«Майда балиқ»ларни ушлаб коррупцияни енгиб бўлмайди. Бошқаларда қанақа?

  • 18 июнь 2019, 22:15
  • 1 353
  • Жамият
  • «Майда балиқ»ларни ушлаб коррупцияни енгиб бўлмайди. Бошқаларда қанақа?
    Сўнгги 3-4 кун ичида интернет нашрлари ва ижтимий тармоқларда коррупцияга қарши курашиш борасида амалдорларимизнинг турли сўзлари айланиб юрибди. Кўтарилган масалалар орасида ўлим жазоси, диндан фойдаланиш ва ҳоказолар бор. Афтидан ҳамма футбол ўйнаяптию, лекин гол уриш нияти йўқ. Майда балиқларни ушлаш, баландпарвоз баёнотлар билан коррупцияни енгиб бўлмайди ва бунга халқни ишонтириш ҳам қийин. Ва энг муҳими, коррупцияга қарши кураш ўзимиз, ўзбекистонликлар учун қилиниши керак, инвестиция, рейтинглар учун эмас, дейилади «davletovuz» каналида.

    Одатда коррупцияга қарши курашиш иккита асосга эга бўлиши керак: халқ ишончи, қўллаб-қувватлови ҳамда сиёсий хоҳиш. Коррупцияга тоқатсизлик аҳоли турмуш даражаси ўсиши билан узвий кечадиган жараён бўлиб, назаримизда қуйидаги қатъий чораларни кўришни талаб қилади:

    Биринчидан, барча вазирлик ва идораларда коррупция ҳолатини текширадиган, ўрганадиган ва жиноий иш қўзғаш ваколатига эга ҳамда тўғридан-тўғри давлат раҳбарига бўйсунадиган махсус орган тузиш. Мазкур орган томонидан ўрганилган коррупцияга оид ҳар бир иш ўз вақтида жамоатчиликка маълум қилиб борилиши керак. (Гонгконг, Сингапур).

    Иккинчидан, коррупциявий жиноятларда мансабдор шахслар ва давлат хизматчиларига нисбатан айбсизлик презумпциясини бекор қилиш. Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш), 212-моддаси (порага воситачилик қилиш)ни бекор қилиш ёки маъмурий жавобгарликка ўтказиш. Берган ҳам, воситачилик қилган эмас, пора олган жазолансин. Пора олинмаса, демак, пора берилмайдиям. Бу, ўз навбатида, коррупцияга қарши кураш деганда, турли йўллар билан пора беришга ундаш ва уларни телевизор орқали кўрсатиб, коррупцияга қарши курашилмоқда, деган ёлғон тасаввурларни тўхтатади.

    Учинчидан, Ўзбекистон жиноят қонунчилигига БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги конвенцияси 20-моддаси (ноқонуний бойлик орттириш)ни имплементация қилиш, жавобгарлик белгилаш. Бу ўз-ўзидан давлат хизматчилари, уларнинг оила аъзолари даромадларини декларациялаш тизимини жорий қилиш ва жамоатчилик учун эълон қилишни кўзда тутади. Шунда уйи, чет элда дам олиши ёки тўлаётган кредити суммаси ва бошқа даромадларининг келиб чиқишини исботлай олмаса, демак, ўз-ўзидан коррупция сифатида баҳоланиши керак. Ойлиги 5-6 миллион сўм, лекин 150-750 минг долларлик ҳашаматли уйларда яшайдиган амалдорлар анча типирчилаб қолар эди.

    Тўртинчидан, чинакам очиқ маълумотлар порталини яратиш. Унда давлат ва маҳаллий бюджет орқали тўланадиган барча битимлар ҳақида батафсил маълумотлар, кўчмас мулклар реестри, мансабдор шахслар даромадлари, улар қабул қилган совғалар, бюджет буюртмаларини бажарган барча юридик шахслар, уларнинг бенифицарийлари ҳақида тўлиқ маълумот жойлаштириш, ундан фойдаланиш мақбуллигини таъминлаш керак бўлади. (Словения. Дарвоқе, қуйидаги суратда словениялик амалдорлар томонидан олинган совғалар ҳақида маълумот берилган: ким олган, нархи қанча, нима учун берилган, бевосита ёки билвосита олган ва ҳк).

    Албатта, буларнинг барчаси шахсий фикр (ёки таклифлар).

    » » «Майда балиқ»ларни ушлаб коррупцияни енгиб бўлмайди. Бошқаларда қанақа?