Ўзбекистон тиббиёти тарихида яна бир ноёб воқеа рўй берди. Республика шифокорлари сиам эгизакларини мураккаб ва юракни титратувчи операция орқали муваффақиятли ажратиб олишди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги расман маълум қилди.
Маълум бўлишича, амалга оширилган амалиёт Чирчиқ шаҳрида жойлашган Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент вилояти филиалида ўтказилган. Ҳомиладорликнинг 33–34 ҳафтасида кесарча кесиш орқали туғилган сиам эгизаклар туғилганидан атиги 9 соат ўтиб шошилинч равишда операция қилинган.
Маҳаллий шароитда, юксак аниқлик талаб этувчи технологик усуллар ёрдамида амалга оширилган операция беш соат давом этган. Бу мураккаб жараённи Республика перинатал маркази қошидаги Неонатал хирургия маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр Эргашев бошчилигидаги тажрибали мутахассислар гуруҳи амалга оширган.
Профессорнинг таъкидлашича, бундай операциялар ҳатто тиббиёт даражаси юқори бўлган давлатларда ҳам узоқ тайёргарлик ва кенг таҳлиллардан сўнг бажарилади. Шу боис бу муваффақиятли натижа мамлакат тиббиёти салоҳияти ошганининг ёрқин мисоли сифатида баҳоланмоқда.
Бугун, 8 октябрь куни Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров шахсан мазкур чақалоқлар ҳолидан хабар олди ва операцияни бажарган шифокорлар жамоаси билан учрашди. У ўз нутқида ушбу амалиётнинг нафақат тиббий, балки инсонпарварлик аҳамиятини таъкидлаб, қуйидагича изҳор қилди:
— Бундай мураккаб амалиётлар дунё бўйлаб ҳам ҳар доим бажарилавермайди. Бизда бундай операция вилоят даражасида амалга оширилиб, муваффақиятли якунланди. Бу — миллий тиббиётимиз янги босқичга кўтарилганидан далолат, — деди вазир.
Вазирлик маълумотига кўра, операцияда иштирок этган бир гуруҳ шифокорлар ва мутахассислар “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Ҳозирда чақалоқлар ва уларнинг онаси соғлом аҳволда. Уларга шифохонадан чиқиш рухсати берилиб, шифокорлар уларнинг кейинги тикланиш жараёнини доимий назоратда ушлаб туришини маълум қилди.
Муттахассислар фикрича, бу каби амалиётлар маҳаллий тиббиёт тизимининг илғор технологияларга асосланган ҳолда ривожланаётганидан, шифокорлар малакасининг ортиб бораётганидан далолатдир.
Ўзбекистон тиббиёти сўнгги йилларда нафақат юқори малакали кадрлар, балки замонавий ускуналар ва илмий ёндашувлар орқали халқаро даражага яқинлашаётгани яна бир бор тасдиқланди.
Шу тариқа, Чирчиқда амалга оширилган ушбу ноёб операция нафақат икки чақалоқнинг ҳаётини сақлаб қолди, балки бутун мамлакат тиббиёти учун янги умид ва ишонч рамзига айланди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!