Қиз берганнинг тили қисиқми? (Яна бир қотиллик ҳақида)

  • 18 июнь 2019, 23:00
  • 2 577
  • Жамият
  • Қиз берганнинг тили қисиқми? (Яна бир қотиллик ҳақида)
    Бу жафокаш дунё нималар кўрмади? Талотўп урушлар, қирғинбарот, қон талаш-жон талашлар... Нималар рўй бермасин, инсоният яшашга, яшаганда ҳам яхши яшашга интилиб келди. Неча асрлар ортда қолди. Биламиз, ҳали-ҳамон тинчликталаб, биргина хотиржамлик истаганлар, шунгагина умидвор яшаётганлар бор...

    Шукрки, биз жаннатмакон юртда туғилдик. Туғилгандаки, тинчлик-осойишталик, тараққиёт сари илгарилаётган обод ошёнда ёруғ олам кўрдик. Биздан талаб битта: ҳалол бўл ва истаганингча яша!

    Минг афсус! Ана шуни-да уддалай олмаётган замондошларимиз ҳам борки, бой берилган ўкинчлар, надомадлар гувоҳимиз.

    Чуст туманида содир бўлган ваҳшиёна фожиа сабабчиси ҳам ана шундайлардан эди. Қирқни ҳатлаган бу шахснинг асл иллати — боқимандалиги эди.

    Оила, турмуш, фарзандлар саодати йўлидаги эр киши тиним билмайди, аслида. Бу эса ҳар кунининг файзиёблиги асоси.

    ...Уйда ётиб зериккан Мансур Очилов (исм шарифлари шартли ўзгартирилган) кўчага чиқаркан, ҳаммаҳалла оғайниси билан лаққиллашиб, гап ичкиликка қадалди. Нафс жилови қўлдан кетди. Ичкилик бўлди.

    Рўзғор учун отасидан пул олиб бозордан келган аёл эрининг туришидан аччиқланди. Аммо гапирмади, чунки унинг феълини биларди.

    Улар ўртасида қисқа суҳбат кечди.

    Эр: «Ўн минг сўм орттириб келдингми?».
    Аёл: «Йўқ, орттиролмадим!»

    Шугина гап бир инсон умрига зомин бўлди.
    Бозорлик пулидан «иқтисод» қилмаган аёл хўрланди, калтакланди.

    Аёл отасини чақиртирди.
    «Эркак бўлиб бир рўзғорни эпламаган эр хотин урарканми?!»

    Бу тахлит таъна куёвга ёқмади. Боз устига у ширакайф, аламзада эди. «Сўз жанги» бориб калтакбозликка ўтди.

    Куёв кучли. Қайнота кекса, ожиз. Отасининг юз-кўзи, бошига куракча билан тушаётган зарбалардан юраги ортига тортган аёл эрининг қўлига ёпишиб, куракчани тортиб олди. Аммо эр ҳали ҳовридан тушмаганди. Ошхонага югуриб болта билан қайтди. Ҳоли қуриган, қўрқиб кетган қайнота қоча бошлади. Бироқ йўл-йўлакай қоқилди. Важот билан етиб келган куёв болтани қайнотанинг боши узра кўтарди...

    ...Озодликнинг қадри, ҳаётнинг орқа томони – темир панжара ортида. Буни айни ўша кундан ҳис эта бошлаган Мансур Очилов суддан енгиллик сўраб зорланди.

    Ширингина турмуш, меҳнат, ҳалол ва тотли ризқ кўз олдидан ўтган бўлса, не ажаб?!

    Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди раиси Д.Камилов раислигида ушбу қотиллик жинояти ҳар томонлама ўрганиб чиқилиб, мавжуд далилларга қайта-қайта аниқлик киритилган ҳолда куёв Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми «в, ж» бандлари билан айбли деб топилиб, 12 йил озодликдан маҳрум қилинди.

    Кўпинча, шундай қотилликлардан кейин бошқалар томонидан туппа-тузук оиланинг фарзанди эди, деган гапларни эшитамиз. Ҳа, атрофимиздаги деярли барча оилалар туппа-тузукка ўхшаб кўринади. Бироқ, туппа-тузук оиланинг фарзанди бундай мудҳиш қотилликка қўл урмайди. Кўплар туппа-тузук деб ўйлайдиган оилада қандайдир «мурват» ишламайди ёки нотўғри «бураб» қўйилгандай. Бу оилаларда эрнинг хотинга, болаларга муносабати қандай?

    Яна бир гап: бизда кўплаб жамоатчилик ташкилотлари мавжуд. Маҳалла, Нуроний, «Оила» маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи.... Улар шу каби нотинч оилаларнинг ичига кириб боролмаяптими? Қолаверса, маҳалла фуқаролар йиғини томонидан судланувчига бериладиган тавсифномани, ҳатто қасддан одам ўлдирган инсонга ҳам ижобий қилиб бериш ҳолатлари ҳамон учрамоқда. Шу асосларга кўра, суд судланувчи истиқомат қилувчи маҳалла фуқаролар йиғинига нисбатан хусусий ажрим чиқарди ва туман ҳокимлигига юборди.

    Хуллас, қайнотасини ўлдирган куёвга ўқилган ҳукм уни панжара ортига равона қилди. Биз истисно тарзда демоқчимиз: боқимандалик, ялқовлик эр кишини ожиз этувчи хавфдир. Бундан-да кучли хавф эса бефарқликда!

    Акрамжон Арипов,
    жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди бўлим бошлиғи

    Манба: Xabar.uz

    » » Қиз берганнинг тили қисиқми? (Яна бир қотиллик ҳақида)