date

Самарқанддаги хорижий корхона табиатга 7 миллиард сўм зарар етказди

Самарқанддаги хорижий корхона табиатга 7 миллиард сўм зарар етказди

Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган хорижий корхона табиатга катта зарар етказгани аниқланди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълум қилди.

Маълумотларга кўра, корхона олдин олинган лицензия шартларини ва амалдаги қонун талабларини бузган ҳолда қарийб 51 минг куб метр тупроқни ноқонуний равишда қазиб олган. Натижада табиатга жами 7 миллиард 374 миллион сўмдан зиёд зарар етказилган.

Вазирлик ҳузуридаги Давлат экологик назорат инспекцияси томонидан ўтказилган текширув Самарқанд вилояти Булунғур туманида жойлашган “С.И.” номли хорижий корхона фаолиятини қамраб олган.

Текширув натижаларига кўра, 2024 йил 25 ноябрда Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг “Ер қаъридан фойдаланиш маркази” ДМ қарори билан “Жомбой 3” участкасини геологик қидирув ишлари учун электрон аукцион орқали тақдим этилган. 11,3 гектар майдонни ўз ичига олган мазкур ҳудуд Самарқанднинг Булунғур тумани марказидан 7,7 км шимолий-ғарбда жойлашган.

Аукционда “С.И.” хорижий компанияси ғолиб деб топилиб, 2024 йил 27 ноябрда расман геологик тадқиқотлар олиб бориш учун рухсатнома олган. Бироқ корхона бу рухсатни суиистеъмол қилиб, геологик ўрганиш деб белгиланган фаолият ўрнига ноқонуний қазиш ишларини бошлаб юборган.

Расмий маълумотларга кўра, “С.И.” компанияси тегишли қазиб олиш лицензиясини расмийлаштирмаган ва аукцион талабларига амал қилмаган ҳолда фаолият юритган. Текширув давомида у 50 859 куб метр тупроқни (лёссимон жинслар) қонунга зид равишда қазиб олгани аниқланган.

“Бу ҳаракатлар орқали ‘Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида’ги қонуннинг 18–48-моддалари ҳамда ‘Ер қаъри тўғрисида’ги қонуннинг 34-моддаси бузилган. Табиатга етказилган зарар миқдори 7 миллиард 374 миллион 591 минг 250 сўм деб ҳисобланди”, — дейилади вазирлик баёнотида.

Ҳозирда тўпланган барча ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва жавобгарлик чораларини кўриш учун Бош прокуратурага юборилган.

Экологлар таъкидлашича, бу ҳолат атроф-муҳитга жиддий таъсир кўрсатиши, тупроқ қатламларининг тикланишига йиллар керак бўлиши мумкинлигини англатади. Шу сабабли, табиий ресурслардан фойдаланишда ҳар бир лицензия ва рухсатнома қатъий назорат остида бўлиши лозим.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Самарқанддаги хорижий корхона табиатга 7 миллиард сўм зарар етказди