date
views 3 118

Шахмат ўйнаб ўзини овутадиган бошпанасиз одам қисмати

Шахмат ўйнаб ўзини овутадиган бошпанасиз одам қисмати
Чилонзор. Минглаб одамларга бошпана берган Тошкент шаҳрининг бир тумани.

Шу номли метродан чиқаман. Гоҳ ишдан чарчаб, гоҳ дарслардан ҳориб ўзимни нима биландир овутгим, яна нима биландир чалғигим келади. Шунда соатлаб шахмат тахтасига термулиб турган отахонни кузатаман. У ҳаётнинг қайсидир бекатида қийинчиликларга дуч келган. Узоқ-узоқ ўйлаб шахмат доналарни суради. Ютса ҳам, ютқазса ҳам хафа бўлмайди. Чунки бу оддий ўйин. Қолаверса, инсонда омад ҳар доим ҳам устунлик қилавермайди...

1949 йил август ойида таваллуд топган Рустам Алексей шахмат ўйнашни жуда яхши кўради. Ёши 70 га етган. Аммо ҳали ҳам 7 ёшида ўрганган ўйин сирларини ёдидан чиқармаган. Ёнидан шахмат ўйинини биладиган одамлар ўтса у билан албатта дона суриб, кучини синаб кўради.

- Самарқанддаги 43-мактабда тенгдошларимнинг биридан яхшироқ, яна биридан ёмонроқ ўқиб таълим олганман, - дейди Рустам Алексей. - Дадам инженер эди. Электр соҳасида кўплаб муҳандислик ишларини амалга оширган. Мактабни тамомлаб унга шогирдликка тушиб бирга ишлаганман. Тошкентда метро қуриш ишлари бошлангандан сўнг бу ерга оилавий кўчиб келганмиз.

Отам метро қурилишига муносиб ҳисса қўшган, шунинг учун давлат томонидан уй берилган. Ота-онам, акам, опам билан биргаликда шу уйда турардик. Орадан йиллар ўтди. Ота-онам вафот этди. Акам Самарқандга қайтди, опам анча вақт мен билан яшади. Жигари оғриб кўп ўтмасдан оила қуришга улгурмай у ҳам вафот этди. Мен ёлғиз қолдим. Сўнг уйландим. Фарзандли бўлдим. Ўғлим Руслан ҳозир Россияда.

(Эшитишимча уйланиб фарзандли ҳам бўлганмиш). Фарзандим Тошкентдаги уйимизни яқин ўртоғига арзон ҳақ эвазига сотиб, ўзи Россияга кетганди. Минг афсуски, ўғлим бизни ташлаб кетгандан сўнг аёлим ҳам кўп ўтмай оламдан ўтди. Ишонаман, ўғлим ҳаммасини эшитган. Шунинг учун, бу ерларга келишга уялса керак. Россияга кетганига ҳам бу йил ёзда 15 йил бўлади...

Рустам Алексей ўғлини келмаслигини билса-да кутишдан чарчамайди. Қалбида эса онасини охирги манзилига кузатишга ярамади, ҳеч бўлмаса отасини ўлигини ерда қолдирмас, деган ўтинч бор.

- Яқинлар меҳрини қумсайман. Тушларимда ёшлик даврларимни, ота-онамни кўраман. Ҳозир тенгдошларим набираларини тарбиялаяпти, бахтиёр бобо бўлган. Менинг эса дайдидан кам ерим йўқ. Ёш болалар мени кўрса қочишади, кўп ҳам менга яқинлашавермайди. Шу дилимни ранжитади. Ахир менда ҳам қалб бор. Болаларни эркалаб, уларни ўйнатгим келади. Гоҳида ўйлаб қоламан, қайси гуноҳим учун бу қийинчиликларни бошимдан кечираётган эканман, деб. Аммо жавоб топа олмайман...

Дилобар Маматова

Манба: Uza.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шахмат ўйнаб ўзини овутадиган бошпанасиз одам қисмати