18:20 / 23.05.2019
3 390

Ўзбекистонда қонунчиликдаги пеня тўлаш тартибини бекор қилиш таклиф этилмоқда

Ўзбекистонда қонунчиликдаги пеня тўлаш тартибини бекор қилиш таклиф этилмоқда
“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида миллий қонунчиликдаги пеня тўлаш тартибини бекор қилиш ҳамда коммунал хизматлар бўйича қарздорликни судда кўриш тартибини соддалаштириш ҳақида петиция эълон қилинди.

Қайд этилишича, ҳозирда кўплаб соҳаларда фуқаролар учун қулайликлар яратилиб, кундан-кунга ҳаётимиздан қийнаётган муаммолар чиқиб кетмоқда.

“Бироқ яна бир эътибор қаратилиши лозим бўлган долзарб масала бор. Бу – коммунал соҳа билан боғлиқ. Менинг назаримда, коммунал тўловлардаги қўшиладиган пеняларни бекор қилиш керак. Агар тўлов муддати ўтиб кетса, марҳамат, суд орқали ёки Мажбурий ижро бюроси томонидан огоҳлантирилсин ва ундирилсин. Тўлов эртами-кечми, барибир, ундирилади. Ахир, асосий қарзни ўз вақтида тўлай олмаётган, молиявий қийинчиликлар гирдобида қолган одам пеняни қандай тўласин.

Тўғри, ҳар куни биз коммунал хизматлардан фойдаланамиз, ҳаётимиз улар билан бевосита боғлиқ. Бироқ, инсонда молиявий ҳолат доимий барқарор ҳолатда бўлмаслиги аниқ. Мазкур ҳолатларни инобатга олган ҳолда фуқароларимиз учун шу соҳада ҳам бироз енгиллик яратилса, айни муддао бўлган бўлар эди”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув бўйича (табиий газ, электр энергияси ва совуқ сув Мажбурий ижро бюроси назоратига олиб берилган) коммунал тўловлар учун нореал қарздорлик манфаатдор корхона томонидан ҳисобланиб, фуқаролик судларига даъво ариза билан топширилмоқда.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан уларнинг аризалари бир тарафлама, фуқароларнинг иштирокисиз кўриб чиқилиб, қаноатлантирилиши ва нореал қарздорликларни ундириш юзасидан суд буйруқлари чиқарилмоқда, ушбу суд буйруқлари эса бир неча ой ўтиб, давлат ижрочисига юборилмоқда. Шундан сўнг, давлат ижрочисига қарздорлик аслида мавжуд эмаслигини исботлаш ва узундан-узоқ навбатда туриб таъминловчи корхонадан қарздорлик мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотномани олиб давлат ижрочисига тақдим этиш лозим бўлади.

Билдирилишича, ўзининг иштирокисиз кўриб чиқилиб, қабул қилинган суд буйруғи бўйича ундирилиши лозим бўлган нореал қарздорлик суммасининг 20 фоизи миқдорида давлат божи, 1 фоизи миқдорида ижро йиғими ҳамда энг кам ойлик иш ҳақининг 1 баробаридан 10 баробари миқдоригача жарима тўлаш ёки суд буйруғини бекор қилиш юзасидан давлат божининг 50 фоизини тўлаган ҳолда ариза киритиш (адвокат харажатларини тўлаш ва ҳоказо) лозим бўлади.

“Шу сабабли, фуқароларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида коммунал тўловлар масаласида қарздордан асосий қарздан ташқари пеняни ундириш тартибини бекор қилиниши ва фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликларининг олдини олиш мақсадида Фуқаролик процессуал кодексининг 171-моддасининг 1-қисми, 3-банди (коммунал хизматлар ёки алоқа хизматлари тўлови бўйича қарздорликни тасдиқловчи ҳужжатларга асосланган ундириш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса)ни бекор қилинишини ва мазкур тарздаги ишларни умумий тартибда кўриб чиқишни таклиф қиламан”, - дейилади петицияда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда қонунчиликдаги пеня тўлаш тартибини бекор қилиш таклиф этилмоқда