
Фабио Каннаваронинг Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи лавозимига тайинланиши футбол жамоатчилиги орасида кенг муҳокамага сабаб бўлди. Жаҳон футболининг собиқ юлдузи бўлган италиялик мутахассиснинг келиши ҳақида термамизнинг собиқ етакчиларидан бири — Максим Шацких ҳам ўз фикрларини билдирди.
Ҳозирда “Андижон” клуби бош мураббийи сифатида фаолият юритаётган Шацких Каннаваро тайинланишини эҳтиёткорлик билан баҳолади.
“Термага Каннаваро келгани ҳақида эшитдим. У жаҳон футболида ном қозонган шахс, лекин мураббий сифатидаги фаолиятини деярли кузатмаганман. У қандай мутахассис эканини вақт кўрсатади. Ҳозир натижага қараб гапириш тўғри бўлмайди. Агар у жаҳон чемпионатида яхши натижа кўрсатса, демак, бу қарор тўғри бўлган. Агар натижалар кутилгандек бўлмаса, шунда хулоса чиқариш мумкин,” — деди Шацких.
Собиқ ҳужумчига кўра, ҳозирдан хулоса чиқаришга шошилмаслик керак. Унинг фикрича, тайёргарлик ва ўртоқлик баҳслари фақат синов майдони бўлиб, ҳақиқий баҳолаш мундиалдаги ўйинлар орқали амалга ошади.
Шацких, шунингдек, Каннаваро бошчилигидаги илк ўйин — Қувайтга қарши ўртоқлик баҳси ҳақида ҳам фикр билдирди:
“Учрашувни тўлиқ кўрмадим, аммо 2:0 ҳисобидаги ғалаба яхши натижа. Ўзбекистон термаси Қувайтдан кучлироқ экани маълум эди. Лекин битта ўйин билан жиддий хулоса чиқариш тўғри эмас.”
Собиқ футболчи термага қандай мураббий мос эканлиги ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди:
“Бу борада аниқ фикр айтиш қийин. Энг муҳими — натижа. Тактика, услуб, қанча гол уриш ёки ўтказиш — булар муҳокама учун эмас. Ҳамма нарса натижага боғлиқ. Натижа борми — демак, ривожланиш ҳам бор. Йўқ бўлса, демак, ишлар тўғри кетмаяпти, дегани.”
Шацких маҳаллий мутахассис Тимур Кападзенинг Каннаваро ёнида ишлаётгани ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
“Бу тўғри қарор, деб ўйлайман. Кападзе тажрибали мутахассисдан кўп нарса ўрганиши мумкин. Каннаваро билан ишлаш унга катта мактаб бўлади. Бу ёш мураббий учун фойдали жараён. Ҳар қандай тажриба келажакда иш бериши табиий,” — деди у суҳбат якунида.
Шу тариқа, Максим Шацкихнинг фикрича, Каннаваро даврини баҳолаш учун вақт керак — натижалар, мундиалдаги ўйинлар ва жамоа ривожланиши ҳақиқий жавобни беради.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.