Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаментининг Олмалиқда хизмат олиб борган ходими навбатчиликдан чиқиб, хизмат қуроли билан уйига кетган. Шундан сўнг 37 ёшли ходим уйида ўз қуроли билан жонига қасд қилган.
Kun.uz манбаларига кўра, фожиа 29 август куни эрта тонгда содир бўлган. Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти ходими М.О. ўша тунда навбатчиликда бўлган. Манбага кўра, ходим эрталаб «уйга бориб келишини айтиб кетган ва ўз уйида хизмат қуроли билан ўзини отган». Ҳодиса сабаблари маълум эмас.
Kun.uz воқеа юзасидан расмий муносабат сўраб Ички ишлар вазирлиги Қўриқлаш департаменти матбуот котиби Сардор Тўйбоев билан боғланди.
«Кеча ҳақиқатан ҳам ходимимиз ўзини отган. Ҳолат ходимнинг уйида бўлган, у ўзига бириктирилган табел қуроли билан ўзини отган. Аслида хизмат қуроли навбатчиликдан сўнг батальонга олиб бориб топширилиши керак эди. Лекин ходим бошқача йўл тутган. Айни вақтда марҳум ходимга нисбатан судга оид экспертиза тайинланган», дея изоҳ берди Қўриқлаш департаменти матбуот котиби.
Унинг қўшимча қилишича, ходим 37 ёшда бўлган. Ҳодиса сабаблари ва ишга доир бошқа тафсилотлар прокуратура органлари томонидан ўрганилмоқда.
Фото: qbb.uz
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!