date
views 2 843

Жаҳоннинг энг кўп ҳақ оладиган маслаҳатчиси коррупция ҳақида: «Девордаги туйнук ўғрини жалб этади»

Жаҳоннинг энг кўп ҳақ оладиган маслаҳатчиси коррупция ҳақида: «Девордаги туйнук ўғрини жалб этади»
Менежмент даҳоларидан бири, жаҳоннинг энг кўп ҳақ тўланадиган маслаҳатчилари қаторида турадиган Ицхак Адизес РБК билан суҳбатда коррупцияга қарши кураш, демократия, бугунги жамиятдаги тафовутлар ҳақида сўз юритди.

— Сиз яқинда Мексика президенти Андрес Мануэл Лопес Обрадорга маслаҳатлар битилган очиқ хат йўлладингиз. Россия раҳбариятига ҳам худди шундай хат ёзадиган бўлсангиз, қандай маслаҳат берган бўлардингиз?
— Мен 50дан ортиқ мамлакатларда маъруза ўқийман ва барча жойда битта умумий муаммо мавжуд — коррупция. Нима учун бу ҳодиса кенг тарқалган ва унга қарши қандай курашилмасин, муҳим аҳамият касб этади? Яҳудийларда бир мақол бор: девордаги туйнук ўғрини жалб этади. Ҳозирда дунё изчил ўзгаришларни бошидан кечирмоқда — иқтисодиёт, одамлар ҳаёти, технологиялар жуда тез ўзгармоқда. Ана шу ўзгаришлар боис мамлакатда бошқарув издан чиқмоқда ва девордаги туйнуклар кўпайиб бормоқда. Давлат тизими ишламайдиган жойда коррупция айланма йўлларни топишга ёрдам беради. Шунинг учун унга қарши қатъий жазолар, масалан Хитойдаги каби қатл қилишлар билан курашиб бўлмайди. Агарда коррупцияга барҳам берилса, ҳамма нарса ишлашдан тўхтайди. Гап шундаки, коррупция — бюрократиянинг тескари томони: масалан, ўша Мексикада олма ҳосилини териб олиш керак, давлат ҳосилни териб олишни назорат қилувчи 88та қоидани ўрнатган. Бундай шароитда ишлаш учун одамлар истаса-истамаса қонунни бузишларига тўғри келади. Шу боис, Мексика президентига бизнеснинг барча соҳаларида тартибга солишни соддалаштириш, уни янада тушунарли ва шаффоф қилишни маслаҳат бердим.

— Ўз блогингизда қизиқ ҳолатни тасвирлагансиз: барча собиқ ва амалдаги коммунистик давлатларда жамоат жойлари — кўчалар, бекатлар, спорт майдончалари ифлослигини, демократик давлатларда эса топ-тозалигини айтгансиз. Нега шундай?
— Нафақат коммунистик мамлакатларда, балки барча собиқ мустамлака давлатларда шундай. Барча авторитар давлатларда ҳам. Бундай мамлакатдаги исталган уйга киринг ва сиз зиналар ифлослигини, деворлар ёрилиб кетганини кўрасиз. Хонадон ичига кирсангиз – топ-тоза ва чиройли. Нима учун ичкарида ва ташқарида бундай фарқ бор? Чунки бундай мамлакатлардаги одамлар шундай ўйлашади: бу меники, бу сеники, сеники билан меники ўртасидаги барча нарсалар ҳеч кимники эмас, улар ҳақида давлат ўйласин, уларнинг бизга алоқаси йўқ. Бундай мамлакатларда халқ ўзини ҳукуматга қарама-қарши қилиб қўяди. Демократик давлатларда эса одамлар бошқача ўйлашади: ҳукумат бу биз, демак, барча жамоат жойлари бизники. Мен яшайдиган Санта-Барбарада кўчада бир парча қоғоз ерда ётганини топа олмайсиз. Нима учун? Чунки ҳар шанба куни одамлар ўз кўчаларидаги чиқиндиларни йиғиштиришади, демократиянинг кучи мана шунда.

— Аммо ҳозирда кўплаб сиёсатчилар, масалан либертарианлар партиясидан президентликка номзод Рон Пол аксарият мамлакатларда демократия тезда бефойда тизимга айланаётганини айтмоқда. Нима учун шундай бўлмоқда?
— Муаммонинг илдизини қуйидагиларда деб биламан. Ривожланган мамлакатларда ҳам давлат кучаймоқда, чунки мамлакатлар олдида турган муаммолар калаваси борган сари чувалашиб кетмоқда. Калаванинг учини фақатгина ҳукумат топадигандек туюлмоқда ва у ўзига кўпроқ ҳокимиятни олмоқда. Бу демократияни ўлдиради. Демократия ҳалок бўлишининг яна бир сабаби, партиялар ҳокимият учун курашга қаттиқ киришишидир. Улар бир-бирларини коррупцияда айблайди ва оддий фуқаро улардан қай бири яхши, қай бири ёмонлигини англолмай қолади. Ва у барчасини тартибга келтирадиган қандайдир «ота» бошқаришини хоҳлай бошлайди. Марказлашиш янги феодализмга олиб келади.

— Менимча, демократия тизим сифатида таълим даражасига боғлиқ: одамларнинг дунёқараши тор бўлса, улар оқилона қарор қабул қила олишмайди, уларни бошқариш осон бўлади.
— Шунақа, лекин муаммо шундаки, бизнинг давримизда таълимга ёндашув ҳам бошқача бўлиши керак. Мен Колумбия университетида докторлик даражасини олганимда жудаям хурсанд эдим ва ўзимдан фахрландим. Қўлимда диплом билан йўлакда кетарканман, аудиториядан докторлик дастурига кириш имтиҳонини топширган талабалар чиқиб келишди. Уларга қани, нималардан имтиҳон топширяпсизлар дедим. Икки-уч йилдан кейин худди мендай докторлик даражасини оладиган бу талабаларнинг кириш имтиҳонларига назар соларканман, бу имтиҳонлардан ўта олмаслигимни тушундим — улардан менда йўқ билим талаб қилинаётганди. Менинг докторлик даражам ўша даражани олган кунимоқ эскириб бўлганди. Биз ўрганган нарсалар бир неча йил ичида эскиради: инсон ўз билимларини мунтазам равишда ошириб бормаса, шифокор ёки муҳандис бўла олмайди. Жуда кўпчилик диплом олади ва ўйлайди: бўлди, энди мен ҳамма нарсани биламан ва оқилона қарорлар қабул қила оламан. Аслида диплом сиз билим олишни тугатганингизни эмас, билим олишда давом этишингизга рухсат берилганини англатади. Соғлом қарор қабул қилиш учун инсон доимо, бутун умри давомида ўқиб-ўрганишига тўғри келади.

Ицхак Адизес ҳақида

Ицхак Кальдерон Адизес —Adizes Institute (Калифорния) асосчиси, юзлаб компаниялар, жумладан Bank of America, Coca-Cola, IBM ва бошқаларнинг бизнес-маслаҳатчиси, Швеция, Бразилия, Исроил, Мексика ҳукуматларининг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси. Жаҳоннинг энг кўп ҳақ тўланадиган маслаҳатчиларидан бири.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Жаҳоннинг энг кўп ҳақ оладиган маслаҳатчиси коррупция ҳақида: «Девордаги туйнук ўғрини жалб этади»