17:10 / 22.05.2019
3 112

Супермаркетларда кераксиз харидлар қилишимизнинг сабаби нимада?

Супермаркетларда кераксиз харидлар қилишимизнинг сабаби нимада?
Бугунги кунда супермаркетлар кўп жиҳатдан анъанавий савдо нуқталарини сиқиб чиқармоқдалар. Гарчи оммабоп ва шовқинли шарқ бозорлари ҳануз гавжум бўлсаларда, кичик дўконлар фаолияти йириклари туфайли сусаймоқда. Албатта, супермаркетларда харид қилиш қулай ва ёқимли. Лекин негадир мўлжалдагидан кўпроқ маҳсулот сотиб олганимизни ҳаммамиз ҳам ҳис қилганмиз.

Йирик супермаркетлар оммабоплигининг сирлари талайгина. Биз айримларини санаб ўтамиз: асли 100 минг сўмлик маҳсулот нархи 140 минг сўм деб кўрсатилади ва 140 000 рақами ўчирилиб, остига 99 000 сўм деб ёзилади. Ёки шакар нархи бозорда 5000 сўм, супермаркет уни 4800 сўмдан сотади. Шакарга келган харидор бошқа маҳсулотларни ҳам харид қилади. Турли совғалар бериладиган акцияларда ҳам одатда асосий маҳсулот қийматига совға қиймати қўшилган бўлади ва ҳ.к.

Ҳар қандай ишлаб чиқарувчи кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқаришни исташи табиийлиги сингари ҳар қандай дўкон кўпроқ маҳсулот сотишни хоҳлайди. Бозорларда биз аввал режалаштирган нарсаларимизни харид қиламиз, аммо йирик дўконларда, айниқса, ҳамма маҳсулот бўладиган супермаркетларда мўлжалимизда бўлмаган нарсаларни ҳам сотиб оламиз. Хўш, нега шундай?

Зодагонлик

Негадир супермаркетлар харидорлари фақат юқори қатлам вакиллари деган фикр бор. Аммо ишонинг, ўша «юқоридагилар» одатда дўконма-дўкон юришмайди, уларга ҳамма нарса етказиб берилади. Супермаркетларнинг асосий харидорлари ўрта қатламдаги одамлар, яъни сизу-бизмиз. Бундай дўконларда биз ўзимизни киборлардек тутамиз, бюджетимиз чекланганини тан олгимиз келмайди ва пайдар-пай олаверамиз. Аммо кассада деярли ҳар доим тўлов миқдори ошиб кетганини ҳис қиламиз. Энди тўлай олмаслик хижолатли ҳолатни юзага келтиради ва ҳар қанча оғир бўлмасин тўлаймиз.

Насия эффекти

Кичик дўконларда одатда биз аввал пул тўлаймиз, кейин маҳсулотни қўлга киритамиз. Бозорда ҳам деярли шундай, харид учун дарҳол ҳисоб-китоб қилинади. Супермаркетларда эса бошқача – биз олаётган маҳсулотимиз учун айни пайтда пул тўламаймиз. Насияга олинаётгандек ҳиссиёт бизни бежилов харидларга ундайди ва табиийки мўлжалда бўлмаган нарсалар ҳам аравачага туша бошлайди. Бу учинчи сабабга боғланади.

Аравача эффекти

Бозорда айланиб юрарканмиз, чўнтак енгиллашгани сари қўлимиздаги юк вазни орта бошлайди. Бу мияга жуда кучли сигнал беради – тўхта! Пул камайиши ва оғирлик ошиши бизнинг тежамкорлигимиз ортишига сабаб бўлади ва кўп ҳолларда ҳатто зарур маҳсулотлардан ҳам воз кечамиз. Супермаркетларда равон юрувчи аравачалар хизматимизга шай, улар жуда оғир юкни ҳам бемалол кўтара олади. Айни мана шу жиҳат меъёрни унутишимизга сабаб бўлади.

Гўзаллик эффекти

Супермаркетлар ҳамиша озода, чароғон ва маҳсулотлар тартиб билан ярқираб туради. Сотувчи қизларнинг жилмайиб туриши, маҳсулот ҳақида эринмай батафсил маълумот бериши яна бир турткидир. Бу омиллар уларни олиб танишишга, ҳидлаб кўришга ва ниҳоят кераклигига ишонч ҳосил қилишга сабаб бўлади.

Чегирмалар, чегирмалар...

Агар бирор йирик супермаркет бирор кунни чегирмаларсиз ўтказибди десалар – ишонманг! Чегирмалар маҳсулот сотишда энг самарали услуб. Аммо ҳар доим ҳам чегирмалар ҳаққоний бўлавермайди. Кўп ҳолларда юқорида аслида бўлмаган нархни ёзиб, устидан чизиқ тортилади ва пастида шундоқ ҳам маҳсулотнинг реал қиймати кўрсатилган чегирмадаги нархи ёзилади. Масалан, 100 000 сўмлик маҳсулот нархи 140 000 сўм деб кўрсатилади ва 140 000 рақами ўчирилиб, пастига 99 000 сўм деб ёзилади. Харидорга бу ерда 40 фоизли чегирмадан фойдаланаётгандай туюлади, аслида эса чегирма атиги 1 фоиз.

Нарх белгилашда «999» усули жуда машҳур. Масалан, бирор маҳсулотга 89 999 сўм нарх белгиланади. Харидор асл нарх 90 000 сўмлигини англаб турса-да, унда бу маҳсулот 80 000 сўм деган қисқа муддатли тушунча пайдо бўлади.

Яна кўп ҳолларда супермаркетлар яроқлилик муддати охирлаб бораётган маҳсулотларни чегирма орқали сотишни хуш кўради. Бу ҳолатда реал чегирмаларни кузатиш мумкин.

Шунингдек «2+1» (иккита олсанг учинчиси бепул), «телевизор харид қилинса дазмол совға» каби акцияларда ҳам одатда асосий маҳсулот қийматига совға қиймати қўшилган бўлади. Содда харидор эса бундай совғалардан хурсанд бўлаверади.

«Бозордан арзон»

Супермаркетларнинг яна бир айёрлиги бор – энг харидоргир маҳсулотлар баҳосини бошқа харид нуқталарига нисбатан паст кўрсатишади. Масалан, шакар нархи бозорда 5000 сўм, супермаркет уни 4800 сўмдан сотади. Айнан шакар етаклаб келган харидор бошқа маҳсулотларни ҳам олиб кетади.

Ёки пакетдаги шакар устига 4500 сўм деб ёзиб қўйилади. Пакетнинг орқа томонида кичик ҳарфлар билан шакар 900 граммли қилиб қадоқлангани кўрсатилади. Яъни бу ерда харидор ҳеч нарса ютмайди, арзон олаётгандай ҳис туғилади, холос. Бу усулнинг расмий номи ҳам бор – нархни сақлаб турган ҳолда маҳсулот вазнини камайтириш «даунсайзинг» деб номланади.

Бобур (исм ўзгартирилган), «Korzinka.uz» супермаркетлар тармоғи ходими:

– Бу усулларнинг ҳаммаси вақти-вақти билан қўлланади. Яна битта яхши усул – энг харидоргир маҳсулотлар ичкарироқда жойлаштирилади. Масалан, «Кока-кола» олиш учун шарбатлар, минерал сувлар турган пештахталар ёнидан ўтиш керак. Шунда харидорлар «барибир керак бўлади-ку» деб катта-катта минерал сувларни олганларини ўзим кўп кузатганман. Нон ҳам кўпинча энг ичкарига қўйилади. Яна тез сотиб тугатилиши керак бўлган, акцияга тушган товарлар йўлаклар ўртасига баланд қилиб терилади ва арзон нарх қўйиб қўйилади.

Энг қизиғи, бу услубларнинг бирортаси ноқонуний эмас, чунки ҳар қандай ҳолатда ҳам нима харид қилишни харидорнинг ўзи ҳал қилади. Пойтахт супермаркетларидан бири бир вақтлар ҳатто «Бирни излаб мингни топасиз!» деган шиорни илгари сурган. Фақат қолган 999та маҳсулотнинг харидорга қанчалик зарурлиги бошқа масала.

Аброр Зоҳидов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Супермаркетларда кераксиз харидлар қилишимизнинг сабаби нимада?