21:54 / 11.11.2019
5 199

Эр дардида бир-­бирини туртиб сураётган қизлар ёхуд жосусни фош этган ўзбек мусиқаси...

Эр дардида бир-­бирини туртиб сураётган қизлар ёхуд жосусни фош этган ўзбек мусиқаси...
Афсуски, миллий тарихимизнинг қора кунлари, яъни XVII асрдан XX аср бошларигача сиёсий беқарорлик, диний жаҳолат касофатидан дунё техника тараққиёти ва жаҳон тамаддунидан хабарсиз қолдик. Маълум бир давр таназзулга юз тутдик.

Ҳа, Нил дарёси сатҳини ўлчаб бугун Миср тараққиётига ҳисса қўшган Фарғоний, “0” рақами орқали LG, SAMSUNG, NOKIA каби компанияларни маънавий қарздор қилган Хоразмий авлодлари поездни кўргач, “Темир махлуқ”, дея ҳайратланди.

Ваҳоланки, бу техника Берунийнинг аниқ геометрик формуласи, Фарғонийнинг аниқ физикавий қонуниятлари ҳисобига бунёд этилган эди.
Демак, ўз қобиғига ўралиб олган давлат, бошқа маданиятлар билан алоқаларни йўлга қўймайдиган жамият таназзул ва қолоқликка маҳкум.

XIX асргача самурайлар қиличидан бошқа қудратли куч йўқлигига ишонган Япониянинг кейинчалик “очиқ эшиклар сиёсати”ни олиб бориб, капитализм йўлини танлаганига дунё гувоҳ.

Бугун Ўзбекистон ҳам бозор муносабатларига асосланган очиқ фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлидан борар экан, дунё билан ҳамнафас яшаши шарт.
Фақатгина биз дунёдан оладиган турли маданият ва урф­одатлар миллий манфаатларимиз ва азалий қадриятларимизга зид келмаса бўлгани. Муҳими шу.

Ўзбек куйидан алаҳсираган жосус…
Европалик жосус Ўрта Осиё хонликлари тарихи ва ҳарбий салоҳиятини ўрганиш учун саройга ўрнашиб олган. Юриш-­туриш, қиёфа, хатти-­ҳаракат, имо-­ишорасидан ажратишнинг иложи йўқ. Ҳақиқий жосус. Қойил. Аммо бу қобилият ўзбек мумтоз мусиқаси олдида нақадар ожизлигини ҳис этганига манбалар гувоҳ.

Хуллас калом, муғаннийларнинг хониши, танбур (танани буровчи) ноласидан сарой аҳли бошини сарак­сарак қила кўзини юмиб олганда, қаердандир мусиқага мос равишда оёқ тепиб турган товуш эшитилади­-ю, жосуснинг сири очилади.

Нега очилмасин. “Эй ўғил ҳаддингда тут, отанг сани сотгандаям, инчунин мушфиқ онанг гаплари оғир ботгандаям” мисрасидан ота-­онаси олдидаги фарзандлик бурчи, шарқона руҳий тарбия, Ибн Сино асос солган мусиқа терапияни Ғарбдаги қайси мактабдан ўргансин?!

1935 йил Буюк Британияда “Жаҳон халқлари мусиқа фестивали”да Уста Олим Комиловнинг доира чалган панжаларидан ҳайратланиб, унинг панжаларидан гипсдан нусхаси олингач ҳозиргача Лондон музейида сақланаётган “Ўзбек доирачиси панжаси” ёдгорлигини қаердан билсин?

Бугун Бетховен, Моцарт, Бах мумтоз мусиқасига нари қилиб, оломон Париж саҳнасида Муножот Йўлчиевага қарата: “Мен фалаж эдим. Сизнинг қўшиқларингиздаги дард, мусиқангиздаги сеҳрли оҳанг билан тузалдим”, дея севинч ёшини тўхтата олмаган мухлиснинг мусиқий маданиятини қандай англасин?

Гул меники, эр меники…
“Келинчак томонидан гул отиш маросими амалга оширилди ва унда гулдастани келиннинг дугоналари илиб олишди”…
Кўз олдингга “Сен етим эмассан” фильмидаги нонга тўймаган болакайларнинг тарелкадаги нон бўлаклариям майли, нон ушоқларини ҳам териб еяётгани келади. Бу болаларку уруш пайти нонга тўймаган. Бу келин дугоналар-чи?

Азал-­азалдан халқимизда йигитларнинг оила қуриши ва оиланинг масъулиятини англаши учун кучли руҳий тарғиботлар амалга оширилади.
Мисол учун, келиннинг уйига борган куёв қўлига қанд­-қурс солинган белбоғ берилади. Куёв отган белбоғни илиб олиш учун куёвжўралар шунақанги тортишади­ки, бу маросим олдида кўпкари хижолат.

Белбоғни муштида маҳкам сиқиб олган йигитнинг онаси тўйхонада ғоздай керилади.
Керилади-­да, шунча йигитлар орасидан айнан унинг ўғли оила ризқу-насибаси учун бир умр курашиб яшашини исботлаб бергандан кейин.

Ғолибона назар солади­-да, девор панасидаги гўзал қизлар ўғлига зимдан қараб тургандан кейин.
Мағрурланади-­да, ёнидаги аёллар қани эди, шундай абжир, оилапарвар куёвим бўлсайди, дея орзу қилиб қиз ўстираётган онахонларга қарата: “Қизинг бўлса шундай йигитга берасан­-да”, дея баланд овозда гапиргандан кейин.

Ғарбда­-чи? Бугун Европа оилашунослари аҳоли демографик инқирозидан чиқиб кетиш учун қизларни оила қуриш ва фарзанд кўришга қизиқтириш билан овора.

Айтайлик, тўйхонада йиғилган омма олдида келин қўлидаги гулни орқага отади. Уларнинг тарғиботи бўйича гулни олган қиз турмушга чиқиши керак. Гулни илиб олиш учун қизларнинг қўлларини тепага чўзиб, эр дардида бир-­бирини итариб тепишаётган ўзбек қизларини кўрган Кумуш XXI асрда ҳаётда эмас, “Ўткан кунлар” китобида яшаётганидан хурсанд.

Соч ўрами бузилган, кўйлаклар бир аҳволда, гулни илиб: “Эр борми?” қабилида қўлларини баланд кўтарган қизнинг онаси тўйхона бурчагига яширинган.

Яширинади-­да, тумонат одам олдида қизи “Мана менман эрсираган. Уйланадиганинг борми?”, дея атрофга жавдираб тургандан кейин.
Қизаради-да, даврадаги аёлларга гап бермасдан қизининг хулқи, ҳатто ибосига фаришталар ҳасад қилишидек уйдирмаларни тўқиб турган бир пайтда аёлларнинг “Узр, опажон. Ана у гул кўтариб турган тасқарани айтяпсизми?”, дея мот қилганидан кейин. Агар шундай аёллар тўйхонада бўлса?!

Бошини эгиб туради-­да, никоҳ маросимида мулланинг “Фалончи қизи, ўзингизни фалончига тан маҳрамликка берасизми?” сўровига худди­-ки уялиб бош қимирлатиш “саҳнаси”ни ўргатган она бугун қизининг тўйхонадаги томошасидан кейин.
Ўйлаб қоласан, бугун баъзи тўйлардаги гул отиш лавҳаларини жамлаб кино ишласа бўлади. Фақат кинонинг номи “Сен етим эмассан” эмас, балки “Сен эрсиз эмассан, тинчлан жигарим!”

Ўзбек ошпазининг фаросати …
Москвадаги “Казан” (Қозон) ресторани бош ошпази Ҳаким Ғаниевнинг ярим тонналик норин таоми тайёрлагани учун “Гиннесс рекордлари” китобига киритилганидан хабар топган хорижий журналистлар марғилонлик ошпазни мот қилишмоқчи бўлишди.

– Ҳаким ака, табриклаймиз. Москвада ошхона очиб, яна бунинг устига, “Гиннесс рекордлари” китобига киришингиз, бу – бахт. Лекин бир савол бор?
– Марҳамат!
– Сиз ҳар доим интервьюларда “Биз ўзбекларда ўнг қўл билан таом ейди. Ўнг қўл билан барча ишлар бажарилади. Оёқ кийим ҳам ўнг оёқдан кийилади. Фақат ҳожатхонада чап қўл ишлатилади”, дея айтиб келасиз. Унда нега бугун норин учун қўйнинг чап оёғидан фойдаландингиз?

Биз дунёда “Fastfood” брендини кашф қилдик, дея чираниб, ҳатто миллий таоми бўлмаган баъзи давлатлар қўй ўзининг оёғига ётгани учун унинг гўшти ер захидан бузилмаслиги, шунинг учун қўйнинг таъми бузилмаган чап оёғидан фойдаланишини қаердан тушинсин?!

“Биз дунёга гигиена олиб келдик, унитаз, туалет қоғози олиб келдик“, дея чиранаётган Ғарб аслида Ибн Синонинг ўлат, зотилжам, вабо касаллиги ялмоғизлар супургисидан эмас, ҳаво, каламушлар орқали юқишини қаердан билсин?

“Дастурхон учун тиш кавлагич, санчқи яратдик, овқатдан сўнг ҳўл сочиқ (влажная салфетка)“, дея керилаётган шоввоз аслида “Қарисан, қартасан, асл зотингга тортасан” шиорига амал қилиб, уйқудан уйғонган заҳоти қўл­юзини ювмасдан кофе дамлаб ичмасди.

Хулоса ўрнида, бугун ана шундай “оммавий маданият” сарқитлари борки, на миллий қадриятларимиз, на миллий урф­-одатларимизга тўғри келади. Улар шунчаки, пайванд қилишга ярамайдиган бошқа боғнинг касалманд новдаларига ўхшайди.

Ота­-боболаримиз айтишича, кўчатга пайванд қилинган новда агар мева берса, унинг данагидан кўпайтириб бўлмас экан. Сабаби, илдизи мустаҳкам ниҳолга пайванд қилинган новда илдизсиз экан.

Мабодо, касалманд новдалар хонадонимиз боғида ўсиб чиққудек бўлса, интернет, телефон, телевизорни ўчириш эмас, балки “тафаккур қайчи”мизни қўлга олсак бўлгани…
Жонибек Шуҳратов

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Эр дардида бир-­бирини туртиб сураётган қизлар ёхуд жосусни фош этган ўзбек мусиқаси...