Хитой Халқ Республикаси раҳбари Си Жинпинг ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Тянцзин шаҳрида старт олган ШҲТ саммити доирасида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасида келишиб олдилар. Bloomberg агентлиги тарқатган маълумотга кўра, суҳбатда томонлар минтақавий барқарорлик ва стратегик мулоқотни чуқурлаштириш аҳамиятини таъкидлади.
Си Жинпингнинг айтишича, Хитой ва Ҳиндистон — икки қадимий цивилизация — инсоният тараққиёти стратегияларини янгилашда масъулиятни ўз зиммасига олади. Унинг таъбирича, “Хитой ва Ҳиндистон яхши қўшничилик ва дўстона алоқаларни сақлаши, бир-бирини муваффақиятга етаклашда қўллаб-қувватлаши, яъни аждар ва фил бирлашиши лозим”. Пекин етакчиси шунингдек, Пекин–Ню-Деҳли муносабатларига стратегик ва узоқ муддатли истиқбол нуқтаи назаридан ёндашишни зарур деб билдди.
Нарендра Моди бу қарашларни қўллаб-қувватлаб, икки томонлама муносабатлар ўзаро ҳурмат ва ишонч асосида қурилиши кераклигини қайд этди. Ушбу руҳдаги баёнотлар томонларнинг ҳамкорликни амалий йўналишларда кенгайтиришга тайёр эканини кўрсатди.
Бугун Тянцзин шаҳрида Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммити бошланди. Анжуманда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этмоқда. Саммит доирасидаги юқори даражадаги мулоқотлар Марказий ва Жанубий Осия ҳамда кенг Евроосиё маконида тинчлик, очиқ савдо йўлаклари ва транспорт-логистика боғланишларини ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда. Қисқаси, “аждар ва фил”нинг ҳамнафас қадами қўшничилик дипломатиясига янги импульс бериши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!