) вариантлардан бири:
• Канада
• Австралия
• Ўзбекистон
• Янги Зеландия
Албатта, Жаҳон чемпионатида "енгил рақиб" деган тушунча йўқ. Лекин қудратли Испания, Аргентина ёки Франция каби жамолар тушиши эҳтимоли борлиги сабаб, мухлислар барчасини қизиқиш билан кутмоқда.
Ўзбекистон делегацияси АҚШда — тарихий маросим олдидан баланд кайфият
Иштирокчилар орасида Миржалол Қосимовнинг бўлиши мухлислар учун алоҳида рамзий аҳамиятга эга. Унинг авлодидан термамиз илк бор мундиалга йўл олгани ҳайрат ва ғурурни янада оширди. Қолаверса, Каннаваро ва унинг штаби қуръадан катта умид билан кутмоқда.
Қуръа қандай ўтади?
Ҳар бир гуруҳ 4 та саватдан биттадан рақибни қабул қилади. Бир қитъадан 2 жамоа тушмаслик қоидаси ҳам сақланади (Европадан иккита бўлиши мумкин).
Эътибор марказидаги савол: Бизга ким тушади?
Ҳа, футбол дунёси бугун айнан шу савол атрофида жонланмоқда. Ўзбекистонда эса миллионлаб мухлислар соат 22:00 ни интизорлик билан кутиб турибди.
Сиз бу ҳақда нима дейсиз? Қайси жамоалар бизга «омадли» рақиб бўлиши мумкин?
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.