06:35 / 19.06.2019
3 104

Самарқанд тўлиқ туризм шаҳрига айлантирилади. Ҳокимлик ва ташкилотлар бошқа ерга кўчирилади

Самарқанд тўлиқ туризм шаҳрига айлантирилади. Ҳокимлик ва ташкилотлар бошқа ерга кўчирилади
Фото: Бахтиёр Мустанов
18 июнь куни Самарқанд вилоят ҳокимлигида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ва журналистлар ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда вилоят ҳокими сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқ ва интернет сайтларида Самарқанд билан боғлиқ турли гап-сўзларга ойдинлик киритиш ҳамда келгусида амалга ошириладиган ишлар юзасидан маълумот бериб ўтди.

– Биз оммавий ахборот воситалари билан яқин алоқада бўлишимиз керак, дея сўз бошлади Эркинжон Турдимов. – Туман ва шаҳар ҳокимларига журналистлар учун ҳеч қандай тўсқинлик қилмасликни, улар учун барча эшиклар очиқ бўлиши ҳақида кўрсатма берамиз. Қолаверса, сайёр қабуллар ҳам ташкил қилиб, ҳафтанинг пайшанба ва якшанба кунлари туман ҳокимлари ва давлат ташкилоти раҳбарларининг телевидениеда чиқиш қилишини белгилаб қўйганмиз.

1870 йилда қурилган Университет хиёбонида аҳолининг маданий дам олишини мазмунли ташкил этиш мақсадида 1400 метр узунликка эга бўлган хиёбоннинг 180 метрида ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

– Йил бошида Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ва бошқа масъул кишилар Туркиянинг Анқара шаҳрига хизмат сафарига бориб у ерда истироҳат боғлари ва хиёбонлар ташкил этиш, сақлаш бўйича тажриба ўрганиб келди. Ўз навбатида туркиялик мутахассислар Самарқандга келиб, ўз таклифларини билдирди.

Шу асосида Университет хиёбонининг асл қиёфасини сақлаган ҳолда унга замонавий қиёфа бериш, аҳоли ва меҳмонлар ҳордиқ чиқарадиган кўркам масканга айлантиришга бел боғладик. Биз хиёбонни қиёфасини ўзгартирмаган ҳолда ободонлаштириш ишлари олиб борилади. Хиёбондаги ҳар бир дарахт алоҳида рақамланиб паспортлаштирилади, — дейди Эркинжон Турдимов.

Хиёбонда асосан коммуникация тизими тўлиқ янгиланади. Йўлаклар замонавий кўринишга эга бўлади. Тарихий кўринишга мос ўриндиқ ва ёритиш чироқлари ўрнатилади. Хиёбон ўртасидаги асосий йўлакка гранит тош терилиб, икки четдаги ҳозирги қумли йўлаклар ўрнида резинадан югуриш йўлакчалари ташкил этилади. Ҳудудда фойдаланилмай турган насос станцияси ўрнида замонавий ҳожатхона қуриш режалаштирилмоқда. Лекин бу борада ҳали якуний қарорга келингани йўқ. Энг яхши таклифлар ўрганилмоқда. Фаввораларни реконструксия қилиш кўзда тутилган.

Шунингдек, хиёбонда ушбу маскан ким томонидан, қачон ташкил этилгани ва бошқа маълумотлар акс этган лавҳа, шаҳарнинг бош режаси ва соат жойлаштирилади. Шунингдек, Wi-Fi ҳудудлар ташкил этилади. Хиёбондаги ободонлаштириш ишлари босқичма-босқич амалга оширилади. Хиёбоннинг дастлабки 180 метр қисмидаги ишлар якунлангач, кейинги қисмга ўтилади.

Учрашув давомида Эркинжон Турдимов шаҳарнинг бошқа ҳудудларида ташкил этиладиган, ободонлаштириладиган истироҳат боғлари ва хиёбонлари ҳақида ҳам маълумот берди. Хусусан, жорий йилда Сўғдиёна масканидаги ва Огаҳий маҳалласидаги хиёбонлар ҳам замонавий кўринишда ободонлаштирилади. Кимёгарлар шаҳарчасида янги истироҳат боғи ташкил этилади. Шаҳарнинг янги ташкил этилган Қорасув массивида ҳам истироҳат боғи ва стадион барпо этилади.

– Алишер Навоий кўчасини ҳам туну кун пиёда сайр қилиш мумкин бўлган масканга айлантирамиз. Кўчанинг икки тарафида шунга мос хизмат кўрсатиш нуқталари, кўнгилочар масканлар ташкил этилади. Бу кўчанинг ҳам тарихий қиёфаси сақлаб қолинади. Самарқандни тарихий жозибасини сақлаган ҳолда сайёҳлик марказига айлантирмоқчимиз, — дейди Эркинжон Турдимов.

Вилоят ҳокимининг таъкидлашича, Самарқанд шаҳрининг 1123 гектар ер майдони тарихий, 1369 гектар ер майдони буфер зона ҳисобланади. Келгусида шаҳарда катта ўзгаришлар амалга оширилади. Шаҳарнинг тарихий қисмида сайёҳлар учун барча шарт-шароитлар яратилади. Вилоят ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар янги қурилаётган шаҳарга кўчирилади.

– Биз босқичма-босқич шаҳарнинг инфраструктурасига ўзгартириш киритиб борамиз. Айни пайтда Қорасув массивида 14–16 қаватли уйлар қурилиш ишлари бошланган. Келгусида 30 қаватли бинолар ҳам қурилади. Сўғдиёна массиви ва Кимёгарлар қўрғонини боғлаб турувчи 6 километрли Нарпай кўчасида ҳам янги кўп қаватли уйлар қурилади.

Шунингдек, Самарқанд туманининг катта магистрал йўли бўйлаб Нуробод туманига кетиш йўлида ҳам янги уйлар қурилади. Вилоят ҳокимлиги ва ташкилотлар шаҳарнинг тарихий қисмидан ана шу ҳудудларга жойлашади. Шаҳарнинг тарихий қисмида автомобиллар қатнови камайтирилиб, тезликни 30 километр соатдан оширмайдиган қилиб қўямиз. Албатта, бу ишлар босқичма-босқич амалга оширилади, — дейди Эркинжон Турдимов.

Маълумотларга кўра, ўтган йил Самарқандга 355 минг сайёҳ келган. Бу йил 510 мингга яқин турист келиши кутилмоқда. Тарихий ва буфер зоналарда 9500 та турар жой, 1200 та нотурар жой объектлари бор. Ҳозирда шаҳарнинг бош режасини ишлаб чиқишда бу жиҳатлар инобатга олинмоқда.

Эркинжон Турдимовнинг таъкидлашича, Самарқанд шаҳрида 2022 йилда ўтказилиши режалаштирилаётган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити объектлари, шаҳардаги ариқлар атрофини ободонлаштириш, аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш сифатини ошириш масалалари юзасидан ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Самарқанд тўлиқ туризм шаҳрига айлантирилади. Ҳокимлик ва ташкилотлар бошқа ерга кўчирилади