date

Манзил колониядан қочган маҳкум вояга етмаган қизга тажовуз қилди

Манзил колониядан қочган маҳкум вояга етмаган қизга тажовуз қилди

Тошкент вилояти, Оҳангарон туманида жойлашган 50-сон манзил колониясидан қочган маҳкум вояга етмаган қизга нисбатан жиноят содир этгани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.

Маълумотларга кўра, 31 ёшли маҳкум 16 октябрь куни “П.Б.” корхонасида меҳнат фаолиятига жалб этилган пайтда ҳеч кимга билдирмасдан манзилни тарк этган. Кейинчалик у 3-синфда ўқиётган қизалоққа нисбатан жинсий тажовуз қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси Тезкор-қидирув хизмати тарқатган маълумотда айтилишича, ушбу шахс 2018 йилда Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми — 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш жинояти бўйича ҳукм қилинган. Унинг жазо муддати 2033 йилгача белгиланган бўлиб, 2024 йил август ойида жазонинг қолган қисмини ўташ учун манзил колонияга ўтказилган.

Ички ишлар Бош бошқармаси матбуот котиби маълум қилишича, ҳозирда ушбу шахсга нисбатан янги жиноят иши қўзғатилган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисми — “жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш” банди бўйича айблов қўйилган.

Маълум бўлишича, жиноят содир этган шахс маҳаллий аҳоли ёрдамида даладан ушлаб олинган. Қонун ҳимоячилари уни процессуал тартибда қўлга олган ва қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ишлари олиб борилмоқда.

Ички ишлар органлари ҳодиса бўйича барча ҳолатларни аниқлаш устида ишлаяпти. Шу билан бирга, жиноят қурбони бўлган қизалоқнинг аҳволи ҳақида расмий маълумот ҳали эълон қилинмаган.

Ҳодиса жамоатчилик орасида катта қизиқиш уйғотди. Кўплаб фойдаланувчилар жазо муассасаларидан қочиш ҳолатларига қатъий назорат ўрнатиш ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш зарурлигини таъкидламоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Манзил колониядан қочган маҳкум вояга етмаган қизга тажовуз қилди