19:43 / 14.09.2019
2 090

Ўзбекистон йил охирига қадар фуқаролар ва норезидентларга давлат облигацияларини харид қилишга рухсат беради

Ўзбекистон йил охирига қадар фуқаролар ва норезидентларга давлат облигацияларини харид қилишга рухсат беради
Фото: Dreamstime
“Ўзбекистон ўз фуқаролари ва норезидентлар учун давлатга тегишли қимматли қоғозлар бозорини очиш ниятида”-, дея хабар берди Kun.uz нашри Капитал бозорини ривожлантириш агентлигига таяниб.

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат томонидан Молия вазирлиги, Марказий банк ва агентликка йил охирига қадар қимматли қоғозларни жойлаштириш, муомала қилиш ва сўндириш тартибини мувофиқлаштириш ҳамда мамлакат фуқаролари билан бирга норезидентларга ҳам бундай қоғозларни харид қилиш имкониятини бериш вазифаси юклатилган.

“Биз (ҳукуматда бу масала юзасидан - таҳр.) бу мавзу бўйича узоқ баҳслашдик. Ҳамма бу қачондир амалга оширилиши кераклигини тушуниб турарди ва тезроқ бир фикрга келишга қарор қилдик” – деган суҳбатдош масала юзасидан.

Узоқ танаффусдан сўнг 2018 йил охирида Молия вазирлиги Марказий Банк билан биргаликда давлат қимматли қоғозлари билан боғлиқ операцияларни тиклаганди. Аммо амалдаги қонун бўйича уларни фақат Ўзбекистон резидентлари бўлган юридик шахслар харид қилиши мумкин.

“Бундай тартибнинг камчилиги шундаки, у харидорлар доирасини чеклаб қўяди. Бунинг натижасида иккиламчи бозор ва бу қоғозларнинг ҳақиқий бозор қиймати бўлмайди. Фикримизча, бу доирани кенгайтириш ортидан ликвидлик ҳам ошади. Бундан ташқари нарх капитал бозорига индикатор бўлиб хизмат қилади” – дея таъкидлади суҳбатдош.

Бир муддат олдин Ўзбекистон Марказий Банкининг аҳоли ва хорижий сармоядорларнинг мамлакат қимматли қоғозлар бозорига кириш имкониятидан хавотири мавжуд эди.

“Улар аҳоли бу масалада анча ҳимоясизлиги учун бундай қоғозларни сотиб олмаганлари маъқул, деб тушунадилар. Биз (агентлик - таҳр.) эса бу тубдан нотўғри деб ҳисоблаймиз, сабаби давлат облигациялари бозордаги энг ишончли қоғозлар бўлиши лозим. Агар биз аҳолига корпоратив облигациялар харид қилиш имкониятини яратсак, қандай қаралмасин улар давлат облигацияларига нисбатан кўпроқ таваккалчиликка асослангани аниқ бўлади. Биз аҳолини ҳимоялаш ниятидамиз, аммо энг ишончли қоғозларни уларга сотмаяпмиз” – деди агентлик вакили.

Kun.uz суҳбатдошининг таъкидлашича, бутун дунё бўйича давлат облигациялари таваккалчилик деярли йўқ бўлган қимматли қоғозлар ҳисобланади. Давлатнинг ўз мажбуриятларини бажармай қўйиш имконияти амалда нолга тенг. Бунинг учун давлат дефолт эълон қилиши лозим.

“Хорижий инвесторларга келсак, улар билан капитал ҳаракатини назорат қилиш бўйича хавотир бор эди. Бу хавотир ҳар бир давлатда мавжуд. Бизнинг вазифамиз амалдаги тартибларни имкон қадар шаффоф қилишдан иборат. Табиийки қандайдир чекловлар бўлиши керак. Капитал ҳаракати мутлақ эркин бўлиши мумкин эмас” – қўшимча қилган суҳбатдош.

“Энг муҳими – бу тартибни ишлаб чиқиш керак. У хорижий инвесторга тушунарли, имкон қадар универсал ҳамда барча ҳолатларни назарда тутадиган бўлиши лозим”, – дейилган агентликда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон йил охирига қадар фуқаролар ва норезидентларга давлат облигацияларини харид қилишга рухсат беради